Меню

Қашқадарё

19.11.2021 226

Япон суперкомпьютери тезлик бўйича дунёда тенгсиз

Барча асосий рейтинглар бўйича, жумладан, "Топ-500"да биринчи ўринни эгаллаган "Фугаку" дунёдаги энг тез ишловчи суперкомпьютерлар рўйхатида кетма-кет тўртинчи бор пешқадамлик қилаяпти.

ТАСС манбаси маълумотларига кўра, японлар яратган қурилма илк марта 2020 йилнинг июнида дунёдаги энг тез ишловчи компьютер сифатида тан олинган эди. Жорий йил март ойида эса "Фугаку" тўла қувватга ўтказилган. Рекордчи суперкомпьютер ишланмасини "Фудзицу" корпорацияси Япония табиий фанлар институти олимлари билан ҳамкорликда тайёрлаган.

"Фугаку" сониясига 442 квадриллион ҳисоблашни амалга ошира олиш қобилиятига эга. Бу кўрсаткич рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган Теннесси штати Ок-Ридж шаҳридаги АҚШ миллий лабораториясининг "Саммит" суперкомпьютери тезлигидан қарийб уч марта юқори. Рўйхатдаги учинчи поғонада америкаликларнинг яна бир суперқурилмаси - "Сьерра" жойлашган.

Айни вақтда "Фугаку" суперкомпьютеридан юздан ортиқ тадқиқотлар, жумладан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ  жабҳада, шунингдек, сунъий идрок ва об-ҳавони прогноз қилиш соҳаларида фойдаланилмоқда.

Суперкомпьютер номи - японлар учун муқаддас саналган Фудзи тоғи номларидан бирини англатади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!