Меню

Қашқадарё

16.08.2018 1855

ЯНГИ ШАКЛДАГИ ТЕСТ СИНОВЛАРИ КУТИЛГАН НАТИЖАНИ БЕРДИМИ?

Маълумки, бу йилги имтиҳонлар янги шакл ва мазмунда ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш чоралари кўрилди.

Аввалгилардан фарқли равишда мазкур ўқув йилидан бошлаб тест синовлари республикада 1 августдан 15 августгача бўлган даврда, вилоятда эса 11 кун давомида ўтказилиб, натижалар тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест маркази расмий веб-сайтида эълон қилиб борилди.

Имтиҳонлар ягона бинода – Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати манежи ва спорт залида 2 сменада бўлиб, назорат жараёнида илк маротаба шахсни идентификациялаш қурилмалари ҳамда кузатув камераларидан фойдаланилди.

Синовларда дастлаб Қарши муҳандислик-иқтисодиёт  институтига ҳужжат топширган 18 минг 192 абитуриент 26 та таълим йўналиши бўйича тест саволларини ечишган бўлса, улар орасидан юқори натижа қайд этган 1 минг 550 нафар ўғил-қиз талабаликка қабул қилинди.

Сўнг Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаси бўлиш истагидаги 2 минг 400 нафар абитуриент 6 таълим йўналишида 290 та талабалик ўрни учун ўз билимини синовдан ўтказди.

Кейинги тест синовлари эса Қарши давлат университетининг бу йилги талабалари номларини аниқлаб берди. Маълумки, Қарши давлат университети анча йилдан бери энг кўп абитуриент ҳужжат топширадиган муассасалардан бири бўлиб келмоқда. Бу йил ушбу ўқув юртига 30 минг 937 нафар ўғил-қиз ҳужжат топширганини инобатга олсак, бир ўринга талабгорлар сони 17 кишини ташкил этиши кўринади. Кучли рақобат остида кечган синовларда уларнинг 2 минг 380 нафарига талабалик бахти насиб этди. Улар мазкур ўқув йилидан 29 таълим йўналишида олий маълумот олишади.

310 ўғил-қиз эса мазкур университетнинг жисмоний маданият, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси ҳамда мусиқий таълим йўналишларига ижодий имтиҳон орқали ўқишга қабул қилинди. Биламизки, шу йилдан, Президент қарорига мувофиқ, маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида фақат ижодий имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинди. Бу ҳам абитуриентлар учун катта қулайлик бўлди, дейиш мумкин.

- Жорий йилда вилоят олий ўқув юртларига ўқишга кириш истагида бўлган ўғил-қизлардан умумий ҳисобда 51 минг 529 та ҳужжат қабул қилинди, - дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Бекзод Жўраев. – Уларнинг бир қисми ижодий имтиҳон топширди, 45 минг 601 нафари тест синовларида қатнашган бўлса, 1592 нафари имтиҳонга келмади. 324 абитуриент белгиланган қоидаларни бузгани учун тест ўтказиладиган ҳудудга кириш жараёнида, 101 нафари бинодан четлаштирилди.

Дарҳақиқат, тест синовларининг холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш юзасидан қилинган ишлар ўз самарасини бермасдан қолмади. Хусусан, 1600 нафарга яқин абитуриентнинг умуман имтиҳонга келмагани айримларнинг аввалгидек эгри йўллар орқали талаба бўлиш истаги пучга чиққани ва жорий этилган янгиликларга тайёр эмаслигини кўрсатади. Улар орасида соғлиғи ёмонлашган ва жиддий сабаб билан имтиҳонга кела олмаганлар ҳам борлигини инобатга олиш керак, албатта.

Бу йилдан бошлаб республикада тестга шпаргалка, телефон ва ҳоказоларни олиб киришга уринган абитуриент ўша заҳоти тестдан четлатилди. Аввалгидек, телефон номерланган конвертга солиниб, абитуриентнинг ўзи тестга киритиб юборилмади. Олиб киришга уринишнинг ўзидаёқ акт тузилиб, абитуриент имтиҳондан четлатилди. Бу борадаги рақам 101 тани ташкил этди.

- Ҳеч кимга сир эмас, кейинги йилларда абитуриент ўрнига алмашиб кириш ҳоллари анча кўпайиб бораётган эди. Вилоятда худди шундай айланма йўлларни кўзлаган 333 “паравоз” қўлга олинди, - дейди Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси Аҳрор Файзиев.  - Уларнинг 243 нафари Давлат тест маркази рухсатномасини қалбакилаштириб, жиноят содир этганлиги, 90 нафари маъмурий ҳолат (бошқа бировнинг ўрнига кирганлик)да айбланиб, ҳозирда сўров-суриштирув ишлари олиб  борилмоқда.

Аниқ мисолларга назар ташлайдиган бўлсак, 2 август куни Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан фойдаланиш факультетига кириш учун тест синовларини топширмоқчи бўлган, ўзини Лазиз Норбобоев деб таништирган йигит назоратчиларда шубҳа     уйғотади. Ўрганишлар давомида унинг асл исм-фамилияси Бекжон Номозов экани, ёнида Лазиз Норбобоевга тегишли фуқаролик     паспорти ва ДТМ рухсатномаси борлиги аниқланади. Маълум бўлишича, Бекжон Л.Норбобоевни ўқишга киритиб қўйса, минг АҚШ доллари миқдоридаги “мукофот”га  ваъдалашилган.

Афсуски, у қилмишидан тўғри хулоса чиқармай 5 август куни яна тест ўтадиган жойда ҳозир бўлади. Бу сафар у компьютер-инжиниринг факультетига ҳужжат топширган Азиз исмли йигитга “ёрдам” бериш учун 56-гуруҳга кириб, тест саволларини ечиб бермоқчи бўлади. Уни “қўллаб-қувватлаётган” Акбар Бўриевга тегишли автомобиль кўздан кечирилганда, ўқишга “кириши” керак бўлган ўнга яқин абитуриентнинг қалбакилаштирилган ҳужжатлари топилди. Суриштирувлар жараёнида ушбу ҳужжатларни расмийлаштиришда  институт қабул комиссияси техник котиби Ислом Ҳайдаров ёрдам бергани ошкор бўлди.

Халқимизда “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган нақл бор. Буни 1-6 август кунлари ўтказилган тест синовларида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қабул комиссияси факультет бўйича масъул котиблари – Ўлмас Тўраев, Аслиддин Қорақулов, Акбар Жўраев, Муродулла Қаршиев, Ихтиёр Назаров, Комил Мирзаев қилмишларида кўриш мумкин.

- Ушбу масъуллар 182 нафар абитуриентнинг ўрнига бошқа бировни киргизмоқчи бўлиб, ДТМ рухсатномаларини қалбакилаштирган, - дейди Аҳрор Файзиев. - Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Албатта, тест синовларидаги қатъий назорат ҳақиқий билимлиларни, талаба номига лойиқ ўғил-қизларни саралашда муҳим омил бўлгани шубҳасиз.

Шуни ҳам қайд этиш керак, тест синовларининг адолатли ва ошкора ўтказилгани кириш балларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Айрим йўналишларда эса кириш баллари сезиларли пасайди. Хусусан, Қарши давлат университети касбий таълим йўналишида ўтиш бали 68 баллни ташкил этди. Тошкент ахборот технологиялари университети  Қарши филиалида 68,9 балл тўплаган абитуриент талабага айланди. ҚМИИда эса бу кўрсаткич 71,3 баллга тенг бўлди.

Умуман олганда, бу йилги тест синовларини холис, ҳаққоний ва адолатли тарзда ташкил этишга бўлган ҳаракат кенг жамоатчилик, ота-оналар, ёшларнинг эътирофида кўринмоқда. “Мана, бўлар экан-ку” деган гапни фарзанди бир неча йилдан бери “йиқилиб” бу йилги ўзгаришлар натижасида талабага айланган кўплаб ота-оналар тилидан эшитаяпмиз. Албатта, камчиликлар ҳам бор. Бироқ янгилик ва ўзгаришлар ижобий томонга.

С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!