Меню

Қашқадарё

23.01.2018 1702

ЯҲМдаги 3,1 ФОИЗ ЎСИШ НИМАНИНГ ҲИСОБИДАН?

Таъкидланишича, ушбу ижобий натижа ҳудудимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларида ўсиш суръатлари юқори бўлгани билан боғлиқ. Жумладан, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида тегишли рақам 100,8 фоиз, қурилишда 100,4 фоиз, хизматлар соҳасида 104 фоиз, саноатда эса 104,1 фоизга тенг бўлди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, ялпи ҳудудий маҳсулот 1,1 фоизга кўпайган ва 5 миллион 568 минг сўмни ташкил қилган.

Муҳим жиҳати, 2017 йил учун ялпи ҳудудий маҳсулот салмоғи бўйича вилоятимиз етакчи ҳудудлар сирасига кирган. Тегишли рўйхатда Тошкент шаҳри (38 триллион 642,9 миллиард сўм), Тошкент (23 триллион 525,3 миллиард сўм) ва Самарқанд (18 триллион 319,5 миллиард сўм) вилоятларидан сўнг тўртинчи ўринни банд этганмиз. Бу борада энг паст кўрсаткич Жиззах (5 триллион 762,2 миллиард сўм) ва Сирдарё (5 триллион 66,4 миллиард сўм) вилоятларига тегишли.

Тақдим этилган ахборотда 2017 йилда республика ялпи ички маҳсулотини шакллантиришда ҳудудларнинг иштирокига ҳам баҳо берилган. Бунда асосий улуш Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келган - кўрсаткич 15,5 фоиз. Етакчилар орасида вилоятимизнинг борлигини алоҳида кўрсатиш лозим. Мамлакатимиз ЯИМнинг қарийб 7 фоизини воҳамиз берган. Биздан олдинда мос равишда Тошкент ва Самарқанд вилоятлари жой олган.

Ўтган йил якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Сурхондарё вилоятида (40,3 фоиз) кузатилмоқда. Навоий вилоятида эса бошқа тармоқларга нисбатан саноат соҳаси маҳсулдорлиги юқори бўлган. Тегишли рақам 53,9 фоизни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳри эса хизматлар соҳаси жадал ривож топаётгани билан мақтана олади - кўрсаткич 60,4 фоизга тенг.

Вилоятимиз ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибини таҳлил этадиган бўлсак, саноатнинг ҳиссаси (35,2 фоиз) салмоқли бўлгани ойдинлашади. Балки буни сўнгги вақтда ҳудудда ушбу йўналишда амалга оширилган лойиҳалар кўпайгани билан изоҳлаш мумкин. Кейинги ўрин 34,6 фоиз кўрсаткич билан хизматлар соҳасига насиб этган. Қизиғи, эндиликда вилоятимизда қишлоқ хўжалигини мутлақ етакчи тармоқ дея олмаймиз. Чунки бултур ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 22,6 фоизинигина шу соҳа етказиб берган. Қолгани, яъни 7,6 фоизи қурилиш соҳасининг улушидир.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ялпи ҳудудий маҳсулот миллий ҳисоблар тизимининг асосий кўрсаткичи бўлиб, муайян вақт давомида минтақанинг иқтисодий ҳудудида жойлашган резидент - институционал бирликлар ишлаб чиқариш фаолиятининг якуний натижасини белгилайди. ЯҲМ ишлаб чиқариш усулида, иқтисодий фаолият турлари бўйича, ялпи қўшилган қиймат ҳажми ва маҳсулотларга соф солиқлар йиғиндиси сифатида баҳоланади.

 

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!