Меню

Қашқадарё

14.06.2016 2458

ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯ АСОСИДА ПОЙАБЗАЛ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Қарши шаҳридаги "Premium capital group" масъулияти чекланган жамияти томонидан яқинда амалга оширилган лойиҳа ҳам замонавий технология асосида пойабзал ишлаб чиқаришни назарда   тутади. 

- Анчадан бери пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келамиз, - дейди корхона раҳбари Дилшод Муфтиллаев. - Йирик саноат корхоналари ва бир қатор ташкилотлар бизнинг доимий ҳамкорларимиз. Ўтган давр мобайнида маҳсулотларимизга талаб ошди. Аммо бир неча йилдирки, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш имконини тополмаётгандик. Ўз ташаббусимизни илгари сурдик. Тегишли лойиҳа асосида фойдаланилмай ётган бинони жами 1 миллиард 800 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан "ноль" харид қийматида олдик. Уни Хитойдан келтирилган қиймати 400 минг долларлик ускуналар билан жиҳозладик. Эътиборлиси, мазкур линия ишлаб чиқариш жараёнларини алоҳида-алоҳида ташкил этиш имконини беради. Мисол учун, чарм терини бичиш ва тикиш ишлари алоҳида   дастгоҳларда амалга оширилади. Бошқа технологиялар пресслаш ва пардозлаш ишларини бажариш учун мўлжалланган. Яна бир ускуна ёрдамида эса турли ўлчамдаги  тагчармларни қуйиб оламиз.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, эндиликда корхона йилига қарийб 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилгани натижасида 50 та янги иш ўрни яратилди.

- Эндиликда маҳсулотларимизни янада сифатлироқ ишлаб чиқаришга эришаяпмиз, - дейди Дилшод Муфтиллаев. - Маълумки, махсус иш пойабзаллари кундалик пойабзаллардан фарқ қилади. Масалан, уларнинг айримлари иссиққа чидамли бўлиши, шунингдек, техник иш жараёнида кузатилиши мумкин бўлган ҳолатларга қарши ҳимояланган бўлиши керак. Ҳозирда турли ташкилотлар билан қарийб 25 минг жуфт махсус иш пойабзали етказиб бериш бўйича шартномамиз бор. Талабга қараб, турли фасон ва ўлчамдаги кундалик пойабзалларни ҳам тайёрлаймиз.

Таъкидлаш жоиз, вилоятимиз пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун асосий хомашё саналган тери етиштириш борасида ҳам улкан салоҳиятга эга. Терини қайта ишлаш эса галдаги муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада ҳам вилоятимизда салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, тегишли дастур доирасида жорий йил сўнгига қадар ана шу йўналишда янги корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш кутилаяпти. Бундан кўзланган мақсад аниқ - ички бозорни  маҳаллий хомашёдан тайёрланган сифатли ва импорт ўрнини босувчи пойабзал ҳамда чарм маҳсулотлари билан тўлдиришдир.

Статистик маълумотларга кўра, 2012 йилда вилоятимизда жами 5 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилган. Бу катта рақам эмас, албатта. Аммо қувонтирадиган томони шундаки, жорий йил якунига қадар ушбу кўрсаткич рекорд натижа - 200 баробардан кўпроқ ошиши кутилаяпти.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!