Меню

Қашқадарё

17.06.2017 2050

ЯКУНИЙ БОСҚИЧДА 8 НАФАР ЎҚУВЧИМИЗ ҒОЛИБ

Аҳамиятлиси, ёш тадбиркорнинг бу лойиҳаси  жорий йилнинг 5-10 июнь кунлари ташкил этилган “Менинг бизнес ғоям” танловининг республика босқичида энг яхшилардан бири деб топилди. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот ёшлар оромгоҳи”да ўтказилган ушбу тадбирда танловнинг ҳудудлар босқичида ғолиб бўлган 150 нафар ёш иштирок этди.

Айтиш жоизки, мазкур танлов касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларида ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, юртимизда якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, касаначиликни ривожлантириш, микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга ошишига, ҳаётда ўз мустақил ўрнини топишига кўмаклашишга кенг имкон бераяпти.

Танловнинг ҳал қилувчи босқичида қатнашчиларга мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожантириш учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд имтиёз ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, маркетинг сиёсати, бухгалтерия ҳисобини юритиш, бизнес-режа ёзиш талаблари, тадбиркор психологияси мавзуларида малакали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

- Тадбир давомида ўз бизнес-режамни янада мукаммал кўринишга келтириш, камчиликларини бартараф этишга ҳаракат қилдим ва уни ҳакамлар эътиборига тақдим қилдим, - дейди Қарши санъат коллежи ўқувчиси Рухсора Аслонова. – Тадбиркорлик йўналишимни ўз мутахассислигим бўйича танладим. Замонавий ва миллий услубда тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этмоқчиман. Турли трикотаж кийим-кечаклар, аёллар либослари тикишни йўлга қўяман. Лойиҳамнинг қиймати 50 миллион сўмга тенг. Бу пулга тикув дастгоҳлари, мато сотиб оламан. Корхонам ишга тушгач, 5 янги иш ўрни яратилади. Тақдимот пайтида ушбу мақсадимни тўғри баён қила олдим ва танлов ғолиблигини қўлга киритдим.

Эътиборли жиҳати, вилоятимиз номидан танловнинг республика босқичида 12 нафар ўқувчи қатор истиқболли лойиҳалари билан қатнашди. 8 нафар ёшнинг бизнес-режаси энг яхши дея эътироф этилди ва улар 50 нафар ғолиб орасидан жой олди. Ғолибларга (Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоизларда) имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи дипломлар топширилди. Мазкур кредит фоизлари тўлиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан тўлаб берилади.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: танлов ғолиблари.

Собир Нарзиев олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!