Меню

Қашқадарё

05.07.2024 7524

Янги ташкил этилган Кўкдала илмий-тажриба станцияси қандай вазифаларни бажаради?

Мамлакатимиз ҳукуматининг қарорига мувофиқ, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти муассислигида “Кўкдала илмий-тажриба станцияси” давлат муассасаси ташкил этилмоқда.

Республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 2 июль куни қабул қилинган ҳужжатга асосан, янги тажриба станциясига илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва уруғчиликни ташкил қилиш мақсадида Кўкдала тумани Д.Сафаров ҳудудидаги 14 гектар суғориладиган ва Кўкдала ҳудудидаги 30 гектар суғорилмайдиган (лалми) ер майдонлари 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратиляпти.  Станциянинг ўзи эса Кўкдала туманининг Торжилға МФЙ ҳудудидаги Қарши давлат университетига қарашли ёрдамчи (ўқув устахонаси) биносига жойлаштирилади.

Қарорда Кўкдала илмий-тажриба станциясининг асосий вазифалари ҳам белгиланган бўлиб, уларга кўра, ушбу муассаса сабзавот, полиз ва картошка экинларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, бундай экинларининг маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли ҳамда сифат кўрсаткичлари юқори бўлган нав ва дурагайларини яратиш ҳамда уларни етиштиришнинг замонавий ресурс тежайдиган технологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан шуғулланади. Айни пайтда тажриба станцияси илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиб, соҳада илмий-тадқиқот олиб бораётган изланувчиларга тажриба-синов ишларини амалга ошириш учун шароитлар яратади ва тармоқда фаолият кўрсатаётган ходимлар малакасини оширишни ташкил этади.

Таъкидланишича, Кўкдала илмий-тажриба станциясининг ташкил этилиши республика тупроқ-иқлим шароитларига мос экспортбоп маҳаллий сабзавот ва полиз экинлари навларини яратиш, интенсив сабзавот ва полизчилик тизимини йўлга қўйиш, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларини ўзлаштириш ва суғориш тизимини яхшилаш каби мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!