Меню

Қашқадарё

19.08.2022 3603

Воҳамиз хотин-қизлари USAID дастури доирасида электрон тижорат сир-асрорларини ўрганишади

Қашқадарёлик хотин-қизлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан амалга оширилаётган дастур доирасида электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар маркетинги (SMM) ва реклама бўйича машғулотларда қатнашиб, унинг якунида ишга жойлашиш ва ўз стартап бизнесини бошлаш имкониятига эга бўладилар.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, USAID Ўзбекистондаги ижтимоий заиф ва ногиронлиги бўлган аёлларни мамлакатнинг рақамли иқтисодиётига жалб қилишга қаратилган ташаббусни рўёбга чиқара бошлади. Унда иккита синов ҳудуди – Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан 250 нафарга яқин хотин-қизнинг иштирок этиши назарда тутилган. Жумладан, 200 нафар ижтимоий заиф хотин-қиз ва Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар Миллий ассоциациясидан 40 нафар аёл электрон тижорат ва рақамли касблар академияси томонидан ишлаб чиқилган 45 кунлик масофавий таълим курсларида таҳсил олиб, ишбилармон ва зарур кўникмага эга бўлган ишчи сифатида электрон тижорат соҳасида фаолият юрита олади. Иштирокчилар кейинчалик ўз онлайн-дўконларини ишга тушириб, маҳсулотларни глобал ва маҳаллий платформалар орқали сотиш имкониятини қўлга киритадилар.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси кўмагида “Шарқ аёли” халқаро хотин-қизлар жамоат фонди билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Маълумотларга қараганда, мазкур дастур USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. 2022 йилнинг май ойида USAID Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 2,4 миллион доллар ажратилганини эълон қилган эди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!