Меню

Қашқадарё

31.05.2024 8194

WOSCU томонидан вилоятимиздаги мактаб кутубхоналарига илмий-қимматбаҳо китоб-альбомлар топширилди

Қарши шаҳридаги ёшлар марказида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: асрлар қаъридан таралаётган нур” медиа-тадбири бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан 20 жилдлик  “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбоми тайёрланиб, чоп этилган эди. Мазкур китоб-альбомларнинг 200 минг нусхаси (10 минг тўплами) мактаб кутубхоналарига тарқатилиши кўзда тутилган. Айни пайтда китоб-альбомлар ҳудудлардаги мактаб кутубхоналарига етказиб берилмоқда. Жумладан, вилоятимиздаги барча мактаб кутубхоналарига ҳам ушбу китоб-альбомлар етиб келди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимиз тарихий обидаларидаги битиклар мазмуни ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларида жамланган ушбу китоб-альбом ҳар бир таълим муассасасининг ўқувчилари учун бебаҳо манбага айланади.

Таъкидлаш жоиз, 20 жилдлик китоб-альбомларнинг бир жилди тўлиқ вилоятимиздаги тарихий обидаларда акс этган битикларга бағишланган бўлиб, унинг асосий муаллифлари таниқли олимлар Бобур Аминов ҳамда Файзхўжа Маҳмудовдир. Тадбирда улар воҳамиздаги тарихий обидалар, улардаги битикларнинг мазмуни, тарихий аҳамияти, қолаверса, уларни ўқиш, таржима қилиш бўйича олиб борилган машаққатли илмий-изланишлар ҳақида сўзлаб беришди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!