Меню

Қашқадарё

20.02.2018 2793

ВИЛОЯТИМИЗДА «КЕЛАЖАГИМИЗ УМИДЛАРИ» БОЛАЛАР ФУТБОЛ ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

– Болажонларни миллионлар ўйини – футболга қизиқтириш ва ушбу спорт турига меҳр уйғотиш мақсадида ташкил этилган ушбу фестиваль тўрт кун давом этди, - дейди вилоят футбол федерацияси вице-президенти Норқул Даминов. – Унда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари  ва барча туманлардан 1-синфдан 4-синфгача бўлган 400 нафар жажжи ўқувчилар иштирок этди. Ҳар бир синф учун алоҳида бир кун ажратилди, яъни фестивалнинг биринчи куни 100 нафар 1-синф ўқувчилари қатнашган бўлса, кейинги кунларда ўтган мусобақаларда  иккинчи, учинчи ва тўртинчи синф ўқувчилари иштирок этишди.

Фестиваль жажжи болакайларнинг ўзига хос беғубор ва астойдил ҳаракатлари билан янада мароқли ўтди. Натижа муҳим ўрин тутмайдиган бундай учрашувлар бўлғуси футбол юлдузларининг ўзларига ҳам завқу шавқ улашди.

– Мусобақадан жуда катта таассурот олдим, – дейди Қарши шаҳридаги 40-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Аслиддин Абраев. – Бугун астойдил ўйнаб, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Шунингдек, мураббийлар бизларга маҳорат дарслари ҳам ўтишди. Турли усулларни ўргатишди. Ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, келгусида маҳоратли футболчи бўлмоқчиман.

Тадбир якунида иштирокчилар ташкилотчиларнинг сертификат ва махсус совғалари билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, юртимизда ўрта мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари ўртасидаги ушбу фестиваль жорий йилнинг 18 январида старт олган эди. Шу вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Навоий вилоятларида ўтказилган фестиваль юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Суратда: фестивал иштирокчилари.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!