Меню

Қашқадарё

26.10.2023 9489

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН - ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, воҳамизда дарахт кўчатлари экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш ишларини самарали ташкил этиш юзасидан вилоят аҳолисига

МУРОЖААТИ

Азиз қашқадарёликлар!

Бугун мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда белгилаб олинган устувор йўналишларнинг мазмун-моҳияти бизни бир ғоя атрофида, яъни - Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсади атрофида бирлаштириб турибди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан дунё аҳлининг эътиборини долзарб масалаларга қаратиб, инсониятга таҳдид солаётган учта инқироз - иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлат раҳбари томонидан мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдирилди, йўналишга оид бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда "кузги дарахт экиш мавсуми" эълон қилинди.

Доно халқимизда: "Яхшидан боғ қолади", деган пурмаъно ҳикмат бор. Оилада фарзанд туғилса, унга атаб кўчат экилади. Бино, иншоот қурилса, албатта ёнида боғ яратилади.

Ҳашар йўли билан ён-атрофни кўкаламзорлаштириш, обод қилиш -  азалий қадриятимиз сирасига киради. Шундай экан, ишонаман, Сизлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига  айланган бу каби эзгу ишларга   ҳамоҳанг тарзда кузги дарахт экиш мавсумида ҳар бир хонадон аҳли томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини астойдил қўллаб-қувватлайсиз.

Меҳнатсевар воҳадошлар, кўпни кўрган нуронийлар, маҳалла фаоллари, соҳа вакиллари ва эртамиз эгаси бўлган ёшлар!

Барчангизни, бутун элимизни "Янги Ўзбекистон - яшил маконда бирга яшайлик!" деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақираман.

Халқимиз азал-азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонларга алоҳида эҳтиром билан қараб, улуғлаб келади. Тарихий манбаларда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур қаерга борса, иморат қурдирса, ўша ерда албатта боғ барпо эттирган.

"Боғи баланд", "Боғи дилкушо", "Боғи давлатобод", "Боғи беҳишт", "Боғи жаҳоннома", "Боғи нав" каби улкан ва хушманзара боғлар, уларнинг кишини ҳайратга солувчи кўринишлари бир қатор тарихий асарларда таърифланган. Ўша даврда экилган кўп дарахтлар бугун ҳам ўсаяпти ва эзгуликнинг тимсоли бўлиб аждодлардан авлодларгача етиб келган.

Албатта, қўриқ ерларни обод қилиш, кўчат экиб, боғ яратиш, бир дарахт кесилса, ўрнига ўнта кўчат экиш элдошларимиз қон-қонига сингиб кетган анъана ҳисобланади. Бинобарин, "Обод уйда пок инсонлар яшайди", деган ҳикмат мазмун-моҳияти ҳар доим қулоғимизда жаранглаб турибди. 

Ҳадиси шарифда ҳам поклик, тозалик иймоннинг ярми экани айтилади. Яхшилик, ўзидан яхши ном қолдириш ҳақида сўз кетса, унинг аввалида кўчат экиш, боғ яратиш, ёнимиздаги неъматларни, она табиатни асраб-авайлаш иши юксак мақомда таъкидланади.

Кўнглида шу юртга, она Ватанга меҳри баланд инсон борки, ўзидан яхши ном, ибратли из қолдирсам дейди. Шу истакда яшайди. Бундай меҳнат ва ниятни улуғлаб, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий шундай ёзади: "Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат".

Маълумотларга қараганда, битта дарахт йилда ўзидан 100 килограмм кислород чиқаради. Бироқ бунинг учун у эътиборда бўлиши ва яхши парвариш қилиниши керак. Бир инсон йилда оладиган 9,5 тонна ҳавонинг 23 фоизи (2,2 тонна)ни эса кислород ташкил этади. Бундан кўринадики, инсоннинг мусаффо ҳаводан нафас олиши учун ҳар киши ҳисобига 22 туп дарахт яшнаб туриши керак.

Мана, юртимизда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режа қилинди. Буни амалга ошириш орқали яшил майдонларни кескин кўпайтиришга эришамиз. Инчунин, яшиллик бор жойда - мусаффолик бўлади, атроф-муҳит софлиги таъминланади. Ана шундан ҳаммамиз наф кўрамиз, демак, бу ишни барчамиз бирдамликда бажаришга масъулмиз. Шундай экан, бу хайрли ва савоб амалга муносиб ҳисса қўшайлик!

Воҳамизнинг тажрибали боғбонлари, деҳқон ва фермерлар, хонадон эгалари!

Нуронийларимиз "Бирни кессанг, ўнни эк", дея уқдирадилар. Чунки, экиш, яратиш ва кўкламзорлаштириш ишлари билан шуғулланиш улкан савоб, одамийлик ҳусни ҳамда келажак авлод учун намуна, туганмас ибратдир.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиздаги мавжуд 819 та маҳалла ва 13 минг 800 дан ортиқ кўчаларни обод қилиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

2023 йилда вилоятимиз ҳудудида экилиши режа қилинган 16 миллион 300 мингта дарахт ва бута кўчатларининг 10 миллион 264 мингтаси баҳор мавсумида экилган эди. Бунда, воҳа иқлим шароитига мос, сувсизликка чидамли жийда, қайрағоч, шумтол, япон сафораси, айлант, тут, терак ва мевали дарахтлар кўчатлари ҳамда гул ниҳолларини кўпроқ жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларда 3 миллион 485 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар, 2 миллион 772 минг дона терак қаламчаси ва 1 миллион 454 мингта гул кўчати экилган бўлса, кўп қаватли уйлар атрофида 259 минг туп мевали ва манзарали дарахт, 337 минг дона терак қаламчаси ва 307 мингта гул кўчати ўтқазилди.

Яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида жорий йилда 55,6 гектар "Яшил боғлар", 38,3 гектар "Яшил жамоат парклари" ташкил этилди,  Яккабоғ, Ғузор, Нишон, Китоб, Чироқчи, Касби ва Кўкдала туманларидаги мавжуд истироҳат боғлари янгиланди.

Бундан ташқари, вилоятимизнинг Муборак, Миришкор ва Нишон туманлари ҳудудидаги 5 минг гектар қумли унумсиз майдонларга саксовул уруғлари экилиб, табиий яшил қоплама барпо қилинди.

Албатта, ҳудуд иқлим шароитида сувсиз бир нарса кўкартириб бўлмайди. Шу боис, барпо қилинган боғлар ва кўкаламзорлаштирилган майдонларни суғориш учун 26 километр янги сув тармоқлари тортилди ва 71 та артезиан қудуғи қайта тикланди. Қарши-Шаҳрисабз автомагистрали бўйлаб 11 километр масофада экилган дарахтларни парваришлаш учун 13 дона 5 куб метр ҳажмли ҳовуз қурилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди.

Жорий кузги дарахт экиш мавсумида Қашқадарё бўйлаб қарийб 7 миллионта дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари давом этмоқда. Соҳа олимлари ва етук мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда ана шу тадбир бўйича ишлаб чиқилган манзилли дастур асосида воҳа иқлим шароитига мос:

чўл ҳудудларида гармсел ва қурғоқчиликка чидамли қайрағоч (гужум), чинор, бодом, шўрланишга қарши чинор ва тут кўчатлари, сувсизликка чидамли саксовул, шумтол, айлант ва япон сафораси;

тоғли ҳудудларда дуб, игнабаргли дарахтлар (арчадошлар)нинг барча турлари, лола дарахти, япон сафораси кўчатларини экиш белгилаб олинган.

Мавсум давомида жами майдони 26,1 гектарни ташкил этадиган 12 та  яшил боғ, 30,5 гектарда 19 та жамоат парки барпо қилинади ҳамда 99 мингта дарахт кўчати экилиб, яшил белбоғлар ҳосил қилинади.

250 километр умумий фойдаланишдаги йўллар бўйида 345 минг дона терак қаламчалари экилади. Чўл ҳудудларидаги 15 минг гектар майдонга  саксовул, черкиз, қандим ўтқазилади.

Фермерларга тегишли дала майдонлари атрофларида 200 гектар иҳота дарахтзорлари ташкил этилади, 1 миллион 52 минг туп ток ва 1 миллион 160 мингта тут кўчатлари экилади. 150 километр йўл ёқалари ва ариқ бўйларига наъматак кўчатлари ва қаламчалари қадалади. Бунинг учун ўрмон хўжаликлари ва кўчат етиштиришга ихтисослашган бошқа субъектларга тегишли 33 та кўчатхонада 11,2 миллион дона қаламча захираси ҳозирланган.

Ушбу мавсум давомида ўтқазиладиган кўчатларининг унувчанлигини таъминлаш учун cyғориш тизими мавжуд бўлмаган ерлар танланишига ҳамда ёши 3 йилдан ва бўйи 1,5 метрдан кам бўлган кўчатлар экилишига йўл қўйилмайди.

Ҳозир ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъуллар, кўчатчилик хўжаликлари томонидан кўчатлар жойларга етказиб берилмоқда. Уларни экиш ва парваришлаш агротехнологиясига қатъий амал қилиб, боғдорчилик билимимиз, меҳнатимиз, жонкуярлигимиз билан ўтқазилган ҳар бир кўчат эртага баравж ривожланишига ҳисса қўшайлик! 

Қадрли элдошлар, Қашқадарё фаоллари, илм-фан фидойилари, шижоатли ака-укалар, мўътабар опа-сингиллар!

Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги "Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси юзасидан вилоятда дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлиллар амалга оширилиб, бунинг натижасида туман (шаҳар)лар кесимида вилоят харитаси ишлаб чиқилди.

Маълумки, экилган кўчат ва ниҳолларни парвариш қилиш, уларни вақтида суғориш ишлари алоҳида эътиборни талаб этадиган жараён. Шу боис, дарахтларни суғориш тизими қайта кўриб чиқилиб, ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахслар белгиланмоқда.

"Яшил боғлар" ва "Яшил жамоат парклари"ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, ҳомийлик ва грант маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Мана, икки йилдирки, вилоятда ўсимликлар дунёси объектларини ҳимоя қилиш, ҳар қандай турдаги дарахтлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун давлат кадастр идораси томонидан "Дарахтлар реестри" тизими жорий этилган.

Шу билан бирга, Ватанимизнинг обод бўлиши, гуллаб-яшнаши ҳамда тараққиётига ҳисса қўшадиган илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлашда ҳар бир ватандошимизнинг иштироки муҳимдир. Сиз маҳаллангиз, кўчангиз, хонадонингизни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ташаббускори бўлиб олдинга чиқинг! Дарахт экиш ва уни парваришлаш мажбурият эмас, қадрият эканлигини бошқаларга ҳам уқдиринг! Бинобарин, атрофни яшилликка буркаш, кўчат экиш, гулу ниҳолларни кўпайтириш бу гўзаллик, мусаффо ҳаво, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга, пировардида, ўз саломатлигимизга ғамхўрлик ифодасидир. 

Шундай экан, келинг, азиз қашқадарёликлар, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этиб, ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда уни умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик! Токи, биздан келажак  авдодларга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан қолсин!

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!