Меню

Қашқадарё

08.09.2020 1564

Япон ёзувчиси китобига миришкорлик муаллим сўзбоши ёзди

Рюноскэ Акутагава (1892-1927) нафақат япон, балки дунё адабиётида муҳим ўрин тутади. У кўп яшамаган бўлса-да, тириклигидаёқ “адабиёт классиги” дея эътироф этилган. “Расёмон дарвозаси”, “Бурун”, “Дўзах азоби”, “Чакалакзорда”, “Генерал”, “Маъбудлар истеҳзоси”, “Эзгулик учун тўлов”, “Зулматдаги диалог”, “Тишли ғилдирак” каби ўнлаб асарлари жаҳон адабиётининг ўлмас хазинасига айланган. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун Акутагава миллий мукофоти таъсис этилган.

Эътиборлиси, Рюноскэ Акутагава асарлари биринчи марта ўзбек тилида китоб ҳолида нашр этилди. Тошкент шаҳридаги “Pravo-press” нашриёти 1000 нусхада нашр этган китоб “Ёлғизлик жаҳаннами” деб аталиб, асарларни истеъдодли шоира Ойдиннисо таржима қилган.

Китобдан буюк япон адибининг “Батат бўтқаси”, “А-ба-ба-ба-ба”, “Сув ости мамлакатида”, “Ўлчагич”, “Ёлғизлик жаҳаннами”, “Девонанинг ҳаёти” асарлари ўрин олган.

Аҳамиятли томони, мазкур китобга кириш сўзини миришкорлик ижодкор, тумандаги 22-мактаб директори Абдунаби Абдиев ёзган.

Сўзбошида Акутагава инсон қалби, табиати, ботиний олами, айниятига асосий эътибор қаратгани, мутолаадан сўнг инсон ким, характерининг ёрқин ва қоронғи томонлари қаерда, ёвузлик ва эзгулик хислатлари қандай пайдо бўлган, инсон қалбининг қайси қирралари мангу ва ўзгармас, нималар давр ва вақт тажассуми туфайли яралади, деган саволларга жавоб олишимиз ва ҳар бир инсон ўзига хос кичик бир дунё эканлигини англаб етишимиз ҳақида сўз боради.

Айтиш ўринли, Абдунаби Абдиевнинг япон адабиёти, хусусан, Рюноскэ Акутагава ижоди хусусидаги “Кунчиқар юрт жозибаси”,, “Даҳонинг сўнгги бошқотирмаси” каби мақолалари “Qashqadaryo” газетаси саҳифаларида эълон қилинган.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!