Меню
Қашқадарё
ЯРИМ ЙИЛДА 66 ТА ЖИНОЯТ
Кўриб турганингиздек, бу кичик рақамлар эмас. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Тадбирларда жойларда содир этилган жиноятлар, уларни келтириб чиқарган сабабларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳушёрлигини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Прокуратура органлари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар давомида кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, жиноятлар фош этилмоқда.
Мисолларга назар ташлайдиган бўлсак, 2017 йил 13 июль куни соат 15:00 атрофида Муборак тумани Қарлиқ қишлоғида яшовчи З.Бўриевнинг Ниёзхон қишлоғидаги дала майдонида ўтлаб юрган икки бош қўйи номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида ушбу жиноят Миришкор тумани Булуч қишлоғида яшовчи Ғовсиддин Субхонов ва Миришкор тумани Айзабод қишлоғилик Бердиёр Ражаббоев томонидан содир этилгани аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-модда 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида Қарши шаҳри ҳудудида ўғрилик билан шуғулланиб юрган 2 нафар жиноий гуруҳ аъзоси - Косон тумани Нартибаланд қишлоғида яшовчи А.Б. ва Ф.Ш. ушланиб, улардан далилий ашё сифатида бир дона қора рангли ноутбук, яшил кўзли тилла узук, аёллар тилла занжири, 200 АҚШ доллари холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, жиноят содир этиб, суд ва дастлабки тергов органларидан яшириниб юрган шахслар бўйича олиб борилган қидирув-суриштирув ишлари давомида олинган маълумотлар асосида қидирувдаги жиноятчилар ушланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Китоб тумани ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1964 йилда туғилган, Бухоро шаҳри Чорбакир кўчаси 55-уйда яшаган А.Пирназаров, Жиноят кодекси 140-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Косон тумани ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1976 йилда туғилган, Косон тумани Майдаёби қишлоғида яшаган О.Раҳматов, Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Қарши шаҳар ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1974 йилда туғилган, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Жалоир қишлоғилик А.Саидахматов қўлга олинди.
Ғузор туманида жазо муддатини ўтаётган, 1973 йилда туғилган А.Абдураҳмоновга нисбатан жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг 2016 йил 30 сентябрдаги ҳукмига асосан, ўталмасдан қолган 11 ой 3 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Маҳкум А.Абдураҳмонов жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган ва натижада жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судининг 2017 йил 3 августдаги ажримига асосан ўталмай қолган 6 ой 7 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Чироқчи туманида жазо муддатини ўтаётган, Чироқчи тумани Паканди қишлоғида яшовчи, 1983 йилда туғилган О.Шомуров Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2016 йил 25 октябрдаги ҳукмига асосан Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 30 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Маҳкум О.Шомуров тумандаги "Пардозчи-муҳандис" хусусий фирмасига ишга жойлаштирилган бўлса-да, у жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган. Шунга асосан жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2017 йил 20 июлдаги ажримига асосан ўталмай қолган 1 йил 7 ой 3 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
Китоб тумани Бештерак ҚФЙда яшовчи, 1982 йилда туғилган Х.Суюновга нисбатан эса жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судининг 2016 йил 12 декабрдаги ҳукмига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 2 йил синов муддати берилган. Бироқ маҳкум белгиланмаган жойларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган. Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судининг 2017 йил 20 июлдаги ажримига асосан ўталмай қолган 3 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Шунингдек, профилактика тадбирлари давомида Қарши тумани Почтон қишлоғида яшовчи, 1997 йилда туғилган М.Бахтиёрова Китоб тумани Ҳамид Олимжон МФЙ Амир Темур кўчаси 97/2-уйда фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланиб, унга нисбатан Китоб тумани маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддасига асосан 149 минг 775 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Деҳқонобод тумани Чаламазор қишлоғида яшовчи Б.Ж. эса махсус диний маълумоти бўлмай туриб, диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз ўз уйида фуқароларга диний таълимотдан сабоқ бериб келган. Оқибатда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1841 ҳамда 241-моддалари бўйича тўпланган ҳужжатлар чора кўриш учун туман судига юборилди.
Деҳқонобод тумани Оқработ ҚФЙ Чашмаиҳофизон қишлоғида яшовчи фуқаро М.Норқуватова христиан диний адабиётларини қонунга зид равишда сақлаб келаётгани аниқланиб, унга нисбатан Деҳқонобод тумани маъмурий суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1842-моддасига асосан жарима жазоси қўлланилди.
Деҳқонобод тумани ҳудудида жойлашган "Чак-чак" йўл-патруль хизмати масканида Тошкент-Термиз йўналишида ҳаракатланаётган "Нексия" русумли машина текширилганида, унда йўловчи сифатида кетаётган Наманган вилояти Янги Қўрғон тумани Истиқлол қишлоғида яшовчи фуқаро Б.Парпиевга тегишли қўл телефони хотирасида ҳар хил кўринишдаги диний мазмундаги дастурлар борлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, мазкур йўналишда ҳаракатланаётган "ВАЗ-2106" русумли транспорт воситаси текширилганда, йўловчи сифатида кетаётган, Наманган шаҳри Ўзбекистон маҳалласида яшовчи М.Ниёзов ва Р.Муҳиддиновга тегишли қўл телефонлари хотирасида диний мазмундаги материаллар борлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Деҳқонобод тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоятда одамлар гавжум бўлган жойлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар атрофида патруллик йўналишлари ташкил этилди. Ички ишлар идоралари ҳисобида турувчи ов қуролига эга шахслар билан ов қуролини сақлаш, олиб юриш, ов қилиш қоидалари бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Нишон тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида Гулистон маҳалласида яшовчи Эсонқул Мурзаяров эски молхонасининг деворини бузаётган вақтида топиб олган 1 дона, ИЖ русумли, 1 нилли ов қуроли ва 3 дона гилзани, Нишон ҚФЙда яшовчи Неъмат Панжиев эски ошхонасининг томини бузаётган вақтида дуч келган ТОЗ-8 русумли, 1 нилли ов қуроли ва 50 дона ўқни ўз ихтиёри билан топширди.
Деҳқонобод туманида эса Теракли МФЙ Ёнғоқли қишлоғида яшовчи, 1941 йилда туғилган Амир Раҳимов, Калта қишлоғида яшовчи, 1949 йилда туғилган Суюн Менглиев, Ёнғоқзор қишлоғида яшовчи, 1947 йилда туғилган Эгамберди Эшмуродов турли сабаблар билан хонадонида сақланиб қолган 2 нилли, 16 калибрли, "Б" русумли ўқотар ов қуролларини ўз ихтиёрлари билан топширишди.
Яккабоғ тумани Самоқ ҚФЙ Сероб қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Юсуф Очилов ҳам бобосидан қолган 16 калибрли ов милтиғининг 7 дона патронини ўз ихтиёрига кўра берди.
Профилактика тадбирлари доирасида ўтган ҳафта ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 64 та бино ва иншоот иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. 1162 та носоз электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди.
Ёнғин хавфсизлиги бўйича аниқланган носоз ер ости сув олгичлар ва таъмирталаб сув ҳовузлари бўйича ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа тааллуқли ташкилотларга 12 та тақдимнома киритилди. Муайян кўчалардаги 26 та сунъий тўсиқ олиб ташланди.
* * *
Белгиланган тартибга кўра, профилактика тадбирлари бугун ҳам барча ҳудудларда давом этади. Унинг қай даражада самарали ўтиши, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш даражаси фақат ички ишлар ходимлари эмас, жамиятимизнинг онгли ҳар бир кишисининг фаол фуқаролик позицияси ва дахлдорлик ҳиссига ҳам боғлиқ эканини унутмаслик лозим.
Элбек ТУРСУНОВ,
вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, капитан
Бекзод САЙФИЕВ,
"Qashqadaryo" мухбири