Меню
Қашқадарё
ВИРТУАЛ МАКОНДА ҲОКИМГА ЖОЙ ЙЎҚМИ?
Бугун бу ҳақиқатни англаган мансабдор борки, интернет, ижтимоий тармоқ имкониятларини қўлдан бой бергиси йўқ. Улар орасида сенаторлар, депутатлар, вилоят ҳокимлари каби нуфузлилар билан бирга, йирик компаниялар раҳбарларию турли бўғиндаги бошлиқларни кўриш мумкин. Чунки реал воқелик кўп ҳолларда ижтимоий тармоқларда акс этаяпти. Дейлик, раҳбар қўл остидаги ходим муаммони яшириши, хаспўшлаши, "Бағдодда ҳаммаёқ тинч" қабилида иш тутиши мумкин, аммо интернетни, одамлар билдираётган фикрлар оқимини чеклаб бўлмайди.
Афсуски, негадир вилоятимиздаги шаҳар ва туман ҳокимларининг ана шу қулай имкониятдан ҳеч фойдалангилари йўқ. Миллионлаб кишилар аудиториясини ўзида жамлаган Телеграм, Фейсбук ёки бошқа тармоқларда уларни кўрмайсиз. Фақат ўтган йили сиёсий партиялар вакиллари ижтимоий тармоқда номига ярим-бир соатлик мулоқот ўтказган, шундан бери улар ҳам тинчиб кетганди.
Ваҳоланки 2018 йилнинг 7 августида Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда иштирокини фаоллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган, унда ахборот маконида фаоллашиш қай тарзда бўлиши ва бу нима учун зарурлиги кўп бандлар билан асослаб берилганди.
Қарорда кўрсатилгани каби мақсад - Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга оид вазифаларни амалда рўёбга чиқариш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда иштирокини янада такомиллаштириш, ахборот хизматларининг жамоатчилик фикрини, ушбу органлар томонидан қабул қилинаётган қарорларга аҳолининг муносабатини тизимли ўрганиш бўйича ролини кучайтириш, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга давлат органларининг ўз вақтида ва доимий равишда муносабат билдиришини самарали ташкил этиш эди.
Шу асосда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Х.Джураев, Д.Аллаев ва О.Шагазатовга мазкур қарор ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича 3 кун муддатда вилоят ҳокими қарори лойиҳасини тақдим этиш сўралганди. Ушбу лойиҳа тақдири қай тариқа кечганидан хабаримиз йўқ, аммо у амалда ҳеч қандай ўзгариш ясамаганини биламиз.
Эслаб кўринг, ўтган вақт ичида вилоятдаги бирор ҳокимлик ё идора томонидан вилоят ҳаётидаги энг муҳим воқеа-ҳодисаларга муносабат билдирилдими? Ё туман ҳокимликларидан бир мард чиқиб, фалон ахборот манбасида тарқатилган хабар асоссиз экани ҳақида раддия бердими? Бир муддат илгари Қамаши туманидаги мактабларга сифатсиз брикет берилгани ҳақида мақола чиққани учун педагоглар туман прокуратурасига чақирилиб, улардан тушунтириш хати олингани ёзилди. Шу хабар асослимиди, ё йўқ, ҳеч ким лом-мим демади. Гўёки ҳеч бир муаммо йўқ, ҳаммаёқ гулу бўстон.
Муносабат билдириш тугул, ақалли ўз сайтларини кўнгилдагидай юритишса ҳам бир нави эди. Дейлик, Қарши шаҳри ва Муборак тумани ҳокимликларининг сайти қачондан бери "Service Temporarily Unavailable"дан бошқасини кўрсатмайди. Чироқчи, Яккабоғ, Қарши, Касби, Деҳқонобод (ушбу ҳокимлик сайти бир муддат анча яхши ишлаганди) туманлари ҳокимликларининг расмий веб-сайтини кўздан кечирмоқчи бўлсангиз, "Не удается получить доступ к сайту" деган "ахборот"га эга бўласиз, холос.
Китоб тумани ҳокимлиги сайти - kitobt.uz га ҳам кириб бўлмайди.
Миришкор тумани ҳокимлигининг mirishkort.uz сайти эса 2018 йил 7 августдаги "иссиқ" хабар билан "музлаб" қолган. Рукнларда эса қачондан бери фақат "маълумотлар юкланаяпти".
Ваҳоланки "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун 13-моддасига мувофиқ, ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак.
Косон тумани ҳокимлигининг kosont.uz сайтидаги сўнгги "янгилик" - "YaUPM bosh direktori: UzCard yaqin soatlar ichida to'liq ishlaydi" номли хабар. Аслида бу хабар ўтган йилнинг 15 сентябрида пластик карточкалар билан боғлиқ интернет сайтларида чиққан маълумотлардан кўчириб олинган, холос. Чамаси ушбу сайт бошқа манбалар ҳисобига юритилади. Бўлмаса, "НАТО жанговар кемалари Сурияга яқин борди" ёки "Трамп ҳазил қилди" деган ахборотларнинг Косон туманига қандай боғлиқлиги бор? Боз устига сайтда гарчи "Дунё", "Маҳаллий" рукнлари бўлса-да, ҳаммасида бир маълумот: НАТО кемалари, АҚШ президентининг ҳазили... "Ишонч телефонлари", "Онлайн қабулхона", "Тадбиркорлар мурожаати", "Қабул кунлари" деган бўлимлар эса шунчаки номига турибди.
Нишон тумани ҳокимлиги сайтида ҳам UzCardнинг яқин соатларда ишлаб кетиши, Трампнинг ҳазили... Ўтган йил сентябрдан бери миллион янгилик бўлдию, туманларимиз учун уларнинг ҳеч бири қизиқ, муҳим эмас. Бунинг устига Нишон тумани ҳокимлигининг сайтида "Косон" номи турибди. Тусмолимизча, ҳокимликларнинг сайти Вилоят компьютерлаштириш маркази" ДУК томонидан юритилади ва Нишон тумани сайтида "Косон" номи қолиб кетгани уларнинг "каромати".
Қамаши тумани ҳокимлиги сайти янгиланиб борилса-да, у ҳам бошқа сайтлардан олинган маълумотлар эвазига юритилади. Туманнинг ўзида бўлаётган ўзгаришлар салмоғини бу ердан тополмайсиз.
Ғузор тумани ҳокимлиги сайти гарчи туман ҳаётига оид янгиликларни ўзида жамлаётганига қарамай, ойда бир-икки янгиланадиган бу маълумотлар ўқувчини қаноатлантирмайди.
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги сайти, тан олиш керак, нисбатан яхшироқ. Хусусан, унда ҳоким сайёр қабули, учрашувлар, қамоқ жазосини ўтаётган фуқароларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олингани, тумандаги тадбирлар кунма-кун ёритиб борилмоқдаки, бундан ҳудуд раҳбарининг обрўси ошса ошаяптики, камаяётгани йўқ.
Кўринаяптики, 8 та туман, шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтига мутлақо кириб бўлмайди. Ишлаб турган 5 тасида эса маълумотлар янгиланаётгани йўқ. Фақат бир ҳокимлик сайтигина талабга жавоб беради, холос. Маҳаллий ҳокимликлар сонини 15 та деб олсак, виртуал маконда уларнинг фақат биттаси кўринаяпти, холос.
Хўш, қолганлар нега суст? Бунинг турли сабаблари бўлиши мумкин. Аввало, айрим раҳбарлар эски ақидаларида қотиб қолган, шу сабаб виртуал макон, интернет, ижтимоий тармоқлар билан "чиқиша" олмайди.
Иккинчи тоифадагилар доимги одатига кўра асосан қишлоқ хўжалигида "план" бажарилса бўлди, қабилида иш тутиб, бошқа ҳужжатлар ижросига эътиборсиз қарайди.
Яна бир тоифа ҳокимлар эса қилаётган ишини "реклама" қилгиси келадию, буни қай тариқа амалга оширишни билмайди.
Айрим ҳокимларнинг эса тарғиб қилиш учун айтарли иши йўқ. Ё бир маълумот чиқса, изидан бошқа камчиликнинг "қулоғи" кўриниб туради. Шунинг учун ўтказган тадбири ижтимоий тармоқда кўпчилик муҳокамасига қўйиладиган бўлса, шарманда бўлиб қолишдан қўрқади.
Ҳокимнинг иши тўғри бўлса, фаолиятини халқ фикрига таяниб ташкил этишни хоҳласа, виртуал маконда фаоллашади. Афсуски, аксар ҳокимларимиз ҳали-бери бу борада ўнгланадиган эмас. Ё уларнинг иши тўғри эмас, ё халқ фикридан жуда чўчишади...
Н.ХЎЖАЕВ