Меню

Қашқадарё

25.10.2019 2902

ЯНА БИР ЁПИҚ СУВ ҲАВЗАСИ - ЁШЛАР ИХТИЁРИДА

       Мутахассисларнинг таъкидлашича, сузиш инсон саломатлиги учун энг фойдали спорт турларидан бири ҳисобланади. Яъни сузиш билан мунтазам шуғулланган кишида умуртқа поғонаси билан боғлиқ муаммо умуман учрамайди, қомати расо бўлади, танасида қон айланиши яхшиланади, ички аъзолари маромида ишлайди, организмда мустаҳкам иммунитет ҳосил бўлиши ҳисобига уни мавсумий касалликлар безовта қилмайди.

Қолаверса, сузиш бутун дунёда оммалашган спорт турларидан биридир. Турли йирик мусобақалар, хусусан, олимпиада ўйинларида айнан сузиш бўйича энг кўп медаллар жамғариш имконияти мавжуд. Шу боис кўплаб ривожланган мамлакатларда ушбу спорт турини кенг оммалаштиришга, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳамиятлиси, сўнгги вақтда юртимизда ҳам сузиш спорти жадал ривожланиб бораяпти.

Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, сўнгги йилларда ҳудудда сув спорти иншоотлари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ҳозирги вақтда вилоятда ўн бешдан ошиқ йирик сузиш ҳавзалари ишлаб турган бўлса, уларнинг ўндан ортиғи ёпиқ турдаги бассейнлардир. Аксарияти яқин 3-4 йил ичида бунёд этилгани ҳам эътиборга молик.

Мисол учун, 2016-2017 йилларда Касби туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли сув ҳавзаси капитал реконструкция қилиниб, ёпиқ турдаги сузиш иншоотига айлантирилди. Косон туманида худди шундай иншоот янгидан барпо этилиб, ҳудуддаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига топширилди. Бир қатор ёпиқ сузиш ҳавзалари таъмирланиб, шарт-шароитлар яхшиланди. Ўтган йили эса Қарши шаҳрида янги, замонавий    дизайн ва барча шарт-шароитларга эга  навбатдаги ёпиқ сузиш ҳавзаси ишга туширилган эди. Жорий йилда эса Китоб туманида ҳам ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Йирик спорт мажмуаси таркибида бунёд этилган ҳавзада болажонлар йилнинг барча фаслларида бирдек сув спорти билан шуғулланиши мумкин.

- Айни пайтда мажмуа мактабимиз ихтиёрига берилган, - дейди Китоб туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Нозим Қаюмов. - Хусусан, ёпиқ сув ҳавзамиз хусусида гапирадиган бўлсам, бу ерда иссиқ ва совуқ кунларда ҳам бирдек машғулотлар олиб бориш имкони бор. Сувни тозалаш, иситиш тизимлари мавжуд. Хона ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш мумкин. Албатта, бундай юқори даражадаги шароитлар келгусида ўқувчиларимизнинг сув спорти бўйича ҳам мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритишига замин ҳозирлайди. Ҳозирда мазкур йўналишда тўгараклар ташкил этилиб, қатнашувчилар тегишли шифокорлар хулосаси асосида танлаб олинмоқда.

Сир эмаски, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли орасида ҳам сузиш билан шуғулланиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳаракат қиладиганлар кўп. Уларнинг талабидан келиб чиқиб, ҳафтанинг маълум бир кунлари аҳоли вакиллари учун ҳам сув ҳавзасидан пуллик фойдаланиш тизими йўлга қўйилгани айни муддао. 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!