Меню

Қашқадарё

22.10.2021 2035

ВИЛОЯТДА ЛЎЛИ МИЛЛАТИГА МАНСУБ БАРЧА АҲОЛИ РЎЙХАТГА ОЛИНАДИ

Маълумки, вилоятимизнинг кўплаб ҳудудларида лўли миллатига мансуб аҳоли вакиллари ҳам истиқомат қилиб келади. Уларнинг аксарият қисми тегишли фуқаролик ҳужжатларига эга эмаслиги, яшаш жойида рўйхатдан ўтмагани, никоҳлари расмий қайд этилмагани каби муаммолар кўплиги ҳам сир эмас.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Шоимованинг маълум қилишича, адлия вазирининг тегишли кўрсатма хатига асосан айни вақтда бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан ҳудуддаги лўли миллатига мансуб барча аҳоли вакилларини рўйхатга олиш ва уларнинг ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш бўйича ташаббус ҳаётга татбиқ этилмоқда.

- Мисол учун, куни кеча Китоб тумани Давлат хизматлари маркази ҳамда ФҲДЁ бўлими ҳамкорлигида туманнинг Боғбон ва Гулистон маҳаллаларида яшовчи лўли миллатига мансуб аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказилиб, бу борада тушунтириш ишлари олиб борилди, - дейди Шоҳида Шоимова. - Натижада 8 нафар болага туғилганлик гувоҳномаси олинмагани, яна 5 та оила аъзолари эса расмий никоҳдан ўтмагани маълум бўлди. Масъул ташкилотлар томонидан ушбу фуқароларга тегишли ҳужжатлар қисқа вақт ичида тўғрилаб берилиши белгилаб олинди. Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!