Меню

Қашқадарё

04.02.2020 1384

ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР ИҚТИСОДИЙ ЎСИШГА ЗАМИН БЎЛМОҚДА

Енгил саноат

Бир неча йил олдин мамлакатимиз энг кўп пахта толасини экспорт қилувчи давлатлардан бири ҳисобланар эди. Боиси, етиштирилган тайёр хом ашё асосан хорижга сотилган ва табиийки, ундан келадиган даромад ҳам унчалик кўп бўлмаган. Аслида эса пахта толасини ўзимизда чуқур қайта ишлаш ва бу орқали фаолиятдан олинадиган даромадни бир неча баробар ошириш, энг асосийси, минглаб қўшимча иш ўринларини яратиш мумкин эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиб, пахта толасини чуқур қайта ишлашни назарда тутувчи кўплаб лойиҳалар амалга оширилаяпти. Натижада енгил саноат миллий иқтисодиётимизнинг стратегик муҳим ва жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиб бормоқда.

Эътибор қилинг, 1991 йилда юртимизда тайёрланган пахта толасининг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, 2016 йилда  бу кўрсаткич 40  фоиздан ошиқни ташкил этган. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш талаби қўйилгани ҳам эътиборга молик.

Ёки, бошқача айтадиган бўлсак, 2010 йилда Ўзбекистон 1,5 миллиард долларлик пахта толаси экспорт қилган бўлса, 2015 йилда бу рақам 736 миллион долларни, 2018 йилда эса 222 миллион долларни ташкил этган. Келгусида эса хом ашё сотишга буткул чек қўйилиб, фақат тайёр маҳсулотларнигина экспортга чиқариш кўзда тутилган.

Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Бунинг учун кўплаб йирик қувватларни ишга тушириш, мавжуд қайта ишлаш корхоналарини замон талабларига мослаштириш, уларни технологик янгилаш зарур. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги "Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, бу борада тегишли дастурлар, йўл хариталари тасдиқланиб, юзлаб толани қайта ишлаш қувватлари барпо этилди, технологик эскирган корхоналарда модернизация ишлари бажарилди. 

Шаҳрисабз туманидаги "Оқсарой текстиль" масъулияти чекланган жамияти ҳам шу йўналишда иш олиб борувчи  йирик субъектлардан бири ҳисобланади. Доимий равишда амалга оширилаётган модернизация ишлари, янги лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши натижасида корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ҳам, салмоғи ва тури ҳам кўпайиб бормоқда.

- Бугун халқаро бозордаги рақобатга дош бериш осон иш эмас, - дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича технологи Акмал Мирзақулов. - Шу боис мунтазам равишда фаолиятга янги, энг замонавий технологияларни жорий этишга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, ўтган йили  Германиядан 5 миллион 310 минг еврога ип-калава ишлаб чиқариш жараёнини автоматик назорат қиладиган ҳамда маҳсулот сифатини янада яхшилаш имконини берадиган технологияларни харид қилдик. Натижада, иш унумдорлиги ортиб, яна 40 та янги иш ўрини яратилди.

Шунингдек, корхонанинг тикувчилик цехи учун Германиянинг "Maier" компаниясидан 1 миллион 750 минг евро эвазига янги ускуналар олиб келинган. Натижада цех фаолияти кенгайиб, бу ерда яна 50 нафар киши учун иш ўрни ҳозирланди. Шу билан бир қаторда, бу каби лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши натижасида корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, иқтисодий имкониятлари янада кенгайиб бормоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш мақсадида соҳада фаолият олиб бораётган корхоналар олдига ишни кластер усулида ташкил этиш вазифаси қўйилмоқда. Хусусан, 2018 йилда юртимизда 15 та, 2019 йилда 74 та текстиль корхонаси тўлиқ кластер тизимига ўтди. Жорий йилда эса улар сони 88 тага етказилади. Бунда 3 миллион тоннадан ортиқ пахта ҳосилининг барчаси кластерлар томонидан етиштирилиши режалаштирилган.

Айни пайтда "Оқсарой текстиль" корхонаси ҳам Қамаши, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари ҳудудидан 22 минг гектар ерда хом ашё етиштиришни бошлаган. Яқинда корхона томонидан қишлоқ хўжалиги тармоғини янада ривожлантириш, хом ашё етиштириш кўламини янада ошириш мақсадида 20 дан ортиқ ҳайдов ва чопиқ тракторлари харид қилинди.

- Ушбу замонавий техникалар қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни сифатли ташкил этишда жуда катта самарадорликка эга, - дейди  Акмал Мирзақулов. - Қолаверса, уларда ҳам ҳайдовчи ва операторлар учун максимал даражада қулайликлар яратилган. Механизаторлар сира қийналмайди.

Бир сўз билан айтганда, янги лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши, мунтазам равишда технологик модернизация ишларининг амалга ошириб келинаётгани натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми ҳам, иш ўринлари сони ҳам ўсиб бормоқда. Бир пайтлар ишчилари сони 300 га ҳам етмаган  корхонада бугунги кунда қарийб 600 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Шунингдек, ўтган йил давомида корхона томонидан фақат хорижий мамлакатларга 5 миллион 535 минг 621 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, ички бозорга ҳам қарийб 76 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилган.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!