Меню
Қашқадарё
ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ "РЕКЛАМА ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУН КУЧГА КИРАДИ
Хабарингиз борми?
Жорий йил 9 сентябрдан эътиборан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги Қонуни кучга киради. 2021 йил 28 декабрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган бу қонун 7 июнь куни Президентимиз томонидан имзоланди.
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидаги асосий ўзгаришлардан бири рекламада қўлланиладиган тилга, шунингдек, реклама мазмунини давлат тилидан бошқа тилларга таржима қилишга нисбатан белгиланган янги талаблардан иборат. Бу ўз навбатида жисмоний ва юридик шахслардан реклама, эълон ва пешлавҳалардаги ёзувлар тилига эътибор билан ёндашишни талаб қилади. Чунки янги таҳрирдаги қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, қонунда реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкинлиги кўрсатилган:
- реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги;
- ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги;
- рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши кераклиги кўрсатилган.
Қонунда теле- ва радиоканалларда, босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги ва бу тартиб қайси ҳолатларда татбиқ этилмаслиги билан боғлиқ банд ҳам киритилган.
Бугунги кунда вилоятимизда, шу жумладан, бизнинг туманимизда ҳам реклама тили билан боғлиқ муаммолар анчагина. Мавжуд катта ва кичик ҳажмдаги реклама конструкцияларида ўрнатилган рекламалар, пешлавҳа ва эълонлар орасида "Реклама тўғрисида"ги, "Давлат тили тўғрисида"ги қонунлар талабларига мувофиқ рекламалар билан бирга маънан эскирган, имло хатолари билан ёзилган ёки бошқа тилларда ёзилган рекламалар ҳам учрайди. Ҳолбуки, рекламалар маънавият, маърифат, маданият белгиси эканлиги уларга эътибор билан ёндашишни талаб қилади. Айниқса, янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши бу масалага қонун нуқтаи назаридан ёндашилишига олиб келади.
Буларнинг ҳаммаси ҳар бир реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва реклама тарқатувчига мавжуд реклама, эълон ва пешлавҳалардаги ёзувларни мазкур қонунга мувофиқлаштиришни ва янгидан ёзилаётган тарғибот воситаларида қонун талабларига риоя этилишини тақозо этади.
Л.ЎРОҚОВА,
Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси