Меню
Қашқадарё
ЯНГИ МАРКАЗ ТАДБИРКОРГА КЎМАК БЕРАДИ
Қолаверса, мамлакатимизда бизнесни ташкил этиш ва юритишда аҳолига ҳар томонлама кўмак бериш, жумладан, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги "Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйишни кўзда тутади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолият йўналиши ва кўлами, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юртимиздаги барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Тегишли ҳужжатга асосан, ушбу тузилманинг асосий вазифаларига аниқлик киритилди, истиқболдаги фаолият йўналишлари қатъий белгилаб олинди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш кабилар шулар сирасига киради.
Аҳамиятлиси, мазкур ташкилотга илгари тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилишда берилмаган имконият ва вазифалар тақдим этилди. Биргина мисол. Эндиликда Савдо-саноат палатаси махсус эксперт кенгашларини ташкил этиш, шунингдек, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ноаниқликлар ва турлича ёндашувларни бартараф этиш бўйича ваколатли давлат органларига мажбурий жавоб талаб этиладиган ёзма сўровномаларни тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бу дегани, ташкилот ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган ҳуқуқий ҳужжатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатлари ифода этилишини таъминлашда иштирок этади.
Бундан ташқари, мазкур тузилма давлат органларининг ваколатли шахслари қарорлари, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар бўйича тадбиркорлик субъектлари номидан суд жараёнининг исталган босқичида иштирок этиш, шунингдек, шикоят аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, жумладан, назорат тартибида рад этиш тўғрисидаги хатларни тақдим этиш имкониятидан фойдаланадиган бўлди.
Яна бир жиҳати, Савдо-саноат палатаси тадбиркорларга бизнес юритиш асослари, бизнес-режалар тузиш, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанларга ўқитишни ташкил этади. Албатта, буларнинг барчаси тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган махсус ўқув курсларида амалга оширилади.
Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси таркибида вилоят марказлари, туманлар ва шаҳарларда "Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази" ташкил этилди. Мазкур марказлар томонидан тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар кўлами ва қамрови жуда кенг экани билан муҳимдир. Айтайлик, ишбилармон муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ниятида. Бу борада марказ томонидан унга зарур кўмак кўрсатилади. Шунингдек, керакли ахборотларни олиш, рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш, лицензиялаш каби давлат хизматларидан фойдаланишда тадбиркорларга ёрдам берилади.
Эндиликда тадбиркор бўлиш истагида бўлган кишилар бизнес-режалар ишлаб чиқишда, шунингдек, лизинг, суғурта ва баҳолаш хизматларидан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш масаласида ёрдам сўраб ушбу марказга мурожаат қилишлари мумкин. Бундан ташқари, бу ерга келувчи ускуналар, мини-технологиялар ва уларни хорижий давлатлардан олиб кириш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар олиш имконига эга бўлади. Ишбилармонларга халқаро стандартлар ва сертификация тизимини жорий этишда, ташқи савдо ҳамкорлари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйишда, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда ёрдам берилади.
Айтиш жоизки, тегишли фармон талабларини бажариш мақсадида вилоятимизда ҳам анча ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда вилоятнинг 13 тумани ва Қарши шаҳрида "Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази" ташкил этилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси билан суҳбатдан ўтган 14 нафар ходим марказ раҳбарлари этиб тайинланди.
Айни пайтга келиб бу марказлар тўлақонли фаолият кўрсатишга киришди. Улар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида "ягона дарча" тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар билан қўшма жойлаштириш тамойили асосида иш олиб боради.
Юртимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан юксалтиришга қаратилган бу каби тадбирлар келгусида ишбилармонлар сафи янада кенгайиши, жойларда юқори қувватга эга ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилишига муҳим замин яратади. Натижада бозорларимизда тўкинлик таъминланади, аҳоли даромадлари кўпайиб, фаровонлик янада ошишига эришилади.
Саъдулла БАБАҚУЛОВ,
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи