Меню
Қашқадарё
Янгиланаётган Конституция – тараққиёт кафолатидир
Депутат ва сайловчилар
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар вилоятимизда бўлишди.
Парламентнинг расмий сайтида маълум қилинишича, Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларида маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ўтказилган тадбирларда Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Депутатлар, фаоллар, ёшлар вакиллари янгиланаётган Конституциямизнинг референдум орқали қабул қилинишини қанчалик аҳамиятли эканлиги, умумхалқ муҳокамаси ҳар томонлама мукаммал ташкил этилгани, парламент палаталари йиғилишларида Конституциявий қонун очиқ ва ошкора муҳокамалардан ўтказилганини алоҳида таъкидлашди.
Ғузор туманидаги Даштобод маҳалласида ташкил этилган учрашувда эса маҳалла вакиллари охирги йилларда мамлакатимизда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, хусусан, уларнинг бандлигини, муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз ижобий натижасини кўрсатаётгани ҳақида сўз юритишди. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, аҳолининг қўшимча даромад олиш имкониятлари кенгаяётгани, халқимиз дастурхонига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш ҳажми ошаётганини қайд этиб, соҳадаги ишлардан мамнун эканликларини билдиришди. Қабул қилиниши мўлжалланаётган янги Конституцияда ҳам қишлоқ хўжалиги, ердан унумли фойдаланишга қаратилган қоидалар акс этгани таъкидланди.
Депутатлар Янгиҳаёт маҳалласида “Очиқ бюджет” тизими орқали маҳаллани обод қилиш йўлида амалга оширилган ишларни ҳам кўздан кечирди. Мазкур жараёнда маҳалла фаоллари ушбу тизим орқали маҳаллани обод қилганликлари, “Очиқ бюджет” тизими аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топишда муҳим омил бўлаётганини айтиб ўтишди.
Шаҳрисабз шаҳридаги маҳаллаларда ҳам фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, уларда давлатимиз раҳбари томонидан ҳунармандчилик соҳасида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар минтақада соҳа ривожида, аҳолининг бандлигини таъминлашда, халқ амали санъати усталарининг ўзлигини кенг намоён қилишларида муҳим омил бўлаётгани эътироф этилди.
Бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотларда фуқаролар мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, Конституциявий қонун лойиҳасининг юртимиз тарихида илк бор референдум орқали қабул қилинаётганини мамнуният билан маъқуллашди.