Меню
Қашқадарё
ВИЛОЯТИМИЗДА 4 ЙИЛДА 3 АВТОСТАНЦИЯ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНАДИ, ЯНА ШУНЧАСИ ЭСА ЯНГИДАН ҚУРИЛАДИ
Маълум бўлишича, тегишли дастур доирасида ушбу даврда вилоятимиздаги мавжуд 3 автосанцияни реконструкция қилиш ва яна шунчасини янгидан қуриш кўзда тутилган. Жумладан, жорий йилда Яккабоғ ва Қамаши туманларидаги автостанцияларда реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. 2018 йилда бажариладиган ишлар натижасида эса Ғузор туманидаги эски автостанция буткул замонавий қиёфа касб этса, Касби туманида қурилажак янги автошоҳбекат ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифати янада ошишига шароит ҳозирлайди. 2019 ва 2020 йилларда мос равишда Чироқчи ва Муборак туманларида барча қулайликларга эга бўладиган янги автостанциялар барпо этилади. Мазкур объектларни ўз муддатида фойдаланишга топшириш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 1 миллиард 350 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Айтиш жоизки, бу каби бунёдкорлик ишлари келгусида йўловчилар ташиш хавфсизлигини ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятининг зарур даражасини, йўловчи ташиш йўналишларида транспорт воситалари ҳаракати маромини, белгиланган жадваллар ва интервалларни, шунингдек, ташувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилгани билан муҳимдир.
М.ШУҲРАТОВ