Меню

Қашқадарё

23.02.2023 6735

Янги тумандаги янги маҳаллалар

Кўкдала туманидаги Чувуллоқ, Аннарўз, Хардури ва Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ташкил этилган янги маҳаллалар Янги Ўзбекистон, Истиқлол, Карвон йўли ва Бунёдкор деб номланди.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг янгидан ташкил топган маҳалла фуқаролар йиғинларини номлаш тўғрисидаги қарори 22 февралда қабул қилинди. Унга кўра, янги маҳаллаларнинг номлари ёзилган замонавий кўринишдаги пешлавҳалар бир ҳафта муддатда тегишли ҳудудларда ўрнатилиши зарур.

Кўкдала тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Абдураззоқ Кенгбоевнинг маълум қилишича, маҳаллий Кенгашнинг тумандаги тўртта маҳаллани бўлиш ва янги маҳаллаларни ташкил этиш тўғрисидаги қарори шу йил 17 январда чиқарилган. Унга мувофиқ бўлинишгача майдони 3401 гектар, аҳолиси сони эса 9904 нафар кишидан иборат бўлган Чувуллоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг 618 гектарида (аҳоли сони – 4292 нафар), Аннарўз (майдони – 12536 гектар, аҳоли сони – 6797 нафар) МФЙнинг 519 гектарида (аҳоли сони – 3000 нафар), Гулистон (майдони – 3917 гектар, аҳоли сони – 7524 нафар) МФЙнинг 1800 гектарида (аҳоли сони – 3730 нафар) ва Хардури (майдони – 2929 гектар, аҳоли сони 7701 нафар) МФЙнинг 1020 гектарида (аҳоли сони – 2730 нафар) янги маҳалла фуқаролар йиғинлари тузилган.   

Маълумотларга қараганда, шу йил январь ойида Кўкдала тумани ҳудудида маҳаллалар сони 37 та, хонадонлар сони 33418 та, аҳоли сони эса 182 минг 661 нафарни ташкил этган. Жумладан, Чувуллоқ маҳалла фуқаролар йиғинида 1480 та хонадонда 1860 та оила, Аннарўз МФЙда 1173 та хонадонда  1465 та оила, Гулистон МФЙда 1095 та хонадонда 1432 та оила, Хардури МФЙда 1540 та хонадонда 1650 та оила яшаган.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!