Меню

Қашқадарё

29.10.2016 2234

ЯНГИ НАМУНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР БЎЙИЧА ҚУРИЛАЖАК УЙЛАР

Мазкур қарор асосида ҳали жаҳон тажрибасида кўрилмаган муҳим бир амалиётга қўл урилди. Аниқроғи, қишлоқ жойларда замонавий типдаги, барча шароитларга эга якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бошлаб берилди.

Қувонарлиси, бир оила яшаши учун барча зарур қулайликларни ўзида мужассам этган  ушбу турар жойлар қишлоқ аҳлида катта қизиқиш уйғотди. Бундай шинам ва кўркам уйларга талаб йил сайин ошиб бораётганини мавжуд рақамлар ҳам исботлаб турибди. Агар вилоятимизда 2009 йилда намунавий лойиҳа асосида 100 та шундай уй-жой қурилган бўлса, 2015 йилда бу рақам 1320 тани ташкил этди. Жорий йилда ҳам вилоятимизнинг 13 та туманидаги 38 та массивда 1526 та уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилмоқда ва уларда шаҳардагидан асло қолишмайдиган шароитлар муҳайё этилмоқда. Вилоятимизда 2009-2015 йиллар ичида 6 мингдан зиёд оила намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойга эга бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, халқимиз турмуш фаровонлиги ва яшаш даражаси нечоғлик юксалганини англаш қийин эмас.

2016 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш  дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши бу борадаги хайрли ишларнинг узвий давомийлигини таъминлашга хизмат қилди. Мазкур ҳужжат аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилияти, шунингдек, миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қурилиш самарадорлигини оширишни кўзда тутади.  Ушбу қарорга мувофиқ, қишлоқ жойларда мавжуд намунавий лойиҳаларга қўшимча равишда арзон уйларнинг янги намуналарини жорий этиш белгиланди.

Турган гапки, бу янгилик турар жой сотиб олиш истагидаги қишлоқ одамларининг танлаш имкониятини янада оширди, ўз навбатида потенциал харидорлар қамровини тобора кенгайтирди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: Қарши туманидаги Мирмирон массивида намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойлардан бирининг соҳиблари.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!