Меню

Қашқадарё

09.06.2018 1936

ЯНГИ ЛОЙИҲА, ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯ ВА БОЙИТИЛГАН ОМИХТА ЕМ

Қарши шаҳрида янги фаолият бошлаган "Мастрокгарант" масъулияти чекланган жамияти ана шундай ем маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

- Фаолият бошлашдан аввал бозорни ўргандик, - дейди жамият таъсисчиси Баҳриддин Муртозаев. - Сўнгги йилларда юртимизда, шу жумладан, вилоятимизда ҳам саноат усулида чорва, парранда, қуён ва балиқ етиштириш кўлами ортиб бормоқда. Ушбу хўжаликларда махсус тайёрланадиган емга талаб бор. Чунки, кутилган даражада гўшт, сут ёки тухум олиш учун озуқа ҳам шунга мос, таркибида жониворларнинг  соғлом ривожланиши учун зарур бўлган барча элементлар бўлиши керак. Шундан келиб чиққан ҳолда, бойитилган омихта ем ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга киришдик.

Тадбиркорнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ,  Россиянинг "Дозаагро" компаниясидан қиймати 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этадиган замонавий технология   харид қилинган. Ушбу технология бир ойда 450 тонна омихта тайёрлаш имконини беради.

- Корхонамизда ишлаб чиқариш жараёни бир неча босқични ўз ичига олади, - дейди корхона иш бошқарувчиси Анвар Авазов. - Аввало тайёрланаётган озуқанинг нима учун мўлжалланаётганидан келиб чиқиб, махсус рацион асосида барча зарур маҳсулотлар, витамин ва бошқа элементлар йиғилади. Шундан сўнг махсус ускунада уларнинг таркиби зарарли бактерия ва микроблардан тўлиқ тозаланади. Хомашё яна бир маротаба лаборатория текширувидан ўтказилгач, эзилиб аралаштирилади. Сўнг аралашма қайси турдаги жонивор учун тайёрланганига қараб, уларга бериш учун қулай шаклга келтирилади ва қопларга жойланади.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, айни дамда корхонада ишлаб чиқарилаётган омихта ем ички бозорда сотилмоқда. Шу билан биргаликда, қўшни Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон мамлакатлари тадбиркорлари билан ҳам маҳсулот етказиб бериш борасида музокаралар олиб борилаяпти.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратда: корхона фаолиятидан лавҳа.

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!