Меню

Қашқадарё

18.08.2022 3089

Ядро уруши беш миллиарддан кўпроқ одамнинг ёстиғини қурутиши мумкин

Россия ва АҚШ ўртасида кенг кўламли ядро уруши рўй берган ҳолатда беш миллиарддан ортиқ одам ҳалок бўлиши мумкин. Нью-Жерсидаги Ратгерс университети олимлари ҳафта аввалида эълон қилинган тадқиқот натижалари асосида шундай хулосага келишган.

"Бизнинг қарашларимиз бўйича, Россия ва АҚШ ўртасидаги ядро уруши оқибатида беш миллиарддан ортиқ одам ҳалок бўлиши мумкинлиги унинг олдини олиш учун глобал ҳамкорлик зарурлигини тасдиқлайди", дейилади Nature Food журналида чоп этилган маърузада. 

Тадқиқот материалларида таъкидланганидек, Америка ва унинг иттифоқчиларининг Россия билан уруши дунёда мавжуд ядро арсеналларининг 90 фоизидан ортиғи қўлланилишига олиб келиши мумкин. Натижада бу атмосферага 150 тераграмм (165 миллион тоннадан кўпроқ) қурум кўтарилишини келтириб чиқаради, бутун сайёра бўйича ядро қишини чақиради.

Шу билан бирга 360 миллион киши бевосита ядро арсеналлари портлашларидан ҳалок бўлиши мумкин, 5 миллиарддан ортиқ одам эса ҳалокатдан сўнг "очлик қурбони бўлади".

"Ядро уруши рўй берган тақдирда шаҳар ва ишлаб чиқариш ҳудудларига ташланган бомбалар олов бўронларини келтириб чиқаради, атмосферанинг юқори қатламига кўтарилган катта ҳажмдаги кул бутун сайёра бўйлаб тарқалади ва унинг тезда совиб кетишига олиб келади. Бу ифлосланиш ўнлаб йиллар давомида ер иқлимига ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимига таъсир қилади", дея қайд этган тадқиқот муаллифлари.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!