Меню
Қашқадарё
Вирус юқтирганман, деб даволанаётганди, касали бошқа экан
Қарши шаҳридаги спорт коллежида ташкил этилган карантин марказида оғир аҳволда ётган беморнинг ўғли Telegram ижтимоий тармоғи орқали видеомурожаат йўллаб, отасига етарли даражада дори-дармонлар берилмагани, зарур дориларни ўзлари келтиришгани ва беморнинг марказдан чиқиб кетишга мажбурланганини билдирган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ушбу мурожаатга билдирилган муносабатда айтилишича, бемор А.А. 1936 йил туғилган бўлиб, шу йилнинг 14 октябрь куни Қарши олимпия захиралари спорт коллежидаги СOVID-19 саралаш ва даволаш марказига келган. Бемор анамнезида қайд этилишича, бир неча кундан буён уйида амбулатор шароитда даволанган. Ҳолати яхшиланмагани сабабли марказга мурожаат қилган ва текширувлардан сўнг ётқизилган.
Бемор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартда кўрсатилган лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилган ва стандартда кўрсатилган даво муолажаларини олмоқда.
Таъкидланишича, беморга ҳеч қандай дори-дармон олиб келиш айтилмаган. Унда қоннинг умумий, биохимик таҳлили, қонда қанд миқдори, қон ивиш вақти, коагулограмма, S-реактив оқсил, D демир, прокальцитонин, ферритин лаборатор текширувлари, ЭКГ ва кўкрак қафаси рентгеноскопияси инструментал текширувлари ўтказилган. 16 октябрда СOVID-19 анализи олинганда беморда манфий натижа аниқланган.
Бемор ҳолати бўйича видеомулоқот конференциялари асосида мутахассислар билан даво муолажалари маслаҳатлашиб турилган. Коронавирусга топширган анализи манфий чиққанлиги сабабли беморга Республика фтизиатрия ва пульмонология ихтисослаштирилган илмий маркази Қашқадарё филиалига ўтиб даволанишни давом эттириши тавсия қилинган. Лекин бемор ва унинг қариндошлари томонидан бу тавсияга рад жавоби берилган.
Марказ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 16 октябрдаги кўрсатма хати асосида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун вақтинча ёпилган, беморларни қабул қилиш тўхтатилган. Бироқ ҳозирги кунда 6 нафар бемор даволанишни давом эттираётган экан.