Меню

Қашқадарё

23.02.2021 1779

Ярамас ваҳмак, ногиронлиги бўлган аризачи аёл, амал қилмаган сертификат, "туя" бўлган моддий ёрдам ва чарчаган масъул

Бир шикоят изидан

 Одатда ўзини қийнаётган муаммо ёки ноҳақлик юзасидан ҳар ерга бош уриб, муроди ҳосил бўлмаган кишилар таҳририятлардан нажот излаб келади. Биз бунга кўникиб қолганмиз. Қўлимизда уларнинг масалаларини бевосита ечиб бериш ваколати бўлмаса-да, имкони борича - мурожаатчилар дардини жамоатчилик эътиборига ҳавола қиламиз.

 Навбатдаги мурожаат Чироқчи туманидан бўлди. Ҳудуддаги Ўзбекистон маҳалласида яшовчи фуқаро Нодира Раҳмонова бир ўхшатиш билан ифодалаганда, ўзини туянинг устида ҳам ит қопаётганидан чарчаган.

  "Оғир шароитда яшайман, ногиронлик нафақаси оламан. Бир нафар ўғлим ҳам ёшлигидан бетоб. Бу ҳам етмагандек, яшайдиган уйимизни ваҳмак (термит) ҳашароти босган. Зараркунандалар дастидан уч марта уйимиз қулаб тушди.

 2015 йилда Чироқчи тумани давлат санитария-эпидемиология назорат марказига термитларни йўқотиш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мутахассислар ўрганиб чиқишиб, ушбу ҳовлида уй қуриб, яшаб бўлмаслигини тушунтиришди, мавжуд иморатда яшаш хавфли эканлигини тасдиқлаб, ёзма равишда хулоса беришди. Шундан сўнг туман ҳокимлигига бош уриб бордим. Натижаси бўлавермагач, Президент порталига ёзишга мажбур бўлдим. Мурожаатим ортидан мутасаддилар келишиб, яшаш шароитимни кўришди. Менга Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли (оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида) қарорига асосан уй берилишини айтишди. Вилоят ҳокимлигида шунга оид сертификатни тантанали тарзда топширишди ҳам. Мана, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, уйдан дарак йўқ", дея ёзғиради у.

 Мурожаатчи яшайдиган манзилда бўлдим. Унинг дардларига яна бир бор қулоқ тутдим.

 - "Сертификат топшириш спектакли"дан кейинги қувончим узоққа чўзилмади, - дейди   Нодира Раҳмонова. - Туман ҳокимлигидаги масъуллар "Сенга хонадон берилмайди, шу     уйингни таъмирлаб берамиз", дейишди. Яна югурдим, бормаган жойим қолмади. Боз устига, тайинли бир ишга қўл уришмасдан яшаб турган хароба уйимни "қуриб бердик", дея расмийлаштиришди. Ваҳоланки, бир хонали уй пойдевори Равшан Комилов (туманнинг собиқ ҳокими) даврида қўйилиб, озроқ ғишт териб берилган эди. У киши бошқа ишга ўтгач, шу билан қолиб кетди.    

 Мурожаатчининг кейинги гапларидан аён бўладики, у мутасаддилар кўмагига кўз тикиб, ўзи қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Уйини созлаб олиш учун бор ҳаракатини қилиб юрибди.

 - Қирғиз қишлоғидаги ғишт заводи раҳбаридан ёрдам сўрадим. Бўлак - яримта ғиштлар бўлса-да ёрдам қилди, - дейди у. - Туман ҳокимлиги ёнидаги болалар боғчаси бузилаётганини эшитиб, у ердан чиққан эски ёғочларни ҳам ташиб келдим. "Маҳалла" хайрия жамоат фонди 21 та шифер учун ёрдам тариқасида пул ажратди. Маҳалламизнинг собиқ раиси Нодира опа "пулни сизга берсак, ишлатиб қўясиз. Шунинг учун ўз пластик картамга туширтириб, сизга шифер олиб бераман", деди. Мана, энди шифердан ҳам, пулдан ҳам дарак йўқ.

 Билишимча, Нодира Раҳмонова шу тарзда тўплаб қўйган қурилиш материаллари асосида туман ҳокимлиги юборган ободонлаштириш     бошқармасининг 4 нафар ишчиси  мутахассисларнинг "ушбу ҳовлида уй қуриб, яшаб бўлмаслиги" бўйича қолдирган хулосасига қарамай, чала қолган уйни қуриб беришган. Қайта мурожаатдан сўнг, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари "янги" уй бўйича ҳам яна шу каби хулоса берган.


Нодира Раҳмонованинг ногирон бўлиб қолишига бахтсиз ҳодиса сабабчи, уни 15 ёшида девор босиб қолган экан. Турмуш қурган, бироқ, боласига ҳомиладор бўлиб, муайян сабабларга кўра уйига қайтган. Тақдир тақозоси билан 1994 йилда дунёга келган ўғли ҳам касалманд бўлиб туғилган. Бир неча йиллар турли жойларда ижарада яшаб, кун ўтказган.


 Унинг иқрорлик билдиришича, ҳокимлик берган уй жиҳозларини ўғлини даволатиш учун сотишга мажбур бўлган. Маҳалла томонидан ажратилган моддий ёрдам пулини эса уч йил давомида Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўзлаштириб келганмиш.

 - Моддий ёрдам сўраб ёзган аризаларимга фақат рад жавоби олавергач, менда шубҳа пайдо бўлди, - дейди Нодира Раҳмонова. - Банкдан олган маълумотларимга кўра, ишонасизми, уч йил давомида менинг номимга моддий ёрдам пули узлуксиз чиқиб турган. Шу юзасидан назорат органларига ёзган мурожаатим асосида ҳолат фош бўлди. Лекин, шу тарзда суиистеъмол қилинган 6,2 миллион сўм маблағ фуқаролар йиғини раиси Т.Маҳматқулов ва масъул котиби С.Ашурова томонидан давлат бюджетига ихтиёрий равишда тўлаб берилибди. Чироқчи тумани прокуратураси текширган иш шу билан якун топди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш эса рад этилди, тамом. Бундан норози бўлиб, юқори ташкилотларга ёзишдан тўхтамаганим сабаб мени руҳий касалга ҳам чиқаришди...


Демак, ваъда қилинган уй ҳам, фақат қоғозда тўлаб келинган моддий ёрдам ҳам, маҳалла фонди олиб бермоқчи бўлган шифер ҳам, мурожаатларга қониқтирадиган даражадаги жавоб ҳам йўқ.


 Мурожаатчини обдан тинглаб, масалага иккинчи томоннинг муносабатини билиш учун Чироқчи тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулсора Сулаймоновани қидириб, ҳокимлик жойлашган бинога бордим, бироқ учрата олмадим. Бир амаллаб телефон орқали боғланганимда эса у киши "Обод қишлоқ" дастури юзасидан Шўрқудуқ қишлоғида эканлигини айтди. Истагимни билгач, "Бу аёл ҳақида маълумот беравериб чарчадим. Яна маълумот беришга жавобгар эмасман", дея телефонини шарт ўчирди-қўйди. Яна боғланиш борасида қилган ҳаракатлар эса зое кетди.

 Энди тафаккур қилинг, масъул ўзи фаолият олиб бораётган ҳудуд қамровида, айнан ўзига  юклатилган вазифа доирасида юзага келаётган муаммоларга шундай муносабатда бўлар экан,  туман фуқаролари юқорига ёзаётган аризалар оқими камаядими? Агар мурожаатчи ноҳақ бўлганда ҳам, Гулсора Сулаймоновами ёки бошқа бир масъулми, унга нафрату ғазаб билан муносабатда бўлса, ҳеч нарса ўзгармайди. Бўй кўрсатаётган шу каби муаммолар эса илдиз отиб кетаверади. Бинобарин, Янги Ўзбекистон бевосита ўз вазифаси доирасига кирадиган муаммоларни еча олмайдиган, масалага аниқ ва адолатли ёндашуви бўлмаган раҳбару масъуллар учун даврон майдони эмаслигини кўриб турибмиз. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

 Муаллиф олган суратлар.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!