Меню
Қашқадарё
ЯНГИ МАРКАЗДА ИННОВАЦИЯ ВА ИЛFОР ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЯРАТИЛАДИ
Янги марказ очилиши муносабати билан институтда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ҳамкорлигида "Инновация ва технологияларни қўллаб-қувватлаш бўйича устувор вазифалар" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда воҳамиздаги олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари ҳамда йирик саноат корхоналари вакиллари иштирок этишди.
- Ушбу янги марказ фаолияти давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 ноябрдаги "Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда 2018 йил 22 январдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилмоқда, - дейди институт проректори Ғулом Узоқов. - Ушбу марказ илмий салоҳиятга эга бўлган талабаларнинг илмий ишларини ривожлантиришда бевосита аҳамиятга эга. Шунингдек, марказ фаолияти асосида вилоятда инновацион салоҳиятни оширишга шароит ҳозирланади, тадқиқотчи ва ихтирочиларга кўмак кўрсатилади ҳамда уларнинг илмий ихтиролар қилиши ва фойдали моделларга патент олишига имконият яратилади.
Давра суҳбатида ушбу марказнинг фаолияти борасида ҳамда унинг келгусидаги мақсад ва вазифалари тўғрисида иштирокчиларга аниқ маълумотлар берилди. Мазкур марказни замонавий ахборот-технологиялар билан таъминлаш ва зарур ўқув-лаборотория ускуналари билан жиҳозлаш борасида ҳамкор ташкилотлар ўзаро келишиб олишди.
Давра суҳбатида тадбир иштирокчилари томонидан янги марказни ривожлантириш мақсадида бир қанча таклифлар ўртага ташланди.
Дилфуза ЖУМАЕВА