Меню
Қашқадарё
ЯРИМ ЙИЛДА ҚАШҚАДАРЁЛИК ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР 45 ТА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТГАН
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Умид Яхшиев, мазкур бошқарма бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Халилов, катта инспектор Носир Назаровнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган тадбирлар ва уларнинг натижалари, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қилинган ишлар бўйича маърузалари тингланди.
Қайд этилганидек, 2017 йил 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланган камчиликларни бартараф этиш ва белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, халқнинг муаммосини эшитиш ва жойида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида бугунги кунда ички ишлар органлари, хусусан, профилактика инспекторлари зиммасига катта масъулият юкланди.
Айтиш жоизки, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли кўрсатмаси билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида янги амалиёт, яъни ҳар бир содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни ҳокимлик, прокуратура ва жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарлар ёки жиноят содир этган шахслар яшайдиган манзилларда муҳокама этиш йўлга қўйилди.
Ўтган ҳисобот даврида 5920 нафар шахс олиб борилган профилактик тадбирлар давомида тузалиш йўлига кирганлиги сабабли профилактик ҳисобдан чиқарилди. Бевосита профилактика инспекторлари томонидан 585 та жиноят фош этилган бўлса, айнан уларнинг хизмати билан 62 нафар қидирувда юрган шахслар ушланиб, суд ва тергов органларига топширилди. Шунингдек, фуқароларда бўлган ноқонуний қуролларни топширишга ундаш бўйича ўтказиб келинган тушунтириш ишлари натижасида 108 та қурол олинишига эришилди.
Маҳаллаларда оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган яраштириш комиссияларига 1928 та ҳужжат юборилди. Муҳокамалар асосида 1013 та оиладаги нотинчликларга барҳам берилди ва 422 та оила ажрашиб кетишининг олди олинди.
Жиноят содир этишга мойил аёлларнинг оилаларига жамоатчилик вакиллари билан борилиб, уларнинг яшаш шароитлари, турмуш тарзи ўрганилди, иш билан банд бўлмаган аёлларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Ўтган даврда 965 нафар аёл ўқув марказларига юборилиб, тадбиркор аёлларга бириктирилди.
Ҳозирги кунда 534 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобда бўлиб, 94 нафари мактаб, 424 нафари касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, 16 нафари ишламасдан, ўқимасдан юрган вояга етмаганлар, шундан 169 нафари қизлар экани бу борадаги ишларни тубдан яхшилаш, ҳамкор ташкилотлар масъулиятни ҳар қачонгидан-да чуқурроқ ҳис қилиши лозимлигини кўрсатади. Чунки масала жиддий. Вилоятда 6 ой давомида вояга етмаганлар томонидан 45 та жиноят содир этилгани, бу жиноятлар таснифи бўйича ўғирлик, талончилик, номусга тегиш, қасддан баданга шикаст етказиш, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш экани муаммонинг кўламини кўрсатиб турибди.
Тадбирда ана шу масалалар хусусида атрофлича маълумотлар берилди, ҳамкорликдаги ишлар юзасидан фикрлашиб олинди.
Б.САЙФИЕВ