Меню

Қашқадарё

12.09.2024 2108

Янги мавсумни "Давлат болалари" бошлаб берди

Театр

Вилоят мусиқали драма театрининг 92-мавсуми Рихсивой Муҳаммаджонов асари асосида саҳналаштирилган "Давлат болалари" спектакли премьераси билан бошланди.

Спектаклда долзарб масала - ота-онасиз ва қаровсиз қолган болалар ҳақида гап боради. Бундай болалар қалбида ота-она меҳрига ташналик ҳисси, сўнмас орзулар, армон ва нафрат туйғулари ҳамоҳанг яшайди. Улар ўз ота-оналарини ўзлари тасаввур оламида кўради. Бу олам болалик самимияти ва гўзаллик билан безалади. Аммо ҳаётда дуч келганларида эса бунинг мутлақо акси намоён бўлиши ҳам мумкин.

Спектаклда Бутир ва унинг дўстлари ҳам худди шу вазиятни бошидан кечиради. Баҳор ва Бахтиёр ҳам ўз ота-оналарини ўзлари чизган суратлар орқали қаҳрамонлик ва гўзаллик маъбудаси сифатида кўришади. Афсуски, тасаввурларнинг ҳаётдаги ифодаси болалар кутганидек бўлмайди...

Саҳна асарида шундай ғоя илгари сурилади: мурғак қалбларнинг болалик дунёси билан безалган "сурат"ларга гард тегмасин. Ҳар бир қалб меҳр ва муҳаббатни тўла ҳис этсин, дунёни гўзалликларга бурканган ҳолда кўрсин ва ўзи-да яхшиликларга сабабчи бўлсин.

Таниқли режиссёр Фарҳод Жумаев томонидан саҳналаштирилган спектаклда асосий ролларни вилоят мусиқали драма театрининг маҳоратли актёр ва актрисалари ижро этишган.

- Бу асар ўтган аср 80-90 йилларида жуда урфга кирган, кўплаб театрларда саҳналаштирилган эди, - дейди вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим бошлиғи Шодия Худойназарова. - Эътиборга молик жиҳати, илгари сурилган ғоялар ҳалиям аҳамиятини йўқотмаган, бугунги томошабинни таъсирлантира олади. Умуман, театримизда сентябрь ойи давомида "Кўнгил ишқ истайди", "Аршин мол олон", "Орол бобо", "Бахтсиз куёв", "Тўйдан олдин томоша", "Тентакнинг ёзмалари", "Бобомнинг орзуси" каби спектакллар намойиши режалаштирилган.

НАСРИДДИН

Суратларда: премьерадан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!