Меню

Қашқадарё

06.09.2018 1646

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ҚОНУН ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТИНИ КУЧЛИ ҲИМОЯЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

 Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик соҳаси ривожига, ишбилармонларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилаётган имтиёзлар кўламини кенгайтириш, уларнинг манфаатларини ҳуқуқий асосда ишончли ҳимоялаш, соҳа ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган мазкур қонун ҳам хусусий сектор вакилларининг асосий ҳимоячиси саналган Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштиришни, замон талабларига мослаштиришни назарда тутади.

 - Қонун 36 моддадан иборат бўлиб, 5 бобга бўлинган, - дейди ҳудудий бошқарма сектори мудири Ҳуснора Жумаева. – Ушбу ҳужжатда палатанинг асосий фаолият йўналишлари аниқ ва ихчам тарзда белгилаб берилган. Ташкилот зиммасига қўшимча функциялар юклангани, тадбиркорлар манфаатларини рўёбга чиқариш жабҳасидаги реал ваколатлари кенгайтирилганини кўриш мумкин. Мисол учун, 2-бобда палатанинг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазифаларига батафсил тўхталиб ўтилган. Унга кўра, бу тузилма мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш ташаббускори бўлиши, тадбиркорлик фаолиятига яқиндан кўмаклашиши лозим. Қонунда палатанинг давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги масаласига ҳам ойдинлик киритилган. Бу каби янгиликлар тадбиркорга жуда кўп енгиллик беради. Тадбир иштирокчиларига шулар тўғрисида маълумот берилди.

 Семинар давомида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш,  янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, касбий маҳорат ва билим даражасини юксалтириш учун зарурий шарт-шароит яратиш борасидаги  ишлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.  

 Шунингдек, қонунчилик хужжатларидаги янгиликлар, айниқса Президентимизнинг “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тадбиркорлик субъектларининг муайян тоифаларига бир қатор имтиёзлар берилгани эслатиб ўтилди. Жумладан, қишлоқларда аҳоли сони 5 минг кишига қадар бўлган пунктларда сартарошхона, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлга қадар барча турдаги солиқлар тўлашдан озод қилинганлиги тўғрисида тушунча берилди.

 Мутахассислар тадбиркорларни ўйлантираётган саволларга қаноатлантирилган жавоблар қайтаришди.

 М.ШУҲРАТОВ

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!