Меню
Қашқадарё
ЯНГИ МАШИНАГА ПЛАСТИК КАРТОЧКА ОРҚАЛИ ТЎЛОВ ҚИЛМОҚЧИМИСИЗ?
Айтиш жоизки, заводдан янги чиқарилаётган ушбу автомобиллар реализациясини амалга ошириш, яъни сотиш ҳуқуқи фақат юридик шахс ҳисобланган ва ишлаб чиқарувчи корхона билан тегишли келишувга эришган расмий дилерларга берилган. Бу тартиб Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 26 июлда 1390-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор билан ўрнатилган. Қарорнинг 11-бандида миллий маҳсулот саналган янги енгил автомобилларни жисмоний шахсларга сотиш шаклларига ҳам аниқлик киритилган. Жумладан, юртдошларимиз машина харидини нақд ҳисоб-китоб, банклардаги омонат ҳисобларидан пул маблағларини кўчириш йўли билан ёки пластик карточка воситасида, яъни жисмоний шахсларнинг ҳисобга киритилган даромадлари ҳисобидан амалга ошириши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда тўлов хизматларининг янгича турлари пайдо бўлди. Улар ёрдамида бир жисмоний шахс номига очилган банк пластик картасидан бошқа бир кишининг пластик картасига пул ўтказиш имкони мавжуд. Бугунги кунда айни шу жиҳат пластик карточкадаги маблағга машина сотиб олиш борасида бир қатор баҳсли ҳолатларга сабаб бўлаяпти.
“Асака” банк Қашқадарё филиали пул муомаласи бўлими бошлиғи Ойбек Ўринов бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Фуқаролардан автомашина сотиб олиш учун бир жисмоний шахснинг пластик картасига бир қанча фуқаронинг пластик картасидан маблағларни ўтказиб, ушбу картадан автомашина учун тўлов қилиш бўйича кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Ушбу ҳолат бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Жумладан, тўлов воситаси сифатида тақдим этилаётган пластик картадаги маблағ бошқа шахсларнинг маблағлари ҳисобидан шаклланганда, ушбу маблағни ўтказган фуқаролар келгусида автомашинага улуш қўшган шахс сифатида даъвогарлик қилиши эҳтимолдан холи эмас. Бу вазиятда ушбу фуқаро шундай йўл тутишга қонунан ҳақли. Албатта, мазкур ҳолат транспорт воситасига эгалик ҳуқуқини белгилашда тўсиққа айланади.
Яна бир жиҳати, пластик картадаги маблағ бошқа шахсларнинг маблағлари ҳисобидан шаклланганда ва бошқача йўл билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинган тақдирда ҳам улар томонидан ўтказиб берилган маблағни қайтариш бўйича даъво қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Аниқроғи, транспорт воситасини сотиб олиш учун тўловни амалга ошираётган жисмоний шахснинг пластик картасида бу тахлит шаклланган маблағ тўлиқ унинг даромади ҳисобланмайди, бу эса кейинчалик томонлар ўртасида ихтилоф вужудга келмаслигини кафолатламайди.
Тўлов воситаси сифатида олинаётган пластик картадаги маблағ бошқа шахсларнинг пластик картасидан ўтказилган маблағлар ҳисобидан шакллантирилди ҳам дейлик. Бироқ пул ўтказиб бераётган фуқаролардан бирининг пластик картасидаги маблағ белгиланган тартибда солиқ тўловлари тўланмасдан шакллантирилган маблағ бўлиши мумкин. Бу ҳам келгусида жиддий муаммо келтириб чиқаради.
Эътиборлиси, бугун электрон тўлов тизимлари, жумладан, “Пэйми”, “Клик” каби хизматлар борки, улар орқали баъзан йўқотилган ёки ўғирланган пластик карталардан карта эгасини хабардор қилмасдан туриб ҳам бошқа картага пул ўтказиш имконияти мавжуд. Натижада пластик картадаги маблағлар ноқонуний шаклланган бўлиши мумкин деган шубҳа пайдо бўлади.
“Асака” банк Қашқадарё филиали, автодилер (“Қашқадарё-автотеххизмат” АЖ) ҳамда “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси ўртасида 2016 йил 8 август куни тузилган уч томонлама 1-сонли Қўшимча Шартноманинг 2.5 бандида “Агар мижоз томонидан автомашина учун тўлов пластик карточка орқали амалга оширилганда, хизмат кўрсатувчи банк пластик карточкадаги маблағнинг белгиланган тартибда шаклланишини ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 26 октябрда 1518-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Йўриқноманинг 34-бандига тўлиқ риоя қилинишини текширади” деб кўрсатилган. Ушбу бандда пластик карточка ёки омонат ҳисобларига жисмоний шахснинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган фаолияти учун берилиши лозим бўлган маблағлар кирим қилиниши мумкинлиги айтилган.
Бундан ташқари, “Асака” банк бош офисининг 2015 йил 17 июлдаги 10-327-сонли хизмат хатида ҳам шу масалага ойдинлик киритилган. Унда пластик карточкадаги маблағ жисмоний шахснинг пенсияси, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, дивидендлар ёки уй-жой бузилиши учун келиб тушган компенсация пуллари орқали шаклланган тақдирда у “GM Uzbekistan” қўшма корхонасининг янги ишлаб чиқарилган автомашиналарига тўловларни амалга ошириши мумкинлиги кўрсатилган.
Юқоридаги каби зиддиятли ҳолатлар юзага келмаслиги учун тўлов воситаси сифатида тақдим этилаётган пластик карточкадаги маблағнинг шаклланиш манбаини аниқ кўрсатишини жисмоний шахслардан сўраяпмиз. Бу тадбирлар, албатта уларнинг манфаатларига путур етмаслигини таъминлашга қаратилган.
М.ШУҲРАТОВ суҳбатлашди.