Меню
Қашқадарё
ЯҚИН ЎТМИШИМИЗДА ДИНДОРНИНГ УЙИДАН НАРКОТИК МОДДА, НАРКОМАННИНГ УЙИДАН ТАҚИҚЛАНГАН ДИНИЙ КИТОБ НЕГА КЎП "ТОПИЛДИ"?
Парламентнинг қонунлар ижросини назорат қилиш фаолияти ва ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилади. Мазкур тартиб давлат бошқарувида ҳокимиятнинг бўлиниши, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг бир-бирини тийиб туришига оид тараққий этган давлатлар қўллаб келаётган олтин қоидадир. Бу мақсадни рўёбга чиқариш уч ҳокимият ўртасидаги муносабатларни тенг тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш ва уларга оғишмай риоя қилинишини таъминлаш ҳамда салоҳиятли депутатлар корпуси шакллантирилишига боғлиқ. Давлат ва жамиятни бевосита қонунлар орқали бошқаришга ўтиш, қонуности ҳужжатларини камроқ қабул қилиш қонунларнинг бевосита ишлашига замин яратади ва улар ижросини таъминлашда турли чалкашликлар содир этилишининг олдини олади.
Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига оид тартиб бекор қилинади. Ушбу тартиб маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаоллигини, маҳаллий давлат ва бошқарув органлари раҳбарларининг халқ олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширади. Вакиллик органлари ожизлиги ва расмиятчилигига барҳам берилади. Бу борада Конституция ҳамда тегишли қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишда Кенгаш ва ҳокимиятнинг вазифа, ваколатларини жуда аниқ белгилаб олиш керак. Ана шунда "икки ҳокимиятчилик", "сендан мен каттаман" қабилидаги салбий ҳолатлар келиб чиқмайди.
Судьялар корпусини шакллантириш тизими тўлиқ Судьялар олий кенгаши зиммасига ўтказилиб, туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлашда жамоатчилик фикрини инобатга олиш зарур, деб топилди. Бу тартиб билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш билан бирга, судьяларнинг халқ олдидаги жавобгарлик ҳиссини оширишга эътибор қаратилган. Қонунларимизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан маҳаллий давлат ва бошқарув органлари раҳбарлари, шу жумладан, судьяликка номзодни рад этиш тартиби ҳамда уларнинг ҳисоботи ва фаолияти қониқарсиз деб топилишининг ҳуқуқий оқибатлари аниқ ифодасини топиши лозим. Бу жараён расмиятчиликка айланиб қолмаслиги керак.
2019 йил 1 январдан бошлаб, ишлайдиган барча пенсионерларга иш ҳақи билан бирга пенсиялари ҳам тўлиқ миқдорда тўланади. Бу ҳақда Президент фармони қабул қилиниб, тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада, биринчидан, айрим соҳаларда (асосан ўқитувчилар, шифокорлар) кадрлар етишмаслигига қисман барҳам берилди. Иккинчидан, ўз соҳасидаги малакали ва тажрибали, соғлом ва шижоатли пенсионерларга самарали меҳнат қилиш учун имконият яратилди.
Айримларда, энди жисмонан чарчаган ёхуд замон талабидан орқада қолган кексалар давлат идораларидаги вазифасидан кетмаса керак, олий маълумотли ёш кадрлар учун кўплаб иш ўринлари бўшамайди-ку, бюджет ташкилотларидан бошқа ташкилотлар (хусусий, қўшма корхоналар ва ҳоказо)да шу тартибни жорий қилсак бўлмасмиди, каби кўплаб саволлар ҳам пайдо бўлди. Шу ўринда, амалдаги Меҳнат кодекси 100-моддаси 7-бандига асосан ходимнинг пенсия ёшига етганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкинлигини таъкидлаш жоиз. Демак, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, пенсияга чиққан ходимнинг ишни давом эттириши ёки ишдан бўшатилиши масаласини иш берувчи ҳал қилади. Ўйлаймизки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини қабул қилиш жараёнида ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилади.
2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш 20 фоизга етказилиб, келгусида янада оширилади. Бу кўрсаткич 2016 йилга қадар 9-10 фоиз даражасида бўлган. Натижада, аввало, мамлакатимизда кўплаб олий ўқув юртлари ва уларнинг филиаллари очилади, иш ўринлари кўпаяди. Иккинчидан, кўплаб ёшларнинг олий таълим олиш борасидаги орзуси рўёбга чиқади.
Шу ўринда олий маълумотли, дипломли ишсизлар кўпайиб кетмаслиги учун Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги кадрларни меҳнат бозоридаги талабни ўрганган ҳолда тайёрлаш кераклиги ҳақидаги топшириқларига риоя қилиш шартлигини таъкидлаш ўринли. Расмий маълумотларга қараганда, Россия давлатида 2013-2018 йиллар мобайнида давлатга қарашли олий ўқув юртлари 1564 тадан 891 тага, давлатга қарашли бўлмаганлари 1041 тадан 217 тага камайтирилган экан. Тугатилган бу олий ўқув юртлари собиқ иттифоқ парчаланиб кетгач, ташкил қилинган. Назаримизда, бошқаларнинг хатосини биз такрорламаслигимиз керак.
Жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш учун 2019 йилда Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларининг янги лойиҳалари қабул қилинади. Мақсад - инсон манфаатларини олий қадрият даражасига кўтариш. Зеро, ҳар қандай давлатда инсон қадр-қимматига путур етиши жамият ривожига тўсиқ бўлади.
Ҳаётда ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортиш, асоссиз озодликдан маҳрум қилиш ҳолатлари учраб туради. Яқин ўтмишимизда диндорнинг уйидан наркотик модда, наркоманнинг уйидан тақиқланган диний китоб "топилган"лиги ҳолатлари кўп бўлди. Жиноятга оид қонунчилигимизга ўзгартиришлар киритишда айбни бўйнига олиш ва унинг ҳуқуқий оқибатлари масаласига жиддий эътибор қаратиш керак. Айтишларича, 1935-1939-йилларда собиқ СССР Бош прокурори бўлган Андрей Януарьевич Вышинский "Айбига иқрор бўлиш далилларнинг маликасидир", деган экан. Бу фикрга риоя қилиниб минглаб бегуноҳ инсонлар отиб ташланган. Халқимизнинг Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби кўплаб асл фарзандлари ҳам шу тариқа "айбига иқрор" бўлишган.
Суд ва тергов органларининг хатолари вақт ўтиб маълум бўлди. Ўтган даврда кўплаб инсонларга етказилган жисмоний, моддий ва маънавий зарар миқдорини, қонунсизлигу адолатсизлик халқлар тақдирига нечоғлик таъсир этганини таърифлаш қийин. Яқин ўтмишимизда суд идоралари йиллар мобайнида оқлов ҳукми деярли чиқармаганидан кўпчилигимиз воқифмиз. Бу терговчиларимизнинг тажрибали ва тергов ишларининг сифатлилигидан далолатми? Президентимиз танқидидан кейин оқлов ҳукмлари чиқа бошлади. Расмий маълумотларга қараганда, 2018 йилда 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилган. Судлар томонидан 590 нафар айбланувчига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2016 йилда 28 тани, 2017 йилда 263 тани ташкил қилган, холос. Умид қиламизки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси янги таҳририни қабул қилишда инсоннинг конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратилади.
Халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ишларини янги босқичга кўтариш зарур. Ҳақиқатан жиноятчиларга эмас, жиноятни келтириб чиқарувчи ҳолат ва шарт-шароитларга қарши курашиш самаралироқ бўлади. Бу борада яхши ишлаган профилактика инспекторлари ва маҳалла фаолларини рағбатлантиришни кучайтириш ижобий натижа беради. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳокимларга топшириқлар берилди. Ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига амалий ёрдам бериш ижобий натижа келтиради.
Шу билан бирга, қонунчилигимизда жиноятни турли йўллар (жиноят ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказмаслик, жиноят ҳақидаги мурожаатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юбормаслик, суд-тиббий экспертиза хулосасини енгиллаштириш, жиноят содир қилган шахсни маъмурий жавобгар қилиш, қонунсиз равишда жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилиш ва ҳоказо) билан яширган масъул ходимларнинг жавобгарлигини кучайтириш керак. Содир этилган жиноят рўйхатдан ўтказилиши, жиноят фош этилиши ва жиноятчи жавобгар бўлиши шарт. Акс ҳолда "жиноятчилик камайди" деб ўзимизни ўзимиз алдаймиз. Пора бериш билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ фош этилиши албатта ушбу жиноят камайишига хизмат қилади. Назаримизда, пора беришга даъват қилувчи, яъни далолатчининг жавобгарлик масаласини кучайтириш лозим. Ҳеч ким ғаразгўй ва фирибгарлар таъсирида асоссиз "жиноятчи"га айланиб қолмаслиги керак.
Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини мукаммал ўрганиш, ўтмишга баҳо бериш турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур. Адашмасам, қадимги Хитойда замонасида содир бўлаётган тарихий воқеаларни ёзишга тайинланган олиму донишларнинг ёзганларини император ва унинг яқинлари эллик йил давомида ўқиши, тузатиш киритиши мумкин бўлмаган экан. Бу билан буюк фотиҳлар ўтмишни ҳаққоний ёзиб қолдиришга, ўтмишга "тош отиш"нинг олдини олишга ҳаракат қилишган бўлса керак.
Назаримизда, Ватанимиз тарихини ёзишда араблар истилосига қадар бўлган давр, Шайбонийхон ва бошқа сулолалар, Бухоро амирлиги ҳамда Хива ва Қўқон хонликлари, собиқ СССР даврида Ўзбекистон раҳбари бўлган тарихий шахслар фаолиятига ҳам эътибор қаратиш керак. Сулолалар ҳамда тарихий шахсларни ўзимизники ва "бегона"га ажратмаслигимиз керак.
Халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шарт. Халқ давлатсиз яшай олмаганидек, халқсиз давлат ҳам бўлмайди. Халқлар адолатли давлат қуришга, давлат эса фуқароларини тинч, бахтли ва саодатли яшашини таъминлашга интилади. Бу жараёнда раҳбарлар ва барча даражадаги давлат хизматчилари муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли раҳбарлар зиммасига катта вазифа қўйилиб, уларга яхши ишлаши учун барча шароитлар яратилиб, талаб ҳам шунга яраша бўлмоқда.
Раҳбарлар фуқароларни доимий равишда қабул қилиши, эшитиши, давлат идоралари ва Халқ қабулхоналари ҳамда жойлардаги сайёр қабулларни ўтказиши шартлиги белгилаб қўйилди. Мақсад - ҳар бир фуқаронинг муаммосини эшитиш, масаласини ўз вақтида қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиб, уни давлат, жамият ва ҳаётдан рози қилиш.
Юқорида зикр қилинганлардан кўриниб турибдики, ҳуқуқий-демократик давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамияти қуриш йўлида дастлабки аниқ ва янги қадамлар ташланди. Муҳими, бу қадамлар собитқадам ва узлуксиз ҳамда ортга қайтмайдиган бўлиши керак. Аминмизки, бу мақсад фақат барчамизнинг биргаликдаги ҳаракатимиз натижасида амалга ошади. Президентимиз таъбири билан айтганда, ислоҳот - бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало, раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари