Меню

Қашқадарё

20.09.2018 2243

ЯНГИ МАВСУМНИ “ОҚ КЕМА” БОШЛАБ БЕРДИ

Кенг жамоатчилик, санъат ихлосмандлари, ёшлар иштирокида ўтган тадбир аввалида театр ижодий жамоаси босиб ўтган йўл, фидойи санъаткорлар фаолияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, вилоят мусиқали драма театрининг фаолиятини йўлга қўйишда Қарши шаҳрилик машҳур мусиқачи ва соз устаси  Абдулла Қодиров - Танбурийнинг ҳиссаси катта. Ушбу театр саҳнасида илк бор “Ҳалима” спектакли саҳналаштирилган бўлса, ўтган давр ичида кўплаб асарлар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Айниқса, “Қўнғироқли алдоқчи” эртак-томошаси, “Нажот дарвозаси”,  “Оролбобо” каби спектакллар билан республика миқёсида эътироф этилди, нуфузли фестивалда ғолибликни қўлга киритди.

“Оқ кема” спектаклига тўхталсак, режиссёр Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган асар халқчил ва таъсирчан чиқишида ундаги турли  образларни жонлантирган Ўзбекистон халқ артисти Эркин    Комилов ҳамда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Ойгул Халилова ҳамда Раъно   Мустафоеванинг ижроси муҳим ўрин тутган.

- “Оқ кема” асари ёш авлод онгу шуурида қадим қадриятларга ҳурмат, соф ва самимий орзу-мақсадлар, шукрона каби туйғуларни шакллантиради, - дейди Асқар Холмўминов. - Асарда дунёни қариб-қартайган Мўмин чол ва унинг набираси кўзи билан кўриш,  афсона ва реал ҳаёт, оила, авлодлар томонидан унутилиб борилаётган қадриятлар, пок орзу-умид­лар билан бир қаторда ўкинчли армонлар, эзгулик ва ёвузлик каби туйғу-тушунчалар ўртасидаги кураш кишини ўйлашга ундайди. Тилсиз-забонсиз, беозор жонзот ҳисобланмиш балиқ ва оқ кема тимсолида комиллик сари элтувчи йўл тасвир этилади.

Вилоят мусиқали драма театри жамоаси янги мавсумда Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достони асосида “Искандар”, Жавлон Жовлиевнинг “Ўрик гуллари” ҳамда жаҳон халқ эртаклари асосида янги спектакллар яратишни мақсад қилган.  

          Сожида АЛЛАЁРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!