Меню
Қашқадарё
Яккабоғ тумани: МАНЗИЛИ ҚУТЛУҒ, ТОЛЕИ ПОРЛОҚ, АЗМУ ШИЖОАТИ ЮКСАК
Биллур деб аташимизнинг боиси бор. Чунки Шаҳрисабз, Чироқчи, Қамаши ва қисман Деҳқонобод туманлари ҳамда Сурхондарё вилояти билан чегарадош ушбу туманнинг абадий қор қоплаган тоғларидан қуйига қараб йўл олсангиз, кўзингиз турфа нодир дарахтлардан иборат бепоён ўрмонларга, уларнинг пойига тўшалган майсазор, яйловларга тушади. Тоғлар бағридан жилдираб зилол булоқлар оқади, улар бирлашиб дарёларга айланади. Сўнгра қаршингизда мевалардан шохлари букилган боғлар, пайкалларидан қут-барака оқиб турган далалар, пахтазору ғаллазорлар намоён бўлади.
Бир пайтлар ана шу биллурнинг юзасини чанг қоплаб, гўзаллигига ғубор тушганди. Унинг тароватли табиатини асрашга, энг муҳими, одамларининг ҳаётини яхшилашга деярли эътибор қаратилмаганди. Шукурки, истиқлол шарофати билан ҳаммаси ўзгарди. Яккабоғ ўзини, яккабоғликлар ўзлигини топди. Бу ҳудуд одамлари билан бир марта суҳбатлашсангиз, улар истиқлол берган имкониятлардан тоабад миннатдор эканига, ўзгаришлар, янгиланишлар аввало уларнинг қалбида сайқал топаётганига амин бўласиз.
ҚИШЛОҚ ТАРАҚҚИЁТИДА ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧ
Биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини олайлик. Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ аввало ер ўз эгасини топди. Фермерлик ҳаракати қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи етакчи кучга айланди. Бунинг натижасида аграр соҳада рентабеллик кескин ортди, қишлоқларда ҳам саноат ривожланмоқда, аҳоли бандлигини таъминлашдек муҳим масалага ўз вақтида ечим топилмоқда.
- Кеча ким эдигу, бугун ким бўлганимизни ўз ҳаётим мисолида айтиб бераман, – дейди тумандаги “Қаҳрамон Лочинбек ўғли” фермер хўжалиги раиси Қаҳрамон Яхшибоев. - Отам собиқ тузум даврида колхозда ишлаган. Умр бўйи далада меҳнат қилиб, топгани томоққа ямоқ бўлган, холос. Ўша пайтда асосий мақсад нима қилиб бўлса-да, режани бажариш, бунинг “мукофот”ига эса бир амаллаб қора қозонни қайнатиш эди. На рағбат топар, на раҳмат эшитарди. Кечаги деҳқон билан бугунги фермерни умуман таққослаб бўлмайди. Чунки фермер тирикчилик ташвиши билан эмас, юксак орзулар билан яшаётган ва унга эришаётган мулк эгаси.
Дарҳақиқат, бугунги фермер - ҳақиқий мулкдор. У энди ўзи фаровон ҳаёт кечиришидан ташқари, қишлоқ тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган кучга айланиб улгурган. Маҳалла гузарлари ёки савдо шохобчалари дейсизми, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳаси дейсизми, буларнинг барчасида фермерларнинг улуши, иштироки бор.
Кечаги деҳқоннинг косаси оқарганмиди? Бири икки бўлганмиди? Йўқ. Бугун фермер замоннинг энг илғор тажрибаларини ўзлаштириб, бир парча ердан улкан манфаатдорлик кўраётгани ниҳоятда муҳим ҳодиса. Энг асосийси эса, бугунги деҳқоннинг дунёқараши ўзгарган. Меҳнат қилган роҳат топишини ўз ҳаёти, ён-атрофидагилар мисолида кўриб, ҳис қилиб келаяпти. Шунга мос равишда йилдан-йилга маҳсулдорликни ҳам ошириб бормоқда.
Хусусан, 2000 йилда туманда 7 миллиард 354 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 305 миллиард 876,4 миллион сўмга етганиёқ туман деҳқонларининг азму шижоати нечоғлик юксалиб бораётганини кўрсатади.
148 ТА ЛОЙИҲА ҲИСОБИДАН 915 ТА ИШ ЎРНИ
Мустақилликкача туманда битта саноат корхонаси фаолият юритган. У ҳам бўлса, пахта тозалаш заводи эди. Ҳозирги кунда эса ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 60 фоиздан ортиғи саноат ишлаб чиқариши билан машғул.
- Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида уларнинг сони 1124 тага етди, - дейди туман ҳокимлиги ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Соҳиб Жуманов. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 2 августдаги қарори билан тасдиқланган 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига мувофиқ ҳудудда то ҳозирги вақтга қадар 19 миллион 384 минг АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилиниб, 60 та истиқболли саноат лойиҳаси муваффақиятли рўёбга чиқарилиши таъминланди.
Масалан, “Универсал тараққиёт текстиль” масъулияти чекланган жамиятида ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 100 нафарга яқин йигит-қизлар иш билан банд. Корхонада йилига 2,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
2016 йилнинг ўтган даврида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 14 миллиард 897 миллион сўмлик 148 та лойиҳа амалга оширилиб, бунинг ҳисобидан 915 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган 226 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 22 миллиард 955 миллион сўм маблағ сарфланди.
Кечагина умрини пахта бригадаларида арзимаган мояна эвазига ўтказишга мажбур, ишлаб туриб, ишсиз саналган кишилар бугун иқтисодиётнинг турли соҳаларида барқарор иш ўрни ва юқори даромадга эгалиги юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Яккабоғ тумани аҳолисининг ҳам истиқлол сабаб толеи порлоқ бўлганини кўрсатади.
ЎЗИМИЗНИНГ ТОМОРҚАДАН...
Бугун туманнинг қай бир хонадонига кирманг, янги узилган помидорми, бодрингми, сархил меваларми, “ўзимизнинг томорқадан”, дея сийлашади. Томорқа яккабоғликлар учун том маънода хазинага айланган. Биров сабзавотчилик, лимончиликни йўлга қўйган бўлса, яна кимдир асаларичилик, балиқчилик, паррандачиликдан катта даромад олаяпти.
Шунда беихтиёр собиқ тузум даврларини эслайсан киши. Авваллари ёш болалардан тортиб кексаларгача барча эрта тонгдан то қош қорайгунга қадар ғўза парваришидан тортиб, пахта йиғим-теримигача сафарбар этилар, томорқадан фойдаланиш, паррандачилик, чорвачилик билан шуғулланиш учун эса вақт ҳам, имконият ҳам етмасди. Энди-чи?!
- Томорқа нимага берилади? Албатта, гуллатиб-яшнатиб, мўл ҳосил етиштириш, фойда кўриш учун, - дейди Совуқбулоқ қишлоғилик Гулбаҳор Бойназарова. – Кўриб турганингиздек, томорқамиздаги иссиқхонада 60 туп лимон етиштираяпмиз. Ҳосилидан келадиган даромад ҳам шунга яраша бўлаяпти.
Ҳа, бу қишлоқда Гулбаҳор опага ўхшаган кичик томорқанинг катта имкониятларидан фойдаланиб келаётган оилалар сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Улар ҳам рўзғор тўкинлиги, ҳам бозорларимиз мўл-кўллигига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Энг муҳими, меҳнат қилган одам қадр топаяпти, элнинг корига яраяпти.
ҲОСИЛДОРЛИК ОШАЯПТИ, ДАРОМАД ҲАМ
Айни дамда туманда барча турдаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек, уларни сақлаш ва айримларини қайта ишлаш учун шарт-шароит, имконият ва ресурс етарли. Деҳқоннинг тинимсиз меҳнати натижаси ўлароқ бу ернинг ноз-неъматларида ўзгача таъм мужассам. Етиштирилаётган ҳар бир мева ёки полиз маҳсулотларидан даставвал ички бозорларимизнинг эҳтиёжи таъминлангач, қолган қисми четга экспорт қилинмоқда.
- 600 тонна сиғимли совутиш камерали омборимиз бор, - дейди “Олтин мева” масъулияти чекланган жамияти раиси Тўлқин Нормуродов. - Айни кунларда қишда ҳам бозоримизни сархил мевалар билан тўлдириш ва ортганини экспортга чиқариш мақсадида аҳолидан шартнома асосида олма, узум ва қовоқ саралаб олинмоқда. Агрофирмамизда 22 нафар ишчи меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг асосий қисми коллеж битирувчиларидир.
Тумандаги Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 180 та фермер хўжалиги бор.
- Бир гектар ерга олма экканмиз, - дейди “Дилором Хўжақулова” фермер хўжалиги раиси Дилором Хўжақулова. – Ҳар мавсумда олмадан 10 тоннадан ошириб ҳосил йиғиб оламиз. Дарахтлар оралиғига эса дуккакли дон экинлари ва супурги экамиз. Супургини ҳам агрофирма орқали Хитойга экспорт қилаяпмиз.
Яккабоғнинг тоза ҳавоси, зилол суви таъмига сингиб кетган мева-сабзавотлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида харидоргир. Улар бундан баҳраманд ҳам бўлишаяпти. Боғбону деҳқонларимиз эса бундан даромад, манфаат кўраяпти.
САЛОМАТЛИК – ТУМАН БОЙЛИК
Бугун Яккабоғнинг олис қишлоқларидаги ҚВПларда ҳам замонавий тиббий хизмат йўлга қўйилган.
- Илгари ўн болали онага “қаҳрамон она” деб қарардигу, унинг ва фарзандларининг саломатлиги, эртаси хусусида қайғурилмасди, - дейди Олақарға қишлоқ врачлик пункти мудири Дилнавоз Турдиева. - Бугунги оналаримизга яратилган шароитни аввалгиси билан қиёслаб кўринг-чи, ер билан осмонча фарқ бор. Бугун тизимда “Соғлом она – соғлом бола” шиори фаолиятимиз мезонига айланди. Она ва бола саломатлигини муҳофазалаш давлат сиёсати, миллат истиқболи билан боғлиқ масала даражасига кўтарилди. Энди ҳар бир бола тан-жонининг соғлиги, унинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар эгаллаши масалаларида Юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан беқиёс ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Буни дунё тан олиб турибди.
- Илгари бетоб бўлиб қолсак, тоғли ҳудуддан, ўйдим-чуқур йўллардан туман марказидаги поликлиникага келиб-кетишга анча вақт сарфлардик, - дейди Ҳиммат момо Жўраева. - Бугун бориб текширувдан ўтсак, уч-тўрт кундан кейин келиб натижаси олинарди. Соғлом бўлсак-ку яхши, лекин шифокор бирор ташхис қўйса, ҳафта-ўн кун туман марказига қатнаб тинка-мадоримиз қурир, олган муолажамиз эса бесамар кетарди. Марказга қатнашга имконияти бўлмаган айрим ҳомиладор аёлларимизнинг эса туғруқ даври оғир кечар, болалари нимжон, баъзи ҳолларда ногирон туғиларди. Энди-чи? Энди ҳар бир қишлоқнинг ўз “дўхтирхона”си бор. Бу ерда болалар ҳам, катталару ҳомиладор аёллар ҳам текширувдан ўтиб, бемалол муолажа оладилар. Уларнинг вақти ҳам, пули ҳам тежалаяпти.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, айни пайтда туманда аҳолига 5 та шифохона, 4 та поликлиника, 23 та қишлоқ врачлик пунктида малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бу рақамлар нимани англатади? Албатта, туманда тиббий хизмат даражаси қанчалик ўсиб бораётганини, юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қай даражада эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини.
КИЧИК САРМОЯ ОРТИДАН КАТТА ДАРОМАД
Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликка кенг йўл очилиб, уларга турли енгиллик ва имтиёзлар берилгани қандай самара бераётганини тумандаги Янгиобод маҳалласи мисолида яққол кўриш мумкин. Бу маҳалла истиқлол йилларида тобора чирой очиб, тараққий этиб бораётган масканлардан. Бу бежиз эмас, албатта.
- 3100 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудимизда ишбилармонлик, оилавий тадбиркорлик ривожланган, - дейди маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаррам Алимова. – Маҳалламиздаги қандолатчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мебелсозлик, тикувчилик, каштадўзлик билан шуғулланаётган кўплаб оилавий тадбиркорларимиз йилдан-йилга фаолиятини кенгайтириб, харидоргир маҳсулот турларини кўпайтиришга ҳаракат қилишаяпти.
- Оила аъзоларим билан мебель ишлаб чиқаришни ташкил қилдик, - дейди оилавий тадбиркор Фарҳод Рўзиев. - Буюртма асосида ошхона, меҳмонхона, ётоқхона, офис жиҳозлари ясаб бераяпмиз. Уста-шогирд анъанаси асосида бир қанча ёшларга ҳунар ўргатаяпмиз. Оиламизда бўш қолган одамнинг ўзи йўқ. Шунга яраша фойда ҳам яхши бўлаяпти. Асосийси, рўзғоримиз обод, дастурхонимиз тўкин, турмушимиз эса янада яхшиланаяпти.
Мухтасар айтганда, ҳудудларда ишбилармонлар сафининг кенгаяётгани маҳаллалар ободонлиги, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишида муҳим омил бўлаётир.
ЮКСАК ЭЪТИБОРДАН КУЧ ОЛИБ
Туман истеъдодли ёшларга, иқтидор эгаларига бой. Хусусан, яқинда Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ марвариди” номли халқаро танловда фортепьяно йўналишида ўз маҳоратини намойиш этган яккабоғлик истеъдодли ёшлар - Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Моҳидил Низамова ҳамда халқаро танловлар ғолиби Аҳрор Низамов дуэт ижрочилигида 1-ўринни, яккахон ижрода 2-ўринни қўлга киритиб, 44 та давлат иштирокчилари ўртасида ғолиблик шоҳсупасидан муносиб жой олдилар.
- 2015/2016-ўқув йили давомида 13 нафар ўқувчи фан олимпиадаларининг вилоят босқичи ғолиби бўлди, - дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Узоқ Нурматов. - Шунингдек, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг вилоят босқичида 37-мактаб ўқувчиси Баҳром Исматов дзюдо кураши бўйича 1-ўринни эгаллаган бўлса, 35-мактаб ўқувчиси Оғабек Бозоров комбат айкидо йўналиши бўйича Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолиб бўлди.
“Йилнинг энг яхши мактаб директори” республика кўрик-танловида 5-ўрта мактаб директори Сайёра Муҳаммадиева номи ғолиблар сафида эътироф этилди. Феруз Абдуллаев, Дурдона Ҳақназарова, Ойбек Зокиров сингари муаллимлар эса “Энг яхши дарс ишланмаси” республика кўрик-танловида фахрли ўринлар соҳиби бўлишди.
Бу каби муваффақиятлар замирида мамлакатимизда таълим тизимини жаҳон андазалари даражасида юксалтириш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадга қаратилган эътибор ва ғамхўрлик мужассам. Шунга монанд туман ёшлари, зиёлилар бунча шароит ва имкониятлардан фойдаланмасликни уят, ношукурлик деб билади. Ва қўлдан келганича яхши ўқиб-ишлашга, юрт равнақига ҳисса қўшишга интилади.
Ростдан ҳам, яккабоғликлар ҳурлик насимларидан куч олиб, буюк келажак сари дадил бормоқда. Тилга олганларимиз туманда амалга оширилаётган хайрли юмушлар ва улуғвор ишларнинг бир шингили, холос. Жамики эришилган натижаларни санаб адоғига етиш мушкул. Муҳими шуки, туман аҳолиси кайфиятидаги кўтаринкилик, қалбидаги шижоат ва бунёдкорлик иштиёқи кундалик ҳаётда, амалий ишларда ўз ифодасини топаяпти. Кўнгли осмондай кенг ва беғубор, юраги тоза, меҳнаткаш, юксак мақсад йўлида бир тан, бир жон бўлиб интилаётган бу элнинг эртаси янада порлоқ эканига шубҳа йўқ.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.