Меню

Қашқадарё

19.06.2018 1637

ЯҚИН ЙЎЛАМА, АКСИНЧА ҲАЁТИНГНИ ВАЙРОН ЭТАДИ

Одамларда гиёҳванд моддалар истеъмолига қарамлик уни татиб кўришдан бошланади. Кейин, истеъмол қилганда наркотик моддалар томонидан чақириладиган субъектив ёқимли кечинмаларни такрорий равишда ҳис қилишга бўлган интилиш пайдо бўлади. Яъни ҳар бир гиёҳванд ўз хоҳиш-иродаси билан ёки ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда кайфиятини кўтариш, эмоционал ҳолатини яхшилаш учун ҳаддан ташқари кучли эҳтиёж сезади.

Гиёҳвандлар наркотик моддаларга   дастлаб руҳий, сўнгра жисмонан боғланиб қоладилар. Руҳий боғланиш деганда инсоннинг гиёҳванд моддалар таъсирида  дастлаб ҳис этган ёқимли сезги ва кечинмаларини яна қайтадан ҳис қилиши тушунилади.

Гиёҳванд моддани сурункали истеъмол қилиш натижасида организмда жисмоний мойилликнинг кучайиши ва шаклланиши вужудга келиб, инсон ўзини   бошқара олмайди. Эндиликда гиёҳванд моддалар қабул қилинишига ўзининг яхши кайфиятда бўлиш эмас, балки шу моддаларсиз организмнинг нормал фаолият кўрсатмаслиги асосий сабаб ҳисобланади.

Ушбу заҳри қотил истеъмоли аёлларда кузатилаётганлиги ачинарли ҳолдир.

Агарда қуйидаги ҳолатларни оила аъзоларингизда кузатсангиз, демак у инсон гиёҳвандлик кўчасига кирган бўлади:

- кутилмаганда кайфиятнинг тушиши;

- ноодатий ўзгаришлар, кутилмаганда жаҳл чиқиши ёки ҳаддан ташқари кўп гапириш;

- хулқнинг яширин ўзгариши, ёлғон гапириш, борган жойларини сир тутиши, болаларда дарсга бормаслик, фанларни ўзлаштиришнинг пасайиши, озиб кетиш, ҳар хил доғ ва ҳидларнинг тана ҳамда кийимларда пайдо бўлиши, кўзлар тез-тез қизариши, кўз қорачиғининг қисқариши ёки кенгайиши, тушунарсиз гапириш;

- уйдан пул ёки қимматбаҳо нарсаларнинг йўқолиши, ота-онасидан керагидан ортиқча пул талаб қилиши. Сизга таниш бўлмаган ва олдин учрамаган ўсимликлар, кукун, игна ва шприцларнинг пайдо бўлиши.

Гиёҳвандлик – иллат. Унга қарши курашдан барчамиз бирдай манфаатдор. Бинобарин, бу билан ногирон фарзандлар   дунёга келиши, гиёҳвандлар қилмишларининг содир этилиши ортидан келиб чиқувчи аҳоли соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф туғдирадиган жиноятчилик, халқ келажаги  таназзулининг олдини олган бўламиз.

 

Хайрулло ТУРСУНОВ, вилоят наркология диспансери врач наркологи   

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!