Меню

Қашқадарё

22.11.2024 77

Ярмаркада янги истиқболли лойиҳалар учун замин ҳозирланмоқда

Бугун Қарши шаҳрида бошланган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида нафақат Ўзбекистон, балки бир қатор хорижий мамлакатларнинг ҳам нуфузли фирма ва компаниялари фаол иштирок этмоқда.

Илгари хабар берганимиздек, ярмарка Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда рақамли трансформация маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноати каби соҳаларни қамраб олган. Унда “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат”, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятлари ҳамда “Ўзэлтехсаноат” ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмалари вакиллари, уларнинг маҳалий ва чет эллик ҳамкорлари, кўплаб тадбиркорлик субъектлари қатнашиб, ўз маҳсулот ва лойиҳаларини тақдим этишмоқда ҳамда янги лойиҳалар учун замин яратишмоқда.

- Жамиятимиз томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналар эҳтиёжи учун турли хил юқори қувватли нефть-газ ускуналари, шу жумладан, иссиқлик алмашгичлар, яъни теплообменниклар, адсорбер ва абсорберлар, турли ўлчамдаги сиғимлар, сепараторлар, резервуарлар, бошқа асбоб ва жиҳозлар етказиб берилади, - дейди “Ўзбеккимёмаш заводи” акциядорлик жамияти бош директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Алишер Рустамов. – Ярмаркадаги кўргазмали стендимизда ушбу ускуналарнинг айримлари асл ҳолида, баъзилари эса кичрайтирилган макетлар кўринишида намойиш этилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳат – биз соҳа корхоналарига чет элдан импорт қилинадиган ва ҳар бирининг қиймати 1 минг доллардан 200 минг долларгача бўлган шарли кранларни тўлиқ тиклаш хизматини йўлга қўйганмиз ва бугунги тадбирда, хусусан, бу йўналиш бўйича ҳам кўплаб шартнома ва келишувлар имзоламоқчимиз.

- Роппа-роса 20 йилдан буён Ўзбекистондаги нефть-газ саноати корхоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз, - дейди Украинанинг Харьков шаҳридаги “Турбогаз” хусусий акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Елена Петухова. – Ўшанда компаниямиз томонидан вилоятингиздаги Кукдумалоқ кони учун турбодетандерлар ишлаб чиқарилиб, етказиб берилганди. Умуман олганда эса ўтган 20 йил ичида Ўзбекистонда 55 та агрегатимиз ишга туширилган. Ўзаро алоқаларни кенгайтириб, ўзбекистонлик ҳамкорларга янада кўпроқ детандер-компрессор, детандер-генератор ва нефть-газ саноати ҳамда энергетика соҳаси корхоналари учун мўлжалланган бошқа асбоб-ускуналар ва инновацион технологияларни етказиб бериш учун яқинда Тошкентда эксклюзив ваколатхонамизни очдик ва у орқали агрегатларга техник хизмат кўрсатиш ҳажмини ҳам оширишни мақсад қилаяпмиз.

Қарши шаҳридаги ҳудудий саноат ярмаркасида 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўзларининг 1000 дан ортиқ маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Улардан бири – “Muborak Karakul Cluster” масуълияти чекланган жамияти директори Олим Оқмаматов ўтган йилнинг охирида ҳудудда йирик ва майда шохли моллар терисини қайта ишлаш бўйича истиқболли лойиҳа амалга оширилганини маълум қилиб, тез орада Беларусь ва Туркияга хом тери (вет блю)нинг дастлабки партиялари экспортга ҳозирлаб қўйилганини билдирди.

Янги маҳсулотлар тақдимотини ўтказишар экан, Деҳқонобод туманидаги “Agrotorg” хусусий корхонасининг иш юритувчиси Анвар Жумаев маҳаллий ҳом ашё – доломит тошидан ишлаб чиқарилган замонавий энергия тежовчи қурилиш материали – термотравертинни намойиш этиб, унинг устунлик жиҳатлари ҳақида батафсил гапириб берди, “Kifti-ob dori-darmon” МЧЖ технологи Урал Тўраев эса истеъмолчиларга “Anor farm”  бренди остида етказиб берилаётган биологик фаол қўшимчаларнинг хусусиятларини тушунтирди.

Бу йил Қарши шаҳрида ўтказилган анъанавий ҳудудий саноат ярмаркасининг олдинги шу каби тадбирлардан кескин фарқи унда Қашқадарё туризм салоҳиятини кўрсатиб берадиган алоҳида стенднинг ўрнатилиб, бунга уйғун равишда турли фольклор-этнографик жамоалар чиқишлари уюштирилгани ва  ҳунармандларнинг кўргазмаларига ҳар доимгидан-да кенг жой ажратилганидадир.

Ранг-баранг экспозицияда ярмарка иштирокчиларига вилоятимиздаги туристик объектлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, соҳа инфратузилмаси кенг таърифланди. Масалан, бошқарув компанияси Туркияда жойлашган халқаро Reikartz меҳмонхоналар тармоғи вакиллари Анастасия Хозлова ва Азиз Садуллаев яқинда Қаршида очилган Reikartz отелида бизнесменлар учун яратилган шароитларга тўхталган бир пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоатчилик кенгаши раиси Лобар Абдулажанова ярмаркага ташриф буюрганларнинг эътиборини жамият тизимидаги корхоналар ходималари томонидан ишдан бўш вақтда яратилган ноёб буюмларга  қаратди.

Ҳудудий саноат ярмаркасининг асосий мақсади ишлаб чиқарувчилар ва давлат буюртмачиларининг ўзаро алоқаларини кенгайтириб, йирик корхоналар ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ва саноат кооперациясини йўлга қўйишдан иборат экан, бу борадаги музокаралар қизғин давом этиб, иштирокчилар ўртасида кўплаб битим ва келишувлар тузилмоқда.

Эртага ярмарка доирасида “Made in Kashkadarya” кўргазмаси ташкил этилиши ва унга “Kashkadarya invest-2024” халқаро бизнес-форуми иштирокчиларининг ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган сурат

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!