Меню
Қашқадарё
Янги Ўзбекистонда янгиланаётган Қашқадарё
Кўргазма
Истиқлолнинг буюк аҳамияти шундаки, инсон қадрини олий мезон даражасига кўтаради. Қадр топган инсонгина фидокорона меҳнати, ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳиятини тўла намоён қилади, юрт равнақига ҳисса қўшишга интилади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида мустақил давлат бўлиб, дунёга очилиб яшаш, эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт ва шараф, шу билан бирга, улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан вилоят мусиқали драма театри фойесида ташкил этилган "Янги Ўзбекистонда янгиланаётган Қашқадарё" мавзусидаги расмлар кўргазмасида ҳам айни жиҳат ўз ифодасини топди.
Қайд этиш жоиз, кўргазма меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини аниқ объектлар мисолида гавдалантирган. Кейинги йилларда қайта чирой очган Абул Муин ан-Насафий, Одина масжиди каби зиёратгоҳлар, Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юрти, Президент ва Абдулла Орипов ижод мактаблари, Qarshi City, "Uzbekistan GTL" заводи, таълим ва тиббиёт муассасалари, қўйингки, инсон манфаатига хизмат қиладиган неки катта ўзгаришлар бўлса, ҳаммаси ёрқин суратларда тарихга муҳрланган.
Зиёлилар, ёшлар, тарихчи олимлар ва ижодкорлар кўргазма билан танишиш асносида фикр-мулоҳазаларини ҳам баён этишди.
- Бу каби кўргазмалар қисқа вақт ичидаги ўзгаришларни катта миқёсда акс эттириши билан аҳамиятли, - дейди Қатағон қурбонлари музейи Қашқадарё филиали директори Дилнавоз Раҳматова. - Аслида бу объектларнинг кўпини кунда-кунора кўрамиз, ёнидан ўтамиз. Уларнинг ҳаммаси битта кўргазмада жамланса, муҳташам манзара ҳосил бўлишига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Кўргазма давом этмоқда. Барча юртдошларимиз вилоят театрида бўлиб, суратларни томоша қилиш имконига эга.
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.