Меню

Қашқадарё

14.07.2020 1621

ЯККАБОҒДА КОРОНАВИРУС АНИҚЛАНГАНМИ?

Коронавирус инфекциясига чалинганлар ва аҳоли орасида қайд этилиши кўрсаткичи бўйича рекорд ҳар куни янгиланиб бориши ортидан аҳоли ўртасида турли миш-мишлар кўпайиб бораётгани, “Аслида касаллар сони расмий статистикадан анча кўп, фақат айтилмаяпти”, “Фалон шаҳарда, қишлоқда вирус чиқибди” қабилидаги гап-сўзлар тарқаётгани рост. Бундай миш-мишлар Яккабоғ туманига ҳам бегона эмас.

Туман ҳокимлигининг тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ойсанам Бобоқулова ва туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори Озода Эшқобиловага таяниб берган маълумотига кўра, айни пайтда Яккабоғда касалланганлар йўқ, фақат карантинга олиниб  таҳлил учун тест топширган фуқаролар мавжуд.

Мамлакатимизда коронавирус билан касалланганлик ҳолати қайд этилган 15 март кунидан ҳозиргача туманда 315 киши уйда карантин назоратига олинган бўлиб, уларнинг 253 нафари карантиндан чиқарилган ва айни пайтда ўзларини соғлом ҳис қилишмоқда, хавотирга ўрин йўқ.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 10 июлдан карантин қоидалари кучайтирилишидан келиб чиқиб, марказий кўчалар, ташкилот, муассаса ва корхоналар бинолари, шунингдек, савдо дўконлари вирусга қарши зарарсизлантирувчи воситалар билан дезинфекцияланмоқда.

“Барча фуқаролардан ортиқча ваҳимага берилмасликларини, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишлари ва заруратсиз кўчага чиқмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, вилоят махсус комиссиясининг “qashqadaryokoronainfo” расмий каналида 8 июль куни жойлаштирилган, касалланиш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотда вирус юқтирганларнинг 9 нафари яккабоғлик экани айтилганди. Албатта, бу беморлар касалликни Яккабоғда эмас, бошқа ҳудудда юқтириб олган бўлиши мумкин.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!