Меню

Қашқадарё

24.10.2017 1819

ЯХШИЛИКДАН ЯРАЛГАН ҚЎШИҚ

Шароф Рашидов умрининг кўп йилларини масъул вазифаларда ишлаб ўтказган бўлса-да, у бир қанча асарларни қўлёзма ҳолида ўқишга вақт топа олгани ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз. Агар улар бадиий бақувват ва одамларни яхшилик, эзгулик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар бўлса, ҳар қандай тўсиқларни енгиб, чоп этишни тезлаштиришга ёрдам берган. Ёзувчи Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" романи ҳам бундан мустасно эмас. Роман узоқ вақт чоп этилмаган. Охирида асар қўлёзма ҳолида Шароф Рашидов билан "дам олиш"га кетади. Ўша ерда ўқилади ва қайтиб келгач, Шароф Рашидов ёзувчи Пиримқул Қодировни ҳузурига чорлайди. Асарнинг зарурлигини, мазмунан бойлигини таъкидлаб, айниқса, Бобурнинг малика Байда томонидан заҳарланиши ва шоҳнинг унга муносабатлари тасвирланган эпизодлари ўта таъсирчанлигини, Бобурнинг қуйидаги сўзларини ёд айтиб берганларини ёзувчи шундай хотирлайди: "Малика бизнинг бундан кейинги зафарларимизни кўрсин. Ёмонликка яхшилик қилиш мард кишининг қўлидан келишига амин бўлсин. Агар маликада виждон бўлса, ўғли қилмай кетган ишларни биз қилганимизни кўриб виждони азоблансин. Агар виждони бўлмаса, ичида фақат бахиллик чаёнлари бўлса, бу чаёнлар ўзини чақиб ётаверсин. Маликага бундан ўзга жазо муносиб эмас".

Бобурга хос бўлган бундай донишмандлик, ҳукм чиқаришдаги адолатлилик - Шароф  Рашидовнинг ҳам асосий  хислатларидан эди. Бундай тасвирлар, айниқса, адабий танқидчи кўнглига жиз этиб тегарди, танлаган йўлининг тўғрилигига меросий ва маънавий асос берарди. Бу мулоҳаза ва бор ҳақиқатни айтишдан мақсад - Шароф Рашидовнинг нозиктаъб адабий танқидчи бўлганини таъкидлаш, ноёб истеъдодлар даргоҳи саналмиш - адабий танқидчиликда ҳам ўз ўрнига, салоҳиятига эга бўлган амалиётчи, адолатпарвар инсоншунослигини эслатишдир.

Йиллар ва йўллар машаққати, халқ ташвишлари, ижод дарди билан яшаган халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов номи шўролар даврида кескин қораланди. Аслида адабиётдаги сиёсатдон, сиёсатдаги адиб бўлмиш бу инсон сиймосида ҳақиқий юрт фидойисини ҳамда қалами ўткир ижодкорни кўришимиз мумкин.

Ижодкорлар ҳеч ким илғай олмайдиган воқеликларни кўра олишади, деганларидек, Шароф Рашидов ҳам ўз асарларида  зулмнинг фонийлигини, ҳақиқатнинг эса абадийлигини уқтиради. Мана бугун Шароф Рашидов орзу қилган кунлар келди. Она Ватанимиз боши узра истиқлол қуёши нур сочмоқда. Зулмат қанчалик қоронғи ва қўрқинчли бўлмасин, тонг шуълалари уни ёритганидек, буюк сиёсатдон ва ижодкор  Шароф Рашидовнинг пок номи ҳам тикланди. Унинг барҳаёт сиймоси яна қайта она халқимиз кўз ўнгида намоён бўла бошлади. Биринчи Президентимиз "Халқимизнинг оташқалб фарзанди" деб номланган маърузасида Шароф Рашидов ҳақида шундай дейди: "Истиқлол кунимизга етганлар бор, етмаганлар бор. Кўпгина аждодларимиз каби Шароф Рашидов ҳам Мустақиллик кунига етиб келолмади. Биз бугун тўлиқ ишонч билан айта оламизки, Шароф  Рашидов мустақиллик пойдеворига муносиб ғишт қўя олган арбоблардан эди".

Шароф Рашидов одамийлик ўлмаслигига, ғанимга ҳам ҳурмат билан ёндашиш - ютуқ  эканлигига  ўзининг орифона ҳаёти давомида кўп бор ишонч ҳосил қилган. Бу инсоний хислатсиз адабий танқидчи бўлиш мумкин эмаслигини умри ва тақдири ила Шароф Рашидов исботлади.

Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқарган истеъдодли раҳбар сифатида юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилди, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшди.

Ҳа, бу оташқалб инсондан элимизга ката меҳр, буюк муҳаббат қолган. "Кашмир қўшиғи" асаридаги мустамлакачилик асорати, босқинчи унсурлар рамзи - Бўрон гўзал Наргизга қараб "Сен қандай курашчи бўлдингки, нажот сўраб ерда хор бўлиб ётсанг?" деганида, адиб Наргиз тилидан шундай дейди:

"Муҳаббатсиз ҳаёт - ҳаёт эмас, дўзахдир. Мен пок севгимга умримни фидо этганман. Мен ҳаёт гулиман, сен вабо элчисисан. Сен мени хўрлашинг мумкин, мени йўқ қилишинг мумкин, лекин ёдингда бўлсин, мен қайта тириламан, муҳаббатим билан барҳаётман!" 

Ҳаёт - ҳар ким тутган йўл, умрнинг акс-садоси. Ёмонликдан чиққан садо ҳар қадам сари заифлашиб боради,  бора-бора ўчиб йўқ бўлади. Яхшиликдан яралган қўшиқ ва афсоналар эса абадийлик сари йўлга чиқади. Ана шундай қўшиқларга айланган инсонлардан бири Шароф Рашидов ҳам она халқимиз қалбида абадулабад яшайверади.

Достон АБАТОВ,

Қарши давлат университети талабаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!