Меню

Қашқадарё

24.09.2021 1794

ЯНГИ КУТУБХОНА ҚУРМАСДАН ЭСКИСИНИ БУЗИБ ТАШЛАШДИ

Ўртада китобхонлар сарсон

 Муаммо ечим топадими?

1981 йилда Китоб тумани марказида кўзи ожиз инсонлар учун мўлжалланган махсус кутубхона ташкил этилган эди. Ўша вақтда бу маскан 1950 йилларда қуриб битказилган ва чорак аср давомида турли мақсадларда фойдаланиб келинган эски иморатда жойлаштирилганди.

Шундан сўнг ҳам яна қарийб 40 йил давомида Китоб тумани кўзи ожизлар махсус кутубхонаси мазкур бинода фаолият юритиб келди.

- Бу йиллар мобайнида кутубхонамиздаги китоблар фонди сезиларли даражада бойиб борди, - дейди кутубхона мудири Шавкат Нормаҳматов. - Сўнгги йилларда Брайль ёзувида чоп этилган ва аудио шаклидаги китобларимиз сони 1700 дан ошди. Китобхонларимиз кўпайди. Ҳар куни ўнлаб кўзи ожиз инсонлар келиб, бу ердаги адабиётлардан фойдалана бошлашди. Аммо тан олиш жоиз, йиллар давомида таъмирланмаган, эскириб тамом бўлган кутубхона биноси ҳеч бир талабга жавоб бермай қолган, китобхонлар учун шарт-шароит йўқ эди. Ҳатто китобларни сақлашнинг ўзи муаммо туғдира бошлади.

Шавкат Нормаҳматов бу борада туманнинг собиқ ҳокими Рустам Сагдуллаевга бир неча бор мурожаат этган. Аммо натижа чиқмаган. Кутубхона мудири ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлардан бири билан келишиб, унинг маълум шартлар асосида кутубхона учун янги бино қуриб беришга розилигини олган. Шартга кўра, тадбиркор Ҳикматилло Раҳматов эски кутубхонани бузиб, ўрнига икки қаватли замонавий бино қуриши, унинг бир қаватида кутубхона жойлашса, иккинчи қавати тадбиркорга тегишли бўлиши керак эди. Лекин бу таклифга ҳам ҳокимлик қизиқиш билдирмаган.

Орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтиб, туманнинг янги ҳокими Алишер Зокиров  тадбиркор Ҳикматилло Раҳматовни айнан шу масалада чақирди. Бир пайтлар Китоб тумани кўзи ожизлар махсус кутубхонасини қуриш ҳақидаги лойиҳасини эслатиб, фикрини сўради.

- Мен ҳозир ҳам фикрим ўзгармаганини айтдим, - дейди тадбиркор.  - Кейин туман ҳокимининг ўзи шу жойга келиб, лойиҳа билан танишди. Бинони икки қаватли эмас, камида уч қаватли қилиб қуриш кераклиги ҳақида маслаҳат берди. 

Ҳокимнинг бинони уч қават қилиб қурасиз, дегани ҳам бекорга эмас эди. Чунки кутубхона ва катта йўл оралиғида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими биноси жойлашган бўлиб, ҳоким бу бино йўлнинг қизил зонасида тургани боис кўп ўтмай бузиб олиниши, тадбиркор қурадиган бино эса йўл бўйидаги асосий объектга айланишини билдирди. Аммо, энг ёмони, ҳамма гаплар оғзаки бўлган.

- Туман ҳокимининг департамент биноси бузиб олинади, деган гаплари мени бу ишга янада руҳлантирди, - дейди тадбиркор. - Албатта, тадбиркор одам қандай ташаббусга қўл ўрмасин, аввало ундан иқтисодий манфаат кўришни ўйлайди. Мен ҳам агар департамент биноси бузилиб, йўл билан орамиздаги масофа очилса, бу жойнинг қулайлиги бир-неча баробар ошиб кетиши ҳақида ўйладим. Катта йўл, одам гавжум жойга эса қанча пул тикса ҳам арзийди.

Хуллас, фурсатни бой бергиси келмаган тадбиркор 2020 йилнинг бошидан ишга киришади. Аввалига барча ҳужжат ишларини ўзи тўғрилаб, сўнг туман ҳокимининг тегишли фармойиши ва бошқа масъул ташкилотларнинг рухсати асосида кутубхона биносини бузиб олади.

Ана шундан сўнг ҳам бир йилдан кўпроқ вақт ўтибдики, туман ҳокими айтганидек, департамент биноси бузилгани йўқ. Аслида бузилиши ҳақида гап-сўз ҳам бўлмаган. Тадбиркорнинг айтишича, бу шунчаки туман ҳокимининг ўша пайтдаги  фикри бўлган чоғи. У эса ана шу фикрнинг амалга ошишига ишониб, катта ишга қўл уриб қўйган. Лойиҳа бўйича у 3,5 миллиард сўмлик замонавий бино қуриб, бир қаватини кутубхона учун берганида ҳам қолган икки қаватида хизмат кўрсатиш ва савдо фаолиятларини йўлга қўймоқчи эди. Аммо олдиндаги бино бузилмаса, у қуражак бино ортда қолиб кетади, кўзга ташланмайди, мижозлар ҳам келиши даргумон. Айни шу сабаб лойиҳани бошлашга иккиланиб турибди. Ўрта йўлда эса кутубхона эски биносидан айрилиб, янгисига ҳам эга бўлмай турибди. Унинг фондидаги китоблар эса ҳозир бировларнинг уйларида сақланаяпти.

Ҳолатни ўрганган пайтимизда тадбиркор Ҳикматилло Раҳматов нима бўлганида ҳам лойиҳани амалга оширишини айтди. Аммо бунинг учун, ҳеч бўлмаганда, бу ердаги трансформатор кўчирилиб, тепадан ўтган электр кабеллари олиниши ва унинг қурилишни амалга оширишига шароит яратиб берилиши кераклигини таъкидлади.

Туман электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Камол Исмоилов эса бу вазифани ўз зиммасига олиб, трансформаторни кўчириш ва тепадаги кабелларни қурилишга халақит қилмайдиган даражага келтириб беришни ваъда қилди.

Ўйлаймизки, ҳар икки томон ўз ваъдаларининг устидан чиқади ва муаммо ниҳоят ечилади. Ахир мамлакатимизда фуқароларни китобхонликка жалб  этиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, масъулларнинг Китобдаги кутубхонанинг ачинарли ҳолатига бундай бефарқлик қилиши сираям  ярашмайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!