Меню
Қашқадарё
Вилоятимиз вакиллари - XVII ёзги Паралимпия ўйинларида
Париж-2024
Кеча Франция пойтахти Париж шаҳрида старт олган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси сафида 8 нафар Қашқадарё вакили иштирок этмоқда.
Вилоятимиз пара атлетлари спортнинг 6 та тури бўйича медаллар учун кураш олиб боришади. Хусусан, Асила Мирзаёрова пара енгил атлетика (узунликка сакраш, югуриш), Жавоҳир Алиқулов пара таэквондо (70 кг вазн тоифасида), Ғолиббек Мирзояров пара велоспорт (4 та лицензия), Довурхон Кароматов (-90 кг) ва Шоҳрух Мамедов (-73 кг) пара дзюдо, Дурдона Тўраева (-55 кг) пара пауэрлифтинг, Шоҳсанам Тошпўлатова (5 та лицензия) ва Дмитрий Хорлин (4 та лицензия) пара сузиш мусобақаларида юртимиз шаънини ҳимоя қилишади.
Вакилларимиздан Шоҳсанам Тошпўлатова Бразилияда 2016 йилда ўтказилган Паралимпия ўйинларида иккита, Японияда 2021 йилда яна битта, жами учта бронза медалини қўлга киритган бўлса, Дмитрий Хорлин Рио-де-Жанейрода бир марта шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган. Асила Мирзаёрова ва Довурхон Кароматов эса ўтган Паралимпиадада кумуш медалларига сазовор бўлишган.
Юртимизнинг барча пара спортчиларига Паралимпия ўйинларида омад тилаб қоламиз!