Меню
Қашқадарё
ЯНГИ ЛИНИЯ, ЯНГИ МАҲСУЛОТ
Бироз аввал бу турдаги оёқ кийимларни экспортга йўналтириш ҳам бошланганди. Асосийси, ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этишда энг сўнгги технологиялардан фойдаланилаяпти ва бу эса маҳсулот сифати ҳамда рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Вилоятимиз чарм-пойабзал саноати ривожига қаратилган мазкур лойиҳа тегишли хусусийлаштириш дастури доирасида амалга оширилганини қайд этиш лозим. Илгари бўш турган давлат мулки объектини "ноль" харид қийматида олиш эвазига инвестор катта миқдорда сармоя киритиш мажбуриятини олганди. Соҳада қўлга киритилаётган юқори натижалардан ҳам билиш мумкинки, ушбу шартлар босқичма- босқич муваффақиятли бажарилаётир.
- Айни вақтга қадар лойиҳани тўла рўёбга чиқариш учун 2,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфладик, - дейди корхона раҳбари Дилшод Муфтиллаев. - Натижада 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратдик. Фақатгина махсус ишчи пойабзали тайёрлаш билан чекланиб қолмадик. Бозор талаби ва мавжуд эҳтиёжни ўрганиб, замонавий кўринишдаги оёқ кийимлар ишлаб чиқаришга ҳам қарор қилдик. Шу мақсадда тижорат банкидан кредит олиб, Хитойдан қиймати 400 минг АҚШ долларига баҳоланган линия харид қилдик.
Бу технология ҳар хил моделдаги пойабзалларни тайёрлаш имконини беради. Эркаклар туфлисини шулар сирасига киритиш мумкин. Шу билан бирга бу ускуна ёрдамида чармдан ишланган кроссовкалар тайёрлаш ўзлаштирилди. Бунинг учун зарур хомашёнинг асосий қисми ўзимизда бор. Қолган деталлар, хусусан, тагчармни чет элдан импорт қилаяпмиз. Бунда маҳаллий хомашё улуши 50 фоиздан ошаяпти. Маҳсулотимизни бозорга чиқаришни бошлаганимизга ҳам бир неча ой бўлди. Талаб кўпки, пойабзалларимиз харидорларга манзур бўлмоқда.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, корхонада янги қувват ишга туширилиши билан маҳсулот тури яна 20 тага ортди. Айни пайтда кунига янги моделдаги 300-400 жуфт оёқ кийими ишлаб чиқариш мумкин. Шунингдек, яна 10 нафарга яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Маҳсулот ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида хориждан дизайнерлар жалб қилинган. Ишлаб чиқарилажак пойабзал сифатли, ўз навбатида бежирим бўлишига алоҳида эътибор берилмоқда. Маҳсулотлар вилоятимиз марказидаги савдо дўконларига тарқатилмоқда, Тошкент шаҳридаги савдо ҳамкорларимизга етказиб берилаяпти.
Таъкидлаш жоиз, корхона маҳсулотлари шу кунларда пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ"да "Made in Uzbekistan" номи остида ўтаётган мамлакатимиз иқтисодий соҳа ютуқлари кўргазма-ярмаркасида ҳам кенг намойиш этилмоқда. Ушбу пойабзаллар маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотгани аҳамиятлидир. Корхона раҳбарининг билдиришича, тадбир якунида бир қанча янги ҳамкорлар билан манфаатли шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Бу эса янги бозорларни забт этишга имкон яратиши билан аҳамиятли.
М.ШУҲРАТОВ
Суратларда: "Капитал премиум груп" масъулияти чекланган жамияти фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.