Меню

Қашқадарё

17.01.2020 2157

ЯҚИН 4 ЙИЛ ИЧИДА ҚАШҚАДАРЁГА 1,5 МИНГТАГА ЯҚИН ПАХТА ТЕРИШ МАШИНАСИ ЕТКАЗИБ БЕРИЛАДИ

Қарор ва шарҳ

Мамлакат ҳукумати томонидан маъқулланган прогнозларга кўра, жорий йилда Қашқадарёга "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотларда ишлаб чиқарилган 200 та пахта териш машинаси етказиб берилади. Вилоятимизнинг бу турдаги комбайнларга бўлган умумий эҳтиёжи (1481 та) эса 2023 йилнинг охиригача тўлиқ қопланади.

Шу йил 14 январь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Қашқадарё Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари билан биргаликда пахта ҳосилини йиғиштириб олишни механизациялашни жорий этиш биринчи босқичда, яъни 2020-2022 йилларда жадаллаштириладиган ҳудудлар қаторидан жой олди. Республиканинг бошқа ҳудудларида мазкур жараённи иккинчи босқичда (2023-2026 йилларда) амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Қарор билан маъқулланган 2020-2026 йилларда "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан пахта териш машиналари ишлаб чиқариш ва республика ҳудудларига етказиб бериш прогнозига асосан вилоятимизга 2020 йил май-сентябрь ойлари давомида ҳар ойда 40 тадан комбайн етказилса, кейинги уч йил ичида  Қашқадарёда жойлашган фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари яна 1281 та (2021 йилда - 350 та, 2022 йилда - 475 та, 2023 йилда - 456 та) пахта териш машинасини харид қилишади.

- Республика ҳудудларига, шу жумладан, Қашқадарёга етказиб бериладиган пахта териш машиналарининг русуми "СЕ-220" бўлиб, улар "Тошкент қишлоқ хўжалиги техникалари заводи" акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилмоқда, - дейди "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти матбуот котиби Саидолим Ҳайдаров. - Ўтган йилги пахта мавсумида ушбу икки қаторли терим машиналарининг афзалликларини Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги фермер хўжаликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари мутахассислари яққол сезиб улгуришган. Ушбу техника "TD 5.110" русумдаги тракторга осонгина агрегатлангани учун ҳам машиналардан нафақат йиғим-терим мавсумида, балки йил бўйи фойдаланиш мумкин.

Умуман олганда, яқин етти йил ичида республика ҳудудлари жами 10270 та пахта териш машинаси билан таъминланса, шундан энг кўпи (1481 та ёки 14,4 фоизи) Қашқадарё ҳиссасига тўғри келади. Етказиб бериладиган пахта териш комбайнлари умумий сони бўйича кейинги ўринларни Жиззах (1155 та ёки 11,2 фоиз),  Бухоро (1100 та ёки 10,7 фоиз) ва Тошкент (930 та ёки 9,1 фоиз) вилоятлари эгаллайди.

Ҳукумат қарорида, шунингдек, пахта хом ашёсини машина ёрдамида йиғиштириб олиш учун дала майдонларини тайёрлаш ва зарур агротехника тадбирларини амалга ошириш, пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш ва ўз вақтида молиялаштиришни ташкил этиш, комбайнлардан самарали фойдаланишни ва уларга сервис хизматлари кўрсатишни таъминлаш, машинада терилган пахта хом ашёсини ташиш, сақлаш ва қайта ишланишни таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, мазкур ҳужжат билан Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш амалиёти 2020 йилда сақлаб қолинган.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!