Меню

Қашқадарё

17.01.2020 1251

ЯНГИ МУАССАСАДА - ЗАМОНАВИЙ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ

Мактабгача таълим

Қарши шаҳрида яна битта -"Темурийлар" хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолият бошлади.

Тадбиркор Шерзод Яхшиев томонидан ишга туширилган мазкур болалар боғчасида бир вақтнинг ўзида 100 нафар ўғил ва қизга таълим ва тарбия бериш имкони мавжуд.

- Лойиҳани, аввало, жойни танлашдан бошлаганмиз, - дейди Шерзод Яхшиев. - Узоқ ўрганишларимиздан сўнг уни ҳарбий шаҳарчалардан бирининг ҳудудида амалга ошириш фикрига келдик. Чунки бу ерда бошқа мактабгача таълим муассасаси йўқ, бунга эҳтиёж эса юқори. Шундан сўнг бу ҳақда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлигига таклиф киритдик. Округ вакиллари ҳам агар ҳар жиҳатдан замонавий мактабгача таълим муассасасини ишга туширсак, бу ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлаб, таклифимизни қўллаб-қувватлашди. Шундан сўнг ҳужжатлаштириш ишларини амалга ошириб, қурилишни бошладик.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, муассаса учун уч қаватли замонавий бино қуриш ва уни жиҳозлаш ишларига 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

- Хусусан, барча хоналарда пол орқали иситиш тизими ўрнатилган, - дейди у. - Бу тизим табиий газ воситасида ҳам, электр энергиясида ҳам ишлайди. Хоналарнинг ҳам болажонлар учун ҳар томонлама қулай бўлишига эътибор қаратилган. Мисол учун, учинчи қават фақат спорт тўгараклари учун мослаштирилган. Бу ерда ўнга яқин тўгарак ишлайди. Пастки қаватларда эса дарс, дам олиш ва овқатланиш хоналари жойлашган.

Боғча асосан инглиз ва рус тилларини мукаммал ўргатишга ихтисослашган. Келгусида тадбиркор хитой тили тўгарагини ҳам ташкил этмоқчи. Округ қўмондонлиги билан келишувга кўра, муассаса биринчи галда шаҳарчадаги ҳарбийлар оилалари, ундан кейин эса бошқа оилаларнинг фарзандларини ҳам шартнома асосида қабул қилади.

Аҳамиятли жиҳати, боғча айрим  ота-оналарнинг  дам олиш кунлари ишда бўлишини инобатга олиб, қўшимча шартнома асосида шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!