Меню

Қашқадарё

17.09.2019 1776

ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Маълумки, бугун мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорларга тушадиган солиқ юкини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги тегишли фармонига асосан, Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.  Бир қатор солиқ турлари камайтирилди.

Мисол учун, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, дивиденд солиғи 10 фоиздан 5 фоизга камайтирилди. Бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар эса бекор қилинди.

Бундан ташқари, солиқ солиш тизими соддалаштирилиб, солиқ турлари 19 тадан 15 тага қисқартирилди, ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботлари бирлаштирилди, қўшилган қиймат солиғи ҳисоботининг 9 та иловаси 5 тага туширилди, ҳисобварақ-фактура шакли соддалаштирилди.

Солиқ тизимидаги бу каби катта ўзгаришлар соҳа қонунчилигини ҳам ислоҳ қилиш эҳтиёжини юзага келтириши табиий. Шунга кўра, янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилди. Айни пайтда жойларда ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамалари бўлиб ўтмоқда.

- Маълумки, солиқ қонунчилиги мажбурийлик, аниқлик, солиқ солишнинг адолатлилиги, солиқ тизимининг бирлиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ қонунчилигининг ошкоралиги ва солиқ тўловчи тўғрилигининг презумпцияси принципларига асосланиши лозим, -  дейди Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Э.Гадоев.  - Янги кодекс лойиҳасида мана шу жиҳатлар тўлиқ ўз ифодасини топган. Давра суҳбатида мутахассислар томонидан мана шу жиҳатлар кенг тушунтириб берилди. Киритилган ўзгаришлар қизғин муҳокама этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, ҳар бир шахс ушбу кодекс лойиҳасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга мажбурдирлар. Ҳеч кимга ушбу кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг меъёрларини бузган ҳолда ўрнатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти қўйилмайди. Солиқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар эса ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, бюджет даромадларини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда иштирокчилар янги Солиқ кодекси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён этган ҳолда мутахассислардан саволларига жавоб олдилар.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!