Меню

Қашқадарё

08.06.2017 2365

ВИЛОЯТДА МАЛАКАЛИ КЎЗ ДЎХТИРЛАРИ ЙЎҚМИ?

Тиқилинч аро турарканман, кўрикка келганлар муассасанинг кўча тарафидан очилган туйнук-дарчаси орқали пул тўлаб, рўйхатдан ўтишаётганини билдим. Нархи 30 минг сўм экан. Кимдир пластик карточка, бошқаси нақд пулда тўловни амалга ошираяпти. Бу борада муаммо йўқ.

Мен ҳам рўйхатдан ўтиб, шу ердаги скамейкалардан бирига ўтирдим-да,  навбатимни кута бошладим. Бир пайт дарча олдида ғала-ғовур бошланди. Бир гуруҳ қариялар тўпланишиб, рўйхатга олувчи опага ҳадеб ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилаяпти. Кейин маълум бўлишича, булар кўрикка иккинчи марта келган экан. Тўловдан сал норози бўлиб туришибди.

- Қизим, ўтган сафар келганимда, дўхтир бу ҳафта яна келасиз, кўриб қўяман, деганди. Нима, унинг қабулига яна пул тўлаб кираманми, - дейди ёши етмишлар атрофидаги отахон. – Бепул кирсам бўлмайдими, ё бироз арзонроқ қилинг.

- Тушунинг, ахир биз ҳам уларни катта пул эвазига чақирганмиз. Дам олиш куни бўлишига қарамасдан Бухородай жойдан келишган, - деди рўйхатга олувчи ходима отахонга мулойим жилмайиб. – Ўзимизнинг дўхтирлар бўлганда-ку,  бошқа гап эди, бир амаллардик...

Отахон уринишлари иш бермаганидан афсуслангандек, бошини сарак-сарак қилганча айтилган пулни тўлади-да, ёнимга келиб ўтирди. Ўзиям роса гурунгчи эканми, дарди ҳақида сўзлай кетди.

- Мана олти ойдирки, кўзимни даволатаман, деб бормаган жойим қолмади, 

- дейди у. – Областдаги “глазной”ларнинг барчасига кириб чиқдим. Э, буни қаранг, ҳаммаси ҳар хил диагноз қўяди-ей.  Ахир кўз дегани нозик бўлса. Ким нима деса, шундай даволатиб кетаверсак, уни абгор қилиб қўймаймизми?!

- Бу ерга-чи? Буларни ҳам танимайсиз-ку, - саволга тутаман уни.

- Зўр дейишга асосимиз бор-да,  - дейди суҳбатдошим. – Ёшим етмишдан ошди, шу вақтгача кўзим ҳеч панд бермаганди. Энди-энди сал “қилиқ” чиқараяпти – баъзида қичишиб қолади, худди қум тиқилгандек оғриқ беради. Булар операция қилишгандан бери оғриқ йўқ. Бу дўхтирлар чиндан ҳам яхши экан, дардингни аритгандан кейин тўғрисини тан олиш ҳам керак-да.

Отахоннинг сўзларини тингларканман, ҳақли бир савол туғилди: нима ўзимизда ростдан ҳам малакали кўз дўхтирлари йўқми? Ёки уларнинг сифатли тиббий кўрик ўтказиши, даволаши учун етарлича шароит яратилмаганми?

Ҳолбуки, вилоятда соҳанинг манаман деган профессорлари, ўз ишининг усталари бор. Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш учун салоҳият ҳам мавжуд. Унда нима учун уларнинг ўрни сезилмаяпти?

Биласиз, Бухорода бир неча йилдан буён Россиянинг Фёдоров номидаги кўз касалликлари шифохонаси филиали  фаолият кўрсатиб келмоқда. Дўхтирлари малакали. Натижаларни ён-атрофимиздаги одамлар дардига шифо топгани мисолида кўраяпмиз.

Аввало, улар вилоят оша шаҳримизга келишаяптими, демак, нимасидир бор. Кўрикларни айнан якшанба кунига белгилашибдими, демак, бошқа кунлари ўзларида ҳам иш кўп. Хусусий тиббиёт муассасаси уларнинг қобилияти, иқтидорига ишонгандирки, вилоятимизга таклиф қилибди. Энг  муҳими – одамларнинг шифо топаётганида.

Шулар ҳақида ўй суриб турарканман, туш вақти бўлиб қолгани ва рўйхатга олинганлар юздан ошиб кетганини билмай қолибман. Уларнинг кўпларида кўзига бир хил қилиб кесиб ёпиштирилган бинт. Сўраб билсам, яқиндагина Бухорога бориб операция қилдириб келишибди.

- Бизнинг ёшимизда 200-300 километрлаб йўл босиш осон эмас, – дейди   Миришкор тумани Помуқ қишлоғилик  Анвар бобо Холмуродов. – Агар ўзимизда шундай шароит бўлса, бизга зарил кептими Бухорога бориб. Жонимиздан ўтгандан сўнггина мажбур бўлдик. Бориш-келиш, шифохонада ётиш, операция харажатлари – ҳаммаси 2 миллион сўмдан ошади. Қиммат бўлса-да, борувчилар кўп. Ўзимизда бўлганида анча қулай, харажат ҳам тежалган бўларди-да.

Бироқ, вилоятимиздаги соҳа мутасаддилари негадир бундан хулоса чиқаришга шошилмаяпти. Қачонгача ўзимизда малакали, замонавий билимларга эга кўз дўхтирлари бўлсайди, деб юрамиз? Аҳоли саломатлиги – устувор мақсад экан, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш, ўзимизда ҳам шундай дўхтирлар, шундай шароит бўлиши учун жиддийроқ ҳаракат қилиш, дурустроқ ўйлаб кўриш вақти келмадими?

Бу саволни уларга берсангиз ижобий жавоб тайёр. Бироқ амалда… Олма пиш, оғзимга туш, деб ўтирадиган даврлар аллақачонлар ўтиб кетганини вилоят соғлиқни сақлаш тизими  мутасаддилари қачон англаб етади? Ўзимизда салоҳият ва барча имкониятлар мавжуд бир шароитда “дўхтир чақириш” вилоятимиз шифокорлари учун уят эмасми?

Мусо МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!