Меню
Қашқадарё
ЯНГИ ЙЎНАЛИШЛАР ҲИСОБИГА ДАРОМАД ОШМОҚДА
Бугунги кунда кичик бизнеснинг устувор жиҳати шундаки, у бозор шароитига, талабга тез мослаша олади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, қисқа фурсатда фаолият турини ўзгартириш, янги тармоқларни ташкил этиш орқали юқори самарадорликка эришиш мумкин. Асосийси, мазкур ҳолатда келадиган фойда салмоқли бўлади. Буни соҳада муваффақиятли иш олиб бориб, улкан ютуқларни қўлга киритаётган кичик корхоналар мисолида кўриш мумкин.
Қарши туманидаги “Иллинойс” масъулияти чекланган жамияти ҳам ишлаб чиқариш жабҳасида етарли тажриба тўпланган тадбиркорлик субъектларидан биридир. 2010 йилда ташкил этилган корхона аввалига нисбатан ихчам йўналишларда фаолият кўрсата бошлади. Бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик цех ишга туширилди. Ўтган даврда ушбу тармоқларда сезиларли даражада ўсиш қайд этилди.
- Айни пайтда мазкур ишлаб чиқариш майдонимизда МДФ эшиклар, алюминий профилли эшик ва ромлар ясалаяпти, - дейди корхона раҳбари Искандар Ашуров. – Шунингдек, буюртма асосида бир неча турдаги юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташкил қилганмиз. Бу жараёнда замонавий ускуналардан фойдаланаяпмиз. Маҳсулдорлик ортиши натижасида даромадимиз ҳам кўпайди. Жамғарилган маблағ ҳисобидан фаолиятимизни бир қадар кенгайтиришга қарор қилдик. Етмаганига тижорат банкидан кредит олишда кўмак сўрадик. Пировардида жорий йилнинг ўзидаёқ 3 йўналиш бўйича бизнес-режаларимизни амалга оширдик. Бироз аввал ўзимиз учун янги бўлган текстиль соҳасига қўл урдик. Шу мақсадда хориждан 10 дан зиёд замонавий тикув дастгоҳларини олиб келтирдик. Қўшимча 4 та доимий ва 10 га яқин мавсумий иш ўрни яратдик. Бора-бора янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Ҳозирда цехимизда тайёрланаётган тикувчилик маҳсулотлари тури 100 хилдан ошди. Спорт либослари, болалар кийим-кечаклари, костюм-шим, ички кийимлар, аёллар кўйлаклари шулар жумласидан. Уларни асосан ички бозорга йўналтираяпмиз. Қолаверса, хорижга маҳсулот экспорт қилиш имкониятлари, талаб-таклифни ўрганаяпмиз.
Тадбиркорнинг айтишича, янги цехда махсус иш кийимлари, кўрпа-тўшак, чойшаб тикиш ҳам йўлга қўйилган. Бу турдаги маҳсулотлар шартнома асосида буюртмачиларга етказиб берилаяпти. Бугунги кунга қадар ишбилармон қиймати 200 миллион сўмдан ошиқ келишувлар бўйича ўз мажбуриятларининг асосий қисмини бажарган. Корхона қошида яқинда ўқув-маркази фаолият кўрсата бошлаганини яна бир янгилик дейиш мумкин. Бу ерда асосан 30 нафарга яқин хотин-қиз тикувчиликка ўргатилаяпти. Келгусида етарли маҳорат ва кўникма орттирган ўқувчиларни касаначилик асосида меҳнатга жалб қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, тадбиркор хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ўзини синаб кўришга аҳд қилган. Чет элдан қиймати 14 минг АҚШ долларилик кенг масштабли чоп этиш ускунаси келтирилгач, полиграфия маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилди. Искандар Ашуров кейинчалик яна бир қанча истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришни ният қилган. Ишбилармон юртимизда кичик бизнес ривожига устувор аҳамият берилаётган бир пайтда мавжуд бисёр имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайди.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.