Меню

Қашқадарё

04.07.2024 5816

Якка арча қишлоғида илғор педагоглар ва иқтидорли ўқувчилар учун дам олиш маскани ташкил этилади

Соҳа истиқболлари

Қамаши туманидаги Якка арча қишлоғида жойлашган "Гагарин" соғломлаштириш оромгоҳи негизида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими ходимлари, илғор педагоглар ҳамда иқтидорли ўқувчилар учун мўлжалланган дам олиш маскани очилади.

Мазкур вазирлик тизимидаги бир қатор соғломлаштириш оромгоҳларини дам олиш масканлари сифатида қайта ташкил этиш вазифаси давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 июндаги қарорида белгиланган. Унга кўра, воҳамиздаги 5,9 гектар майдонга эга дам олиш маскани Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида бўлади ва уни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, бу ҳужжатда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича яна бир қатор қўшимча чора-тадбирлар жамланган. Мисол учун, ушбу қарорга асосан Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари негизида эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказлари ташкил этилмоқда. Соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича мавжуд қувватларни кенгайтириш учун юртимиздаги 11 та педагогика коллежи, шу жумладан, вилоятимиздаги Шаҳрисабз педагогика коллежининг бино ва иншоотлари, тегишли мол-мулки билан бирга ҳудудий марказлар (Қашқадарёда - вилоят педагогик маҳорат маркази) тасарруфига ўтказилмоқда. Мазкур педагогика коллежлари фаолиятини эса уларда таълим олаётган ўқувчилар ўқишини тамомлаши муддатларига мос равишда босқичма-босқич тугатиш назарда тутилган.

Қарорда 2024-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказлари моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича асосий параметрлар ҳам келтирилган. Уларга қараганда, вилоятимиз педагогик маҳорат марказида дастлабки ҳисобий қиймати 5 миллиард сўмга тенг 150 ўринли ошхона қуриш ва 2,5 миллиард сўмлик жиҳозлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, бошқа ҳудудий марказлар қаторида вилоятимиз педагогик маҳорат маркази ҳам 2025 йил 1 январдан бошлаб замонавий мебель жиҳозлари, ахборот-коммуникация техникалари ва STEAM лабораториялари билан таъминланиб, унда ситуацион ўқув хонаси ва виртуал лаборатория ташкил этилади.

Умуман олганда, мазкур қарорда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими самарадорлигини таъминлаш, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш, Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибаларни умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ этишга қаратилган кўплаб бошқа чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!