Меню

Қашқадарё

24.10.2024 492

ЯНГИЛИККА АСОСЛАНГАН ЛИБЕРАЛ FОЯЛАР - ТАРАҚҚИЁТ ТАЯНЧИ

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида мамлакатнинг барқарор тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлаш учун адолатли ва замонавий давлат барпо этиш, аҳоли учун қулай атроф-муҳит яратиш, шунингдек, ташқи сиёсатда иқтисодий дипломатияни кучайтириш муҳим йўналишлар сифатида белгиланган.

Адолатли бошқарув тизими фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилса, қулай атроф-муҳит эса уларнинг ҳаёт сифатини оширади. Бундан ташқари, иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи мустаҳкамланади ва давлатнинг ривожланиши учун янги имкониятлар яратилади.

 

Партия бу йўналишларнинг ўзаро боғлиқлигини эътироф этган ҳолда,  халққа хизмат қилишни устувор вазифа сифатида кўриб, мамлакатнинг барқарорлиги ва халқаро майдондаги муваффақиятига катта аҳамият қаратмоқда.

 

Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этамиз

 

Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, очиқ фуқаролик жамияти, қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларни қатъий давом эттириш бугунги кун талабидир.

 

Авваламбор, инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор йўналиши бўлиши керак, деган қатъий тамойилга таяниш - асосий вазифамиз бўлади.

 

Биз бюджет ташкилотлари харажатларининг шаффофлигини таъминлашда парламент ва маҳаллий Кенгашлар олдидаги ижроия органлари ҳисобдорлигини кучайтириш тарафдоримиз. Маҳаллий Кенгашни халқнинг чинакам овозига айлантириш ва ҳокимларнинг Кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши, масъулияти ва жавобгарлиги ошишини таъминлайдиган тизимни мустаҳкамлаймиз.

 

Партиямиз кейинги беш йилликда қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ҳамда илғор хорижий тажриба асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида қонунчиликни такомиллашитириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги "кўприк"ка айлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Бундан ташқари, аҳоли турмушини янада яхшилаш мақсадида "Ташаббусли бюджет"га бериладиган маблағларни 3 карра ошириш каби масалаларни илгари сурамиз.

 

Биз Янги Ўзбекистонда фуқаролар ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ҳамда суд бўлишини истаймиз. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиб, одил судловга эришиш учун барча имкониятларни сафарбар этамиз.

 

ЎзЛиДеП суд мустақиллиги тарафдори бўлган сиёсий куч сифатида мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган изчил ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Лекин, айрим партиялар томонидан айни йўналишда илгари сурилаётган таклифлар мақсадга етишни  ортга суриши мумкин. Масалан, Халқ демократик партияси ўртага ташлаётган вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларини ротация қилиш амалиётини жорий этиш   ташаббуси судлар мустақиллигига бевосита таъсир қилади. Яъни, мамлакатимизда нафақат судлар, балки судьялар ҳам мустақилдир. Уларнинг ротациясини амалга ошириш янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган судьялар мустақиллиги, фақат Конституция ва қонунларга бўйсунишларига оид нормага мантиқан тўғри келмайди. Судья мустақил бўла туриб, вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларини ротация қилишдан қандай маъно бор? Улар фақат Конституция ва қонунларга бўйсунадилар.

 

Биз илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, қонунчиликни қўллашда муайян суд иши бўйича чиқарилган суд ҳужжатини бошқа шу турдаги ишларга қўллаш имконини берувчи "суд прецеденти ҳуқуқи"ни амалиётга жорий этиш айни муддао, деб ҳисоблаймиз. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янги босқичга олиб чиқмоқчи бўлсак, суд прецедентини тезроқ амалда қўллашимиз лозим. Бунинг вақти келди.

 

Шу билан бирга, жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имкониятини бериш чораларини кўрамиз. Бу билан узоқ давом этиши мумкин бўлган жиноят процессини олдини олишга эришамиз.

 

Жиноят содир қилган шахслар келгусида тузалиш йўлига ўтиши учун муқобил жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари кенгайтирилиши жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

 

Иқтисодий жиноятлар бўйича гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имконияти яратилади. Бу масалада  айбланувчи ёки ҳимоячи томонидан судларга эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилади.

 

Ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш стандартларини жорий этиш орқали уларни халқ кўз ўнгида том маънода ҳимоячига айлантирамиз.

 

Барча соҳаларда шахсга доир маълумотлар билан ишлаш талабларини кучайтирамиз. Пировард мақсадимиз - фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш, мулки ва маблағларини фирибгарлар, айниқса, тобора бўй кўрсатаётган кибержиноятчилардан ҳимоя қилишдир.

 

Яна бир жиддий вазифа, Адвокатлар палатасининг адвокатларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятини такомиллаштиришдан иборат. Адвокатлар рейтингини жорий қилиш орқали адвокатлик тизимида рақобат муҳити ривожлантирилади, салоҳиятли адвокатлар кўпаяди.

 

Партиямиз бизнес юритишга халақит бераётган қатор нормаларни қайта кўриб чиқиш таклифини илгари суради.

 

Партиямиз олдида турган яна бир долзарб вазифалардан бири, бу очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш ва халқ билан мулоқотни янада кенгайтиришдан иборат. Бу борада оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини қатъий кафолатлаймиз. Сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриб, мустақил нодавлат мат- буот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз.

 

Партия коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ муҳим ташаббусларни ҳам илгари суради. Яъни, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттирамиз. Коррупцияга қарши курашишда давлат  сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича чоралар кўрамиз. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияни қабул қиламиз.

 

Аҳолига қулай атроф-муҳит шароитларини яратамиз

 

Конституциямизда Ўзбекистон экологик тараққиёт стратегиясининг асосий қоидалари, бунга доир талаблар белгиланган бўлиб, ушбу сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидаларни белгилаб беради.

 

Хусусан, мамлакат миқёсида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллиард туп кўчат экилиб, Орол денгизининг қуриган тубидаги 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этилди.

 

Мамлакатимизда кейинги олти йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 700 минг гектардан ошди. Ўзбекистонда "яшил иқтисодиёт"га ўтиш бўйича ҳам муҳим қадамлар ташланди.

 

Ушбу бошланган ислоҳотларни ЎзЛиДеП тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда келгуси беш йилликда қуйидаги масалаларни ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари этиб белгилаган.

 

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосларини жорий этиш даркор. Чунки сув ресурслари муаммоси келгуси ўн йилликларда минтақамиз ва мамлакатимиз учун энг долзарб масала бўлиб қолади.

 

Бугунги кунда 70 фоиз ерлар эски усулда суғорилмоқда, 60 фоиз каналлар бетонланмагани оқибатида йилига 16 миллиард куб метр сув йўқотилмоқда. Шу сабабли беш йил ичида барча экин майдонларида сув тежайдиган технологияларни жорий қилган фермер ва деҳқонлар харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш айни муддаодир.

 

Экология соҳасидаги ишларни ташкил этиш борасида ҳуқуқий ва ташкилий асослар замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилиши зарур деб ҳисоблаймиз ва барча ҳудудларда атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича "Мусаффо ҳаво - 2030 миллий дастури"ни қабул қилишни устувор вазифа деб биламиз.

 

Оролбўйи минтақасига бирламчи эътибор қаратган ҳолда денгизнинг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказамиз.

 

"Яшил иқтисодиёт" кўламини кенгайтириш ва "яшил" ўсиш орқалигина барқарор тараққиётни таъминлаш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларини 2,5 баробарга ошириб, ишлаб чиқарилган энергияда уларнинг улушини 40 фоизга етказамиз. "Яшил" технологияларни кенг қўллаш, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришда ёпиқ циклли технологиялардан фойдаланишни ривожлантирамиз.

 

Иқтисодий дипломатия очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат гарови

 

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда узоқ ва яқин давлатлар билан дўстлик алоқалари ва ўзаро ҳамкорлик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

 

Партиямиз Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати фақат халқимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши зарур, деган қатъий позицияда.

 

Биз узоқ ва яқин давлатлар,  халқаро ташкилотлар билан алоқалар ва  ҳамкорликни ана шу тамойил асосида ривожлантириш тарафдоримиз.

 

Биз очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат давом эттирилишига хайрихоҳмиз.

 

Партия ташқи сиёсатда қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожлантирилиши учун барча имкониятларини ишга солади.

 

Партиямиз мамлакатимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ташаббуслари халқаро майдонда фаол илгари сурилиши, Марказий Осиёда турли йўналишлар, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, стратегик ҳамкорларимиз билан янги форматдаги амалий алоқалар мустаҳкамланишини фаол қўллаб-қувватлайди.

 

Шу билан бирга, анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш ҳам биз учун муҳим  соҳалардан саналади.

 

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишларни жадаллаштириш партиянинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади.

 

ЎзЛиДеП Сайловолди дастурида хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаб, уларнинг юртимиз тараққиётида фаол иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратамиз. Улар ўртасида она тили, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича тизимли чоралар кўрамиз.

 

Мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштирамиз. Шунингдек, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига доимий ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар кўрамиз.

 

ЎзЛиДеП - Ватан равнақи йўлидан ортга қайтмайди. Бу борадаги синов ва машаққатларни электорат манфаати учун енгиб ўтади ҳамда ҳамиша халқ билан бирга бўлади! Номзодларимизга овоз беринг!

 

Дилором ФАЙЗИЕВА,

 

Дилмурод АРТИКОВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!