Меню
Қашқадарё
ЯККАБОFДА УЧҚУР ОТЛАР ПАРВАРИШЛАНМОҚДА
Бу маълумотни илк бор милоддан аввалги 120-йилларда Хитойнинг Ғарбий Хан империяси ҳукмдори У-дига ўз элчиси Чжанг Чян етказган эди. Ана шундан бошлаб элчи Фарғонада кўрган "самовий отлар" Хитой императорларининг доимий қизиқишига сабаб бўлиб келган. Императорларнинг Фарғона отларини қўлга киритиш мақсадида бир неча маротаба ҳарбий юришларни амалга оширгани ҳам тарихдан маълум. Ўз навбатида Чин юртида бу отлар ҳақида кўплаб асарлар, шеърлар ёзилган, афсоналар тўқилган.
Манбаларда қайд этилишича, хитойликлар Фарғонанинг "қон терли отлари" деб аташган бу тулпорлар бўйи баланд, танаси бақувват, лекин ихчам тузилган, бўйни оққушники сингари қайрилган, қирғийбурун бўлган. Уларнинг тасвири Фарғонадаги қоятош суратларида - Аравон қоясида, Марҳамат яқинида, Новкат водийсида ва Обиширда, Айирмачтов тоғ тизмасида тасвирланган. Бу тасвирлардаги отларнинг аксарияти чайир, яғрини баланд, оёқлари алифдек, мўъжазгина каллали, узун оҳиста эгилган бўйинли. Буларнинг бари зотдор отларнинг ўзига хос белгиларидир. Яъни бу отлар ҳозирги ахалтеки, қорабайир зотли отларнинг аждодлари бўлган.
Таъкидлаш жоиз, Қашқадарё воҳаси ҳам қадим-қадимдан ўзининг миллий ўйинлари, хусусан, улоқ-кўпкариси билан машҳур. Бу ердан етишиб чиққан қанча-қанча полвонларнинг довруғи нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам ёйилган. Шу билан бир қаторда, вилоятимиз полвонлари от танлаш, уни парваришлаш бобида ҳам ўз мактабига эга. Воҳамиз полвонларининг фахри бўлган кўплаб отлар борки, уларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида билишади, танишади, бу тулпорлар қатнашадиган кўпкарига томошабинлар ёпирилиб келади.
- Қадим-қадимдан машҳур бўлган қорабайир зотли отлар Ўрта Осиёнинг барча давлатларида парваришланса-да, юртимиз, хусусан Самарқанд ва Қашқадарёда бу турдаги отларни урчитиш, тарбиялаш борасида катта тажриба тўпланган, - дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Бурҳон Бойбулов. - Бу ҳудудларда ўтадиган маҳаллий улоқ-кўпкари ўйинларида чавандозлар асосан қорабайир, ахалтеки каби зотдор отлардан фойдаланган. Айниқса, қорабайир наслли отларни полвонларимиз алоҳида қадрлашган. Чунки миллий от спорти мусобақаларида унга тенглашадигани топилмайди. Бу зот ўзининг қатор биологик хусусиятлари билан бошқа турдошларидан устунликка эга. Яъни янги шароитга тез мослашади, иссиқ ва совуққа бардошли. Пойгада, айниқса, узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда бошқа зотлардан асло қолишмайди. Бир сўз билан айтганда, маҳаллий қорабайирларимиз ўзида араб отларининг кўркамлигини, мўғул отларининг чидамлилигини, туркман отларининг тезлигини мужассамлаштирган.
Бугунги кунда юртимизда кенг тарқалган маҳаллий қорабайир зотли отлар мустаҳкам гавда тузилишига эга. Боши ўртача катталикда, қулоқлари, бўйни ўртача узунликда, яғрини баланд, орқаси қисқа ва кенг, кўкраги ва мускуллари, қовурғаси яхши ривожланган, оёқ-туёқлари мустаҳкам. Қорабайир отларининг хулқи ювош ва серҳаракат, бизнинг яйлов шароитимизга яхши мослашган. Бу зотга мансуб отларда асосан тўриқ, жийрон, кўк, қора туслар кўп учрайди.
Бугун халқимизнинг фахри бўлган ана шу тарихий отларнинг довруғини тиклаш, айниқса, зотдор қорабайир отларини кўпайтириш, шу асосда мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, янги лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида кўплаб истиқболли лойиҳалар қаторида, Яккабоғ туманида ташкил этиладиган қорабайир отчилик мажмуаси лойиҳаси билан ҳам танишиб, уни мукаммаллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди. Аҳамиятлиси, ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар қисқа муддатда тугалланиб, мажмуа фаолияти тўлақонли йўлга қўйилди. Бугунги кунда мажмуада 200 дан ортиқ зотдор отлар парваришланмоқда.
- Отларимизнинг аксарияти қорабайир зотига мансуб, - дейди "Яккабоғ Қорабайири" масъ- улияти чекланган жамияти раиси Маҳматқул Қудратов. - Уларни маҳаллий отлар ичидан маълум фазилатларига қараб саралаб олганмиз. Масалан, баъзи отларимиз чопқирлиги билан ажралиб туради. Кучли, чидамли улоқчи отлар бор. Ҳозирда, наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга эътибор қаратганмиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилишига замин бўлди.
Қарорда мамлакатимизда зотдор отларни кўпайтириш, от спортини ривожлантиришга оид қатор чора-тадбирлар билан бир қаторда, вилоятимизда "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси ёрдамида қорабайир зотли отларни етиштириш ва селекция қилиш мажмуаси яратилиши ҳам кўзда тутилган.
Айни пайтда, зотдор отларни боқиш, тарбиялаш ва от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган ушбу йирик мажмуа Яккабоғ туманида барпо этилаяпти. Барча замонавий талабларга жавоб берадиган мазкур от спорти мажмуасида бир нечта пудратчи ташкилотлар иш олиб бормоқда.
- Ушбу мажмуа келгусида маҳаллий ва халқаро миқёсдаги от спорти мусобақалари ўтказиладиган, наслли отлар парваришлана- диган замонавий от спорти саройига айланади, - дейди қурилиш ишларини амалга ошираётган пудратчи ташкилотлардан бири - "Автонур Пресс" масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Саидваққос Ҳамроев. - Умумий ҳисобда, мажмуа қурилишида 420 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
Лойиҳага кўра, 5,7 гектар майдонда барпо этилаётган замонавий мажмуада келгусида маҳаллий мусобақалар билан бир қаторда, юқори даражадаги халқаро мусобақаларни ҳам ўтказиш мумкин. Хусусан, от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжаллаб барпо этилаётган иккита майдоннинг бири очиқ, бошқаси эса ёпиқ ҳолатда бўлади. Бу эса исталган фаслда ҳам бирдек мусобақалар ўтказиш, машғулотлар олиб бориш имконини беради.
Ўйингоҳлар ёнида ҳар бирига 50 тадан от сиғадиган 4 та отхона барпо этилади. Уларда 100 бош спорт отлари парваришланса, яна 100 бош ёш от доимий равишда тарбияланиб, келгуси спорт мусобақаларига тайёрлаб борилади.
Маълумки, ота-боболаримиз азал-азалдан от парваришлашда уни чўмилтириш, сувда чиниқтиришга алоҳида аҳамият қаратишади. Айниқса, ёз ойида айғирларни 10-12 минут 14-15 даража иссиқликдан паст бўлмаган сувда чўмилтириш жуда фойдалидир. Шу жиҳатларга кўра, мажмуада 1,6 метр чуқурликка, 16 метрлик айлана узунликка эга отларни сувда чиниқтириш майдони ҳам барпо этилмоқда. Ушбу замонавий иншоотда тулпорлар сувда сайр қилади, тепадан эса махсус пуркагичлар ёрдамида сув сепиб турилади. Ҳудуддан яна 100 гектар майдон отларга ем-хашак етиштириш, уларни сайр қилдириш учун ажратиб берилиши мўлжалланган.
Шунингдек, бу ерда доимий спорт мусобақалари ўтказилиши, хорижий давлатлардан ҳам спортчилар, меҳмонлар ташриф буюриб туриши инобатга олиниб, мажмуа атрофини ободонлаштириш, янги уй-жойлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхоналар барпо этиш кўзда тутилган.
Халқ мақолларида, афсона ва асотирларида от инсоннинг энг яқин йўлдоши, дўсти, кўмакчиси сифатида тилга олинади. От боғланган ҳовлига ёмонлик йўламаслиги, от минган кишининг доимо соғлом юриши ҳақидаги гаплар ҳам бежизга айтилмаган. Қувонарлиси, мамлакатимизда отчиликни, от спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор замирида ҳам ота-боболаримиз доимо ардоқлаб келган зотдор отларни кўпайтириш, миллий тулпорларимиз довруғини дунёга ёйиш, юртимизда от спортини янада оммалаштириш, шу асосда ёшларимизни соғлом ва баркамол авлод қилиб вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ